Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 июлдаги № 447-Ғ фармойишида айтилади.

Ҳукумат фармойишига мувофиқ:

2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 38-халқаро информатика олимпиадасига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг таркиби;

2026 йилда 38-халқаро информатика олимпиадасини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш, IT соҳасида нуфузли халқаро мусобақа ва танловларга ёшларни тайёрлаб бориш ҳамда муносиб иштирокини таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Ташкилий қўмитанинг вазифаси қуйидагилардан иборат бўлади:

Олимпиадани мамлакатимизда ташкил этиш ва унга тайёргарлик кўришнинг бош режасини тузиш, зарур мутахассис кадрларни тайёрлаш ва экспертларни жалб этиш ҳамда Олимпиада дастури ва логотипини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш ишларини мувофиқлаштириш;

Олимпиадани юқори савияда ташкил этиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш;

Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур мутахассис кадрларни тайёрлаш ҳамда экспертларни жалб этиш;

Олимпиадани ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича барча масалаларни ва юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш.

Фармойишга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ахборот технологиялари соҳасида нуфузли халқаро олимпиада, мусобақа ҳамда танловларга иқтидорли ёшларни жалб қилиш, тарғиб қилиш ва улар орасида оммалаштириш ишларини ташкил этиб боради.