Олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигига кўмаклашиш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида Самарқанд шаҳрида  “TalabaExpo – 2025” касб кўргазмасининг очилиш маросими бўлди. Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев очди.

      Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов мамлакатимизда ёшларга, хусусан, олий таълим муассасалари битирувчиларига яратилаётган имкониятлар, уларнинг бандлиги ва келажакдаги барқарор ва самарали фаолиятини таъминлаш учун амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

 Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Абдували Холиқов, “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов бу борадаги муҳим вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирдилар.

       “TalabaExpo – 2025” касб кўргазмаси  доирасида битирувчи ёшлар учун мавжуд бўш иш ўринлари, тадбиркорлик имкониятлари, шунингдек, “Келажакка қадам”, “Хотин-қизлар тадбиркорлиги” каби дастурлар асосида таклиф этилаётган имтиёзли кредитлар бўйича кўргазма ва тақдимотлар ўтказилмоқда. Мазкур кўргазма битирувчиларга ўз салоҳияти, иқтидори ва қизиқишларига мос касб танлаш, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжлар билан яқиндан танишиш ҳамда иш берувчилар билан яқин алоқа ўрнатиш имконини беради.