Қозоғистоннинг Остона шаҳрида пара-дзюдо бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Самарқанд давлат университети география ва экология факультети магистранти Улжон Амриева олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон пара-дзюдо тарихида янги саҳифа очди. Улжон пара-дзюдо бўйича     Жаҳон чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик аёл спортчи бўлди...
    Бугун Самарқанд давлат университетида Улжон Амриева билан учрашув ўтказилди.
    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Улжон Амриевани тарихий ғалабаси билан самимий табриклади. 
    Унинг матонати, жасорати ва  фидокорлигини юксак баҳолади. Бу ғалаба матонат, куч, ирода ва қатъият тимсоли сифатида тарихда қолишини эътироф этди. Эсдалик совғалар топширди. 
    Самарқанд давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Субхон Аббосов Улжоннинг бу ғалабаси ёшлар учун катта илҳом манбаи бўлишини, унинг иродаси, сабр-тоқати ва интилиши ҳар бир талаба учун ибрат бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
    СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаши раиси, ректор маслаҳатчиси Шарофат Тўхлиева эса аёллар спортидаги бундай ютуқлар Ўзбекистон жамиятида гендер тенгликни мустаҳкамлашда, хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам эканлигини билдирди. 
    География ва экология факултети декани Алиқул Равшанов, магистратура маркази бошлиғи Нигора Низомовалар Улжоннинг илм ва спортни уйғунлаштирган фаолиятини эътироф этди. Унинг университетда алоҳида ўрни борлигини, курсдошларига намуна бўлаётганини эътироф этдилар.
    Улжон Амриева устозларига, мураббийларига, оила аъзоларига ва университет жамоасига қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди. 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.