ОИЛА ЖАМИЯТ МЕҲВАРИ

Каттақўрғон шаҳрида “Оила – маънавият ва инсонпарварлик маскани” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маълумки, 15 май Халқаро оила кунидир. Шунингдек, республикамизда 2025 йил 10 майдан 10 июнгача “Фаровон оила сари” ойлиги ўтказилмоқда. Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятлар ривожланишини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб тарбиялайдиган жамиятнинг негизи ҳисобланади. Шахс оилада шаклланади, ўзлигини англайди, юксак инсоний фазилатларга эга бўлади. Иқтисодий аҳвол барқарор, ахлоқий-ғоявий муҳити соғлом оилада ҳар жиҳатдан баркамол инсон камол топади. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ва республика ҳукумати бу масалаларга алоҳида эътибор бериб, оилалар, ёшлар хусусида муттасил ғамхўрлик қилмоқда.
Илмий-амалий конференцияла ана шу масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шаҳарда оилалар билан ишлаш борасидаги тадбирлар, натижалар ва вазифалар ҳақида гапирди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова нутқ сўзлади. Самарқанд давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Субхон Аббосов ўз сўзида ёшларни ҳаётга тайёрлаш, оиладаги бурч ва масъулият, оиладаги маънавий ва маърифий муҳитни юксалтиришнинг аҳамиятига алоҳида урғу берди. Шундан сўнг Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маърупова, Оила ва гендер тенглик илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева ҳамда бошқалар оила мустаҳкамлигини таъминлаш асослари, оилавий қадриятларни асраш масалаларига тўхталдилар. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан конференция резолюцияси қабул қилинди.
Анжуман сўнгида “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳиблари, ёш келин-куёвлар иштирокида “Оилалар сайли”, шунингдек, “Оила – болалар нигоҳида” расмлар кўргазмаси ўтказилди. Конференциядан кейин унинг иштирокчилари шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишдилар ҳамда Каттақўрғон сув омборида ташкил этилган “Маданият ва экотуризм” кластерининг очилиш маросимида қатнашдилар.