Академик Саид Шермуҳамедов хотираси ёд олинди...

Самарқанд давлат университетида академик Саид Шермуҳамедов фалсафий меросига бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Жамила Шермуҳамедова, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори маслаҳатчиси Бахтиёр Тўраев ва бошқалар маърузалари билан иштирок этди.
Анжуманда академик Саид Шермуҳамедовнинг ҳаёти, илмий изланишлари, фалсафий қарашлари, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришдаги роли, педагогик фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Унинг илм-фанга садоқат билан хизмат қилгани, шогирдлар тарбиясида юксак талаблари ва уларга берган сабоқлари алоҳида эътироф этилди. Олимнинг ўзбек фалсафий тафаккурини бойитишдаги ҳиссаси, унинг асарларида акс этган инсон, жамият ва тараққиёт ҳақидаги чуқур мулоҳазалар бугунги кундаги долзарб масалалар билан ҳамоҳанг экани таъкидланди.
Самарқанд давлат университетида семинар доирасида яна бир муҳим воқеа – академик Саид Шермуҳамедов номи билан аталувчи махсус ўқув хонасининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Шунингдек, Саид Шермуҳамедов ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган янги китобнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.