Самарқанд давлат университетида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

    Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди:

    - Хотин-қизлар байрами ҳаммамиз учун қадрли ва азиздир. Чунки аёлларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Сизлар бор, умримизнинг ҳар бир куни гўзал, фарахбахш. Сиз борки, жамиятнинг ҳар бир бўғинида нафосат бор, меҳр бор, муҳаббат бор, эзгулик бор. Инсон зоти ўзини дунёга келтирган, улғайтирган, жонидан жон, қонидан қон берган Оналар олдида бош эгиб, таъзим қилиши керак. Айниқса, ўзбек онаси деган шарафли номга сазовор бўлган азиз опа-сингилларимизни, муҳтарама аёлларимизни бир қўли билан бешик, бир қўли билан дунёни тебратиш маҳоратларига, жасоратларига тан бермасликни иложи йўқ. Бугун бу ерга Самарқанд заминининг энг зиёли, энг оқила, олима аёллари ташриф буюрган. Самарқанд давлат университетининг шонли тарихини, бугунги кунларини ёруғ келажагини Сиз олима аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди… Азиз аёлларимиз сизларни қанча қадрласак, эъзозласак, ҳурмат кўрсатсак, шунча кам. Мен Сизлар орқали бутун Ўзбекистон аёлларини чин қалбимдан табриклайман. Сизларга бахт ва омад, меҳр-муҳаббат тилайман. Юзингиздан табассум аримасин. Сиз борки, бу ҳаёт бор. Байрамингиз муборак бўлсин!

    Тадбир давомида университетда самарали фаолият кўрсатиб, эришган натижалари билан бошқаларга ўрнак бўлаётган 218 нафар аёл профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходим СамДУ ректорининг ташаккурномаси ва касаба уюшмасининг совғалари билан тақдирланди. 335 нафар аёл ходимга пул мукофоти ажратилди.

    Шунингдек, СамДУ педагогика таълими факультети жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларига ҳақиқий байрам кайфияти улашди.

         Самарқанд давлат университети

         Ахборот хизмати,

         Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.