Ҳурматли Бакриддин Зарипович!

    Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан тарқатилган хушхабар менинг эътиборимни тортди. 

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи кунларида Сизнинг америкалик таниқли олим Нью-Йоркдаги «Vet-Vittels» компанияси раҳбари, биология фанлари доктори, Ҳарвард университети профессори, академик Эфроим Гурман билан ҳаммуаллифликда  ёзган китобингиз   АҚШ нинг «Xlibris» нашриёти томонидан инглиз тилида чоп этилди.

    ЎзА хабарида алоҳида таъкидланганидек: “Интеграл овқатланиш бўйича қўлланма” тўғри овқатланиш, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ғоялар энциклопедиясидир. Содда тил, халқона услубда ёзилган китоб ҳар бир кишига тўғри овқатланиш орқали ҳаётдаги ўз мақсадларига эришиш учун энг яқин маслаҳатчи бўла олади. Муаллифлар маълумотларни мураккаб илмий терминлардан имкон қадар қочиб, ўқувчиларнинг барча қатлами учун тушунарли бўлган усулда тақдим этишган. Шу боис янги асарнинг электрон ва босма нусхаларига бўлган талаб ҳозирданоқ ошиб кетди. Айни пайтда китоб АҚШ ва инглиз тилли давлатларда сотилаётган бўлса, бир қанча нашриётлар уни испан, португал, хитой тилларига таржима қилиш бўйича таклифларини беришмоқда... 

    Тўғриси, ушбу хабар Менга ва бутун  СамДУ олимларига фахр-ифтихор бағишлайди.

    Сизнинг бу китобингиз ҳақида мутахассислар албатта ўз фикрини билдиришига ишонаман. Мен масаланинг маънавий-маърифий томони ҳақида мулоҳазаларимни айтмоқчиман.

    Ўзбекистонда Сиз каби фидойи, жонкуяр, ҳалол, ватанпарвар олимлар кўп бўлишини истайман.

    Бир-бирига холис яхшилик қиладиганлар, елка тутадиганлар сафи янада кенгайишини орзу қиламан.

    Мустақил Ватанимизни, Янги Ўзбекистонимизнинг асосчиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ислоҳотларини Сиз каби бутун дунёга тарғиб этаётганлар янада ортишини хоҳлайман.

    Сизни биз, Самарқанд давлат университетини, бу даргоҳда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар, докторант ва талабаларнинг яқин дўсти ҳамкори, маслаҳатчиси сифатида қадрлаймиз, эъзозлаймиз.

    Сиз Самарқанд давлат университети довруғи дунё бўйлаб таралашига, илмий салоҳияти янада ортишига, ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшиб келмоқдасиз.

    Янгидан ташкил этилган СамДУ Биокимё институти шаклланишида, тараққиётида, халқаро алоқалари янада ривожланишида Сиз каби устозларнинг беғараз ёрдамига ишонамиз, таянамиз.

    Сиз мамлакатимиз  олий ўқув юртлари, олимлари  ўртасидаги кўприксиз.

    Дўстлар, ҳамкасблар, шогирдлар ютуқларидан қувонадиган, доим кўмак беришга тайёр турадиган, кўнгли очиқ Сиздай қадрдонимизни янги асар билан чин қалбимдан табриклайман.

    Аллоҳ умрингизга, ризқингизга, илмингизга барака берсин...

 

Рустам Холмуродов,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.