Самарқанд давлат университетига Ҳиндистоннинг маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши бош директори Кумар Туҳин бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Мартабали меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашув ўтказди.

    Ҳиндистоннинг маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши бош директори Кумар Туҳин ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат Самарқанд давлат университети талабалари билан учрашди.

    – Шароф Рашидов номидаги Самарқанд Давлат университети жаҳоннинг бир қатор ривожланган давлатлари нуфузли олий таълим даргоҳлари, жумладан, Ҳиндистон Республикасининг ўндан ортиқ олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик алоқалари олиб бормоқда, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов, - Бундай таълим ва илм муассасалари сирасига: Деҳли университети, Aлигарх муслим, Чандигарх унверситетлари, Галготиас университети, Aллаҳобод ахборот технологиялар институти, Дон Баско бошқарув мактаби ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда элчихона қошидаги маданият марказлари киради. Самарқанд Давлат университетининг Ҳиндистон Республикаси олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари келгусида янада кенг ривожланиб, ҳар иккала мамлакатнинг илм-фани, халқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши ҳамда техника тараққиётига катта хизмат қилади.

    – Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўҳна дўстлик ришталари узоқ йиллик тарихга эга, - дейди Ҳиндистоннинг маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши бош директори Кумар Туҳин. - Қадимдан Буюк Ипак йўли орқали боғланган мазкур дўстлик бугун ҳам бардавом ва мустаҳкам.  Мамлакатларимиз орасидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган ушбу кўҳна алоқалар бардавом бўлишига ишонаман. Ўйлайманки, илм-фан ва таълимдаги ҳамкорлигимиз улкан муваффақиятлар эшигини очади ва икки мамлакат таълим тизимининг келгуси тараққиёти учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

    Учрашув давомида Ҳиндистон олий таълим муассасалри ва илмий марказлари  билан мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш, кенгайтириш, ўзбекистонлик талабаларнинг Ҳиндистоннинг нуфузли университетларида таҳсил олишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, грантлар сонини ошириш бўйича бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

    Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Ҳиндистоннинг маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши бош директори Кумар Туҳин ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхатга эсдалик совғалари топширди.

    Ирода БЕКМУРОДОВА,

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати ходими.
    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.