Самарқанд давлат университетига Индонезиянинг Муҳаммадия университети “Фан ха техника” ассоциациясининг делегацияси ташриф буюрди. Меҳмонлар билан СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов учрашув ўтказди.

    Ташрифдан асосий мақсад, томонлар ўртасида халқаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг академик алмашинувни йўлга қўйиш бўйича музокара олиб боришдир. Шунингдек, ҳамкорликда халқаро грантларга эга бўлиш, илмий мақола ва PhD ларни тайёрлаш назарда тутилган.

    Делегация вакиллари СамДУ даги математика, физика, кимё, ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг тадқиқотларига катта қизиқиш билдириб, бир қатор келишувларга эришди.

    СамДУ интектуал тизимлар ва компьютер технологиялар факультети декани, доцент Абдусаттор Бобоёров Суракарта шаҳридаги Муҳаммадия университети Муҳандислик факультети декани Роис Фатони, Магеланг шаҳридаги Муҳаммадия университети Муҳандислик факультети декани        Юн Арифатул Фатимах, Жакарта шаҳридаги Муҳаммадия университети Муҳандислик факультети декани Ирфан Пурнаванлар билан  ҳамкорликда ўқув дастурлар, тадқиқот материаллари тайёрлаш, семинар ва халқаро конференциялар ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

    СамДУ Муҳандислик физикаси институти директори Акмал Ёрмуҳаммедов Ёгярта шаҳридаги Муҳаммадия университети Муҳандислик факультети декани Арис Видо Нугрохо билан ўқув материаллари, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви бўйича режалар тузиб олди.

    СамДУ кимё факультети декани, доцент Санжар Тиллаев делегация вакиллари билан ҳамкорликда халқаро лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича истиқболли режаларни келишиб олди.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.