Мен эллик йилдан кўпроқ вақт давомида таълим соҳасида фаолият кўрсатиб келяпман. Таълимнинг муаммоларини чуқур биламан. Уларни бартараф этиш ҳақида кўп ўйлайман.

    Маърифат тарқатувчи масканлар бу – мактабгача таълим муассасаси, мактаб, институт ва университетлардир. Минг афсуски бугун мактаблар етишмаслиги орқасидан фарзандларимиз 2-сменада ўқишга мажбур бўлмоқда. Бу биринчи навбатда таълим сифатининг пасайишига, болаларга ва уларнинг ота-оналарига кўплаб ноқулайликлар туғилишига олиб келмоқда.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилда олий таълим соҳасида бошланган ислоҳотлар натижасида нафақат қабул квотаси оширилди. Балки таълимнинг кечки ва сиртқи йўналишлари ҳам очилди.

    Ўтган қисқа вақт давомида Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон шаҳар ва Ургут филиалларии ҳамда Муҳандислик физикаси, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтилари фаолият бошлади. Талабалар сони салкам 30 мингга яқинлашди.

    Лекин моддий техник базамизнинг аҳволи яқин-яқингача  2016 йилдаги олти минг талаба ўқиган даврдагидек эди. Ўтган вақт оралиғида учта талабалар турар жойи, ўнга яқин ўқув бинолари қурилган бўлса-да етарли эмас.

    Сифатли таълим замирида, аввало, сифатли моддий-техник база, ўқув комплекслар ётади. Таълимнинг биринчи талаби ўқув хонаси ва ўқитувчи бўлиши шарт.

    Бугун биз айнан ўқув бинолари бунёд этишимиз  зарур. Тўғри бу борада шаҳарсозлик қоида ва талабларига сўзсиз риоя қилиш талаб этилади. Бунёдкорлик ишлари кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди, бошқа бировга  халақит беради. Нима бўлишига қарамасдан таълим даргоҳлари қуриш борасида халқимиз ҳамжиҳат, якдил бўлиши лозим деб ҳисоблайман.

    Қачон Ватанимиз ривожланган, тараққий этган?

    Тарих ҳақиқатлари шуни кўрсатадики, илм-фан юксалиши давлатнинг иқтисодий қудратини ҳам оширган. Шаҳарлар бунёд этилган, сув иншоотлари қурилган, мўл-кўлчилик бўлган. Халқнинг турмуш даражаси яхшиланган. Энг чиройли, энг кўркам, энг салобатли бинолар таълим даргоҳлари мадрасалар бўлган.

    Бугун қайсидир маънода биз мазкур тамойиллардан узоқлашдик.

    Тарихни тафтиш қилинг. Қачон миллат таназзулга учради? Илм-маърифатга эътибор пасайиб, олиму фозиллар оёқ ости қилинган даврларда Халқимиз қулликка маҳкум этилди.  Билимсизлик натижасида нафақат тараққиётдан орқада қолдик балки, миллий давлатчилигимизни ва эркимизни ҳам қўлдан бой бердик.

    Ижтимоий тармоқларда Самарқанд давлат университетида қурилиши режалаштирилаётган ўқув биноларига қаршилик билдирилаётганини кўриб, кузатиб тўғриси ажабландим.

    Биринчидан ҳозир СамДУ учун ўқув бинолари барпо этилиши мўлжалланаётган жойлар ҳам аслида университетнинг тарихий ҳудуди эканлигини унутмаслик керак. Ўша пайтда бу ерлар четдан келган домлаларга уй-жой қуриш учун берилган.

    Иккинчидан қадим-қадимдан ҳам мадраса, масжид қуришга қаршилик қилинмаган. Бундай мақсадлар учун одамлар ўз ерлари, ҳатто ҳовлиларини ҳам тақдим этишган. Бу ўринда ҳам мақсад яхши. Халқнинг болалари ўқиши учун бино қурилади.

    Учинчидан  Самарқанд давлат университети айнан бугунги Университет хиёбонида  ташкил топган ва шу кунгача фаолият кўрсатиб келмоқда. Университет хиёбонининг нуфузини ҳам файзини ҳам айнан СамДУ борлигида деб биламан.

    Тўртинчидан нима учун машҳур Улуғбек мадрасаси шаҳарнинг қоқ марказидан ўрин олган? Айнан Улуғбек мадрасаси борлиги учун ҳам ўша жойдан Тиллакори ва Шердор мажмуалари ҳам ўрин олган. Демак ота боболаримиз шаҳар марказида тўйхона, ошхона ёки маъмурий идоралар эмас, балки мадрасалар қурган. Шаҳар маркази ўз навбатида илм-фан маркази ҳам ҳисобланган.

    Бешинчидан увол ва савобни ҳам унутмаслигимиз керак. Таълим учун қўйилган ҳар бир ғишт бир неча ўн асрлар давомида халқимизга хизмат қилади. Зиё тарқатади. Энг савобли амаллардан биридир. Бу ўринда шубҳа гумонларга турли бўҳтонларга зўр бериш яхши эмас деб ўйлайман.

    Олтинчидан Ҳукуматимиз, Самарқанд вилояти ҳокимлиги мулклари бузиладиган ҳамшаҳарларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратишига, ғамхўрлик қилишига ишонаман. Уларни ҳам рози қилиш керак албатта.

    Мен самарқандликларни яна бир марта ҳамжиҳатликка чақираман. Келинг ҳис-ҳаяжонга, ортиқча хатти-ҳаракатларга берилмайлик. Қурилиш қилиш кўзда тутилаётган ерда эртага бизнинг болаларимиз ўқийди, ишлайди. Бу даргоҳлар халқимиз учун манфаатли бўлишига ишонаман.

 

Муслиҳиддин Муҳиддинов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, профессор.