Жаннат фариштаси эмасми аёл?!

Инсон борки, ҳаётда доим ўзидан яхши ном қолдиришини истайди. Ишини яхши кўради. Бошқаларни ўзини ардоқлагандек, қадрлайди. Бу одамгарчиликдан, иймонли бўлишдан далолатдир. Шундай инсонлардан бири, Самарқанд давлат университети хўжалик бўлими ходими Гулнора Ражабова.
Бугун 55 ёшни қарши олган Гулнора Ражабова, эртадан бошлаб нафақада. Шу муносабат билан Самарқанд давлат университети филология факультети профессор-ўқитувчи ва талабалари Гулнора опани нафақага чиққанлиги учун самимий табриклади.
- Етти йилдан буён Самарқанд давлат университетида меҳнат қиляпман. Бу даргоҳ мен учун қадрли, иккинчи уйимдек бўлиб қолган, -дейди Гулнора Ражабова. - Факультет ўқитувчиларини ака-укам, опа-синглимдек кўраман, йигит-қизларни болаларим деб биламан. Бугунги қувончли кунни мен умуман кутмаган эдим, менга эътибор қаратгани учун университет раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Барчага ташаккур. Доим соғ-омон бўлишсин.
Гулнора опа, биз билан бир оиладек бўлиб қолган. Университетимизнинг фаришта аёли, ҳаммага бир хил муомала қилади, - дейди СамДУ филология факультети декани ўринбосари Шерзод Раҳимов. – Овозини кўтариб, ёки бировни сенсираб гапирганини эслолмайман. Ҳалол меҳнат қилиб, ишига меҳрини қўйган самимий инсон. Бир жамоада ишлаганимиздан фахрланаман. Гулнора Ражабовани бундан кейинги ишларига муваффақият тилайман…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.