Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари - бу каби омиллар таъсирида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи дунёдаги энг долзарб муаммоларидан бирига айланди. Негаки, жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиши кузатилмоқда. Халқаро экспертларнинг прогноз қилишларича, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши мумкин.
    Маълумотларга қараганда, бу йилги деҳқончилик мавсумида Европа мамлакатларида кузатилган қурғоқчилик ва Украина инқирози туфайли тахминан 3 миллион тонна дон йўқотилган. Хусусан, қурғоқчилик оқибатида ғалла ҳосили Венгрияда 11 фоиз, Руминияда 20 фоиз, Болгарияда 11 фоиз камайган. Франция, Полша, Молдава ва ҳатто Италияда ҳам ғалла ҳосилининг катта қисми бой берилгани айтилмоқда.
    Қишлоқ хўжалигида кузатилган яна бир муаммо - азотли ўғитлар тақчиллиги ва уларнинг нархи ошиб кетганлиги ҳам озиқ-овқат маҳсулоти таъминоти ва баҳосига таъсир кўрсатиши кутиляпти. Бу ерда гап Европа ва Осиё мамлакатларида такрорий экин бўлган шоли етиштиришда дуч келинган муаммо ҳақида кетмоқда. Чунки гуруч маҳсулотлари етказиб берувчи асосий давлатларда шолизорларни минерал ўғитлар билан озиқлантиришнинг имкони бўлмагани туфайли ҳосилдорлик пасайиб кетган.
    Буларнинг бари жиддий чора-тадбирлар кўриш, муҳим истеъмол товарлари захирасини яратиш, энг асосийси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига инновасиялар ва илғор технологияларни, шунингдек, илм-фан ютуқларини қўллаш орқали сифат жиҳатидан ривожлантиришни тақозо этмоқда.

      Муртазо РАҲМАТОВ,
 
     Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи, Cенатор.