Қадимий юрт – Ўзбекистон ҳудуди тамаддунлар бешиги бўлган Буюк ипак йўлининг юзага келишида асосий ўрин тутган. Ер юзининг сайқали, дея таърифланадиган Самарқанд эса ана шу йўлнинг олтин камари, маданий-маърифий маркази бўлиб келган. Табиийки, бу трансконтинентал магистраль туфайли ўлкада нафақат ўзбекларнинг аждодлари, балки Хитойдан тортиб Европагача бўлган давлатлар халқларининг маданий-маърифий, фалсафий-илмий мероси ўз изларини қолдирган.

    МАЗКУР МОНОГРАФИЯ МУАЛЛИФЛАРИ – ТАНИҚЛИ ОЛИМЛАР

    – Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Рустам Холмуродов ва СамДУ профессори Эркин Мусулмонов фикрларига асослансак, муайян халқлар ўртасидаги цинкретик муносабатлар, фалсафий-маданий мерос таъсирида майдонга келган уйсозлик ва бинокорлик соҳасида ҳам акс этган. Тадқиқотнинг умумий ғоясига кўра, қаерда илму-маданият ривожланган бўлса, ўша ерда меъморчилик ҳам тараққий қилган, тамаддунлар куртак отган.

    Китобда бу масала кўҳна Хитой маданияти ва мифологияси мисолида ёритилган бўлиб, мавзуга бу тарзда ёндашиш архитектура соҳасидаги тарихий бинокорлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ойдинлик киритади. Зеро, ҳар қандай ўтмиш меъморий обидасининг заминида албатта уни яратган элнинг дунёқараши акс этган: Хитой бинокорлигидаги қайрилган томлар ва аждарҳо қиёфаларида ёки Самарқанд мадрасаларидаги кўк гумбазлар, Баҳодир Ялангтўш мадрасасидаги йўлбарслар ва кийиклар тасвирларида ҳам албатта маълум бир рамзийликлар бор.

    Миллий архитектурадаги бундай ўзига хосликларни ўрганиш маънавий қадрият ва тушунчаларнинг бинолар кўринишида моддийлашиш жараёни эволюцияси кўрсатиб беради.

    Билишимча, нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам маълум халқларнинг маданияти, мифологияси ва архитектураси монографик тадқиқот кўринишида ўрганилмаган. Шу нуқтаи назардан ушбу китобнинг Буюк ипак йўлидаги халқлар маданий меросини ўрганишда нодир манба сифатида эътироф этиш жоиз, деб ўйлайман.

    Муқаддас тупроғимизда юз берган Биринчи ва Иккинчи Ренессансларда шубҳасиз, Буюк ипак йўли ва ундан ўтган турли маданиятларнинг кучли таъсири бўлган. Мазкур китобнинг моҳиятида шу ғоя ҳам акс этган. Чунки, маданий ва илмий тамаддун шунчаки, йўқ жойда пайдо бўлган эмас. Келтирганимиздек, ижтимоий юксалиш халқ яратган бой маънавий мерос, маданият, санъат ва беқиёс шаҳарсозлик бўй кўрсатган улусларда майдонга келган.

    Буюк ипак йўли кимсасиз саҳродан, шаҳар инфраструктураси шаклланмаган, карвонсарой ва бозорлари йўқ ҳудуддан ўтмаган, чунки бу нарса нафақат моддий товарларнинг, балки олис масофаларни босиб келаётган карвонлардаги йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутган. Шунинг учун Буюк ипак йўли ўтган ҳудудлар харитасини белгилашда албатта халқларнинг маданияти ва шаҳарсозлиги тараққий этганлигига эътибор қаратиш ўринли.

    Мазкур тадқиқотда Буюк ипак йўлининг бошида турган Хитой халқининг маданий тарихи, Конфуций, Лаосзи каби файласуфларнинг қарашлари, мифологик тушунчалар, уларнинг замирида вужудга келган ўзига хос бинокорлик санъати ҳақида сўз боради. Эътиборга молик жиҳатларидан бири шундаки, Хитой маданияти ва архитектурасининг шаклланишида Чин юртига борган алломаларимизнинг ҳам хизматлари бор экан.

    Ижтимоий-гуманитар фанларни ўрганиш ва ўқитишда муҳим манба бўлиб хизмат қиладиган мазкур китоб мавзуси давомли бўлиб, унда Буюк ипак йўлида муҳим ўрин тутган Самарқанд , Довон (Фарғона), Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларнинг бой маданияти, мифологияси ва архитектурасидаги муштараклик ҳақида ҳам маълумот берувчи навбатдаги манба майдонга келади, деб умид қиламиз.

    Мазкур тадқиқот Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд cаммити арафасида чоп етилганлигининг ўзига хос рамзий маъноси бўлиб, бу бир ғоя атрофида бирлашган давлатларни нафақат бугунги куннинг долзарб масалаларига, балки умумий тарих, маданий меросни ўрганишда ва ёруғ келажак қуришида ҳам якдил бўлишга даъват этади.

Эркинжон ТУРДИМОВ,

Самарқанд вилояти ҳокими,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси