Маълумки, инсониятнинг иқлимга бўлган муносабати асрлар давомида эътироф этиб келинган.  Негаки, биргина ана шу Она табиат синоати  бутун бошли тамаддун ва сайёрамиз шакл-шамойилига ҳам таъсир кўрсатиши турган гап.

    Ҳозирги ахборот асрида иқлим асоратлари  инсоният хўжалик фаолиятининг барча қирралари хусусан, қишлоқ ўжалигидан тортиб энергетика, транспорт ҳаракати, замонавий  нано технологиялардан фойдаланиш ва бошқа жабҳаларда  ҳамда, инсон саломатлигию фаолиятларида ҳам яқққол намоён бўлмоқда.

    Боз устига, қитъалар ва йирик-йирик давлатлар мисолида сув тошқинлари, бўронлар, ўрмонлар ёнғини, чўлланиш жараёнларининг кучайиши, зилзила каби таҳдидларнинг рўй бериши чинданда дунё афгор оммасини жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда.

    Шу ўринда масалан, Ҳиндистондаги сув тошқинлари, жазирама иссиқлик, денгиз океанларга яқин давлатлардага ўпирилишлар ёки Туркия ва Европа давлатларидаги ер силкинишлари, Испания ёки Францияда шу йил аномал иқлим ўзгаришлари оқибатида одамларнинг нобуд бўлиши ва бошқа ўзгаришлар-буларнинг барчаси иқлим асоратларининг инсониятга бўлган “совға-саломию карами” дейиш мумкин.

    Бундан чамаси 10 йил аввал бўлиб ўтган “Бутунжаҳон иқтисодчилар форуми”да иқлим ўзгариши, инсониятни моддий неъматлар билан етарли даражада  ва тоза ичимлик суви билан бир маромда таъминлашда юзага келган узулишлар шунингдек, энергия ресурслари ва айниқса, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат танқислигининг вужудга келиши масалалари билан боғлиқ муаммолар глобал нуқтаи назардан  энг муҳим хавф-хатарлар рўйхатидан ўрин олганлиги сир эмас, албатта.

    Сайёрамизнинг бу қадар издан чиқиши тасодиф эмас, балки бу қонуниятлар гирдобида рўй бергани ҳолда глобал муаммолар сирасига тупроқ унумдорлигининг пасайиши, хоссаларининг ёмонлашуви, шўрланиш ва эрозия жараёнларининг кучайиши, суғориладиган ва деҳқончилик қилинадиган ер майдонларининг издан чиқиши ва бошқаларни келтириш мумкин.

    Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси инсоният тамаддуни ва саломатлиги шунингдек, унинг ҳаёт-фаолиятига таҳдид солмоқда. Табиийки, бундай ҳол иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидлар салмоғини янада оширмоқда. Дунёдаги етакчи компаниялар томонидан ўтказилган сўровномаларда инсонларнинг 64 %и иқлим ўзгаришини  ўта жиддий муаммо деб қарамоқда. Айниқса, Арктика кенгликлари, Канада, Россия, Норвегия ва европанинг кўплаб давлатларида ҳаво ҳароратининг аномал ўзгариши яққол кўзга ташланмоқда.

    Мисол учун, биргина иқлим исиши билан боғлиқ таҳдидларда ер юзида ҳар йили камида  350 мингга яқин инсонларнинг нобуд бўлиши ҳисобга олинган бўлса бу кўрсатгич 2030 йилга бориб ярим миллион атрофида бўлиши башорат қилинмоқда ва ҳоказо. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, табиатда иқлим ўзгаришлари ҳозирда рўй берган ёки у бир зумлик ҳодиса сирасидан эмас ва бу жараённинг биз илғамас ва ақл бовар қилмайдиган синоатлари ҳали олдинда бўлиши ҳам мумкиндир.

    Шу муносабат билан мамлакатимизда бу борада рўй бериши мумкин бўлган воқеа-ҳодисаларнинг олдини олиш ва аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш борасида катта ва салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Шу маънода шахсан Президентимиз ташаббуслари билан камбағалликни кескин камайтириш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш шунингдек, моддий неъматлар заҳирасини янада ошириш ҳамда уларнинг сифатини талаб даражасига етказиш бош мақсад қилиб қўйилганлиги эътиборга молик масала, албатта.

    Шундай қилиб, юқоридагилардан қатъий назар инсоният барча куч-қудрат, билим ва тафаккурни ишга солиб, унга қарши глобал тарзда чора-тадбирларни белгилашлари биз яшаётган ва фаолият олиб борилаётган давр талабидир.

 

    Эргаш ҚОБИЛОВ, Хидирали БОТИРОВ

    СамДУ экология ва ҳаёт  фаолияти кафедраси профессорлари