Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Парламентга йўллаган мурожаатномасида жадидлар меросини чуқур ўрганиш ҳақида:  “2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади. Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади” – дея таъкидлади.

    Дарҳақиқат, жадид боболаримиз асарлари мазмунига тобора чуқур кириб борар эканмиз, бу асарларнинг дунёга келганига қарийб юз эллик йилдан ошган бўлса-да, уларда кўтарилган муаммолар бугунги кунда ҳам долзарблигича қолаётганини кўрамиз. Жадидлар ечимини излаган миллат уқувсизлиги, аёллар таълими билан боғлиқ муаммолар ҳанузгача жамият ривожига соя солмоқда. ХIХ аср охири ХХ аср бошларига келиб, Туркистонда миллат тақдирига раҳна солувчи, оғир ва ўта қалтис тарихий муҳит пайдо бўлди. Бунга сабаблар, биринчидан, Россия империяси Туркистонни маҳв этиб, у ерда ўз мустамлакачилигини мустаҳкамлаш мақсадида, аҳолини руслаштириш, оддий халқни эркидан айириш, ғурурини синдиришдек ўта шовинистик сиёсат олиб борганлиги, иккинчи томондан мусулмон мутаассиблигида дунёвий билим ва тараққиётга қаршилик руҳи авж олгани бўлса, яна бир томондан халқимиз ўз маънавияти, ҳуқуқи ҳамда, энг аввало, эркини қўлдан бой бергани бўлди. Инсоният тарихида мустамлакачи давлатлар томонидан истило қилинган халқининг миллий ғурури, она тили, адабиёти, асрий анъаналаридан жудо этиб, биратўла маҳв этиш тенденсияси устувор саналади. Эзилган халқ бора-бора ёвнинг бундай қарашларига кўникади. Мана шундай сиёсий қалтис вазиятда халқнинг бир гуруҳ зиёлилари, миллатнинг асл ўғлонлари, тараққийпарварлар ҳаракати пайдо бўлди. Халқнинг фидоий лочинлари ўзларининг қанотлари куйса-да она халқини уйғотиш, унинг келажаги учун қайғуриш борасида ҳаракат қилди. Улар “жадид” деб аталмиш улуғ ном остида бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳолда маънавият учун, ғурур ва эрк учун узун ва машаққатли бир йўлни босиб ўтишди.

     ХХ аср бошларида ана шундай мураккаб вазиятни акс эттирган адабиёт бошқа барча даврлар адабиётидан кенг оммани уйғотиш, халқнинг ўрганиб қолган паст турмуш даражасидан чиқариш, миллат, халқ манфаатларини ўйлаш, ўзбек халқининг илмий салоҳиятли халқлар қаторида кўришни исташ каби ғоялари илгари сурилганлиги билан фарқ қилади. Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби ижодкорларимизнинг барча асарларида халқни маърифатли қилиш унинг тамаддунига йўл очиши ғояси ётади. Авлоний, Ҳамза каби ижодкорлар эса нафақат ўзлари яратган асарлари орқали, балки бу борада кўзга ташланарли амалий ҳаракатлари (театр, газета, журналлар ташкил қилиш, мактаблар очиш в.ҳ.) орқали халқни маърифатли қилишга уринганлар. Уларнинг ҳар бир асарларини ўқир эканмиз, ўтмишнинг қора доғлари, ўша давр фожиаларининг бўйи димоғимизни ачитади. Шу жумладан, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарида Юсуфбек ҳожининг ўз-ўзига сўзланиб кетганига эътибор қаратсак: ”Ўттуз икки тангадан солиқ йиғ эмиш… Бир ҳафтадан кейинга қолмасин эмиш… Солиқ йиғишда қаршилиқ қилғанни даррага ётқизиш, мувофиқ кўрилганда осдириш ҳаққи ҳам менга берилган эмиш… Мен қонхўрлиқ учун худонинг фарз қилған ҳажини адо қилмадим; олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўглини даррага ётқизиш чоғида кўндаланг келадирган виждон бор, дин бор, диёнат бор. Бизнинг халқни ер ютсин. Азизбекнинг тулкилигига учдида, унинг кечаги зулмларини унутди…” - ёки бўлмаса,”- Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиги учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эл эканинг билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияти йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон юпроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндир-ки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи- биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг ланъати, албатта, тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғизхона қилишға ҳозирланған биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз!..”[Қодирий,2019,296-бет] Юсуфбек ҳожи образи ва унинг юқоридагилар каби нутқлари орқали Қодирийнинг ўша даврдаги кечинмалари, дил туғёнлари-ю сассиз аламлари бўғзимизга заҳар каби тиқилади.

    Профессор Наим Каримов ўша давр заққумлари ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилар экан фожиавий нуқтага тўхталиб ўтади:“Мустабид тузум бу даврда халқнинг бир фарзандини иккинчисига гижгижлади, унинг устидан чақирувномалар ёзишга, унинг ҳар бир қадамидан кўз-қулоқ бўлиб туришга, лозим бўлганда эса тубсиз жар ёқасига элтишга мажбур этди.

    “Дивиде эт импера”.”Парчалаб ташла ва ҳукмронлик қил”- барча даврларда мустамлакачиларнинг шиори шу бўлган.

    Чор ва Шўро ҳокимиятлари ҳам шу маънода истисно бўлмади. Аксинча, улар, бошқа мустамлакачи давлатлардан фарқли ўлароқ, халқ ўртасига муттасил равишда низо уруғини сепиб, унинг ақли, виждони, ор-номуси ва келажаги бўлган кишиларни узлюксиз суратда маҳв этиб келди”.

    Набижон Боқий эса жадид даври фожеасини шундай тасвирлайди:Қатли ом даврида маданиятимиз, санъатимиз, адабиётимиз, илм-фанимиз ёппасига қирғин қилинган эди: кўзга кўринган давлат ва жамоат арбоблари, ўзбек халқининг асл фарзандлари териб-териб, саралаб-саралаб олинган эди. Қурбонларнинг адоғи йўқдек!.. Улар ким эди?... Улар ким эди, биласизми?..Абдулла Қодирий ўшаларнинг биттаси эди, холос”

    Юқорида келтирилган фикр ва мулоҳазаларга эътибор қаратсак, ўз жонини ўртага тикиб халқини бу жирканч ботқоқликдан олиб чиқишга ҳаракат қилган миллатпарварларни ҳар қандай йўллар орқали жаҳаннам оловига отган, душман кишанларига тап тортмай қўлини боғлаб берган, бировнинг жони эвазига ўз жонини асрашга уринган, иймонига панд берган халқнинг абадий фожиаси душманининг ўз қўли билан зиёлиларига болта урдиртирганидадир. Биз кимларга ишониб яшадик?!

    Ҳақиқатан ҳам, хон замонлари ва мустабид шўролар ҳукмронлиги даврида халқ бутунлай қолоқ ва ачинарли аҳволга келиб қолганлиги, малъунлар касрига оддий халқ азоб чекаётганлиги, мансаб, мол-мулк илинжида ҳали уқуви бўлмаган зурриёднинг подшоҳ лавозимига кўтарилавериши, халқнинг деярли кўпчилигининг саводсизлиги, саводлилар ҳам шўро ҳукуматига оғиб кетганлиги, бир ёқадан бош чиқармаётгани, ўз томирига ўзи болта уриши, ўз-ўзни талаши, чегараси йўқ бошбошдоқликлар-у ғафлат уйқусида тамшанаётган ўша давр аянчига гувоҳ бўламиз.

    “Ўтган кунлар”да Отабек образи орқали халқнинг дилидаги илинжлари-ю оғриқлари қалбимизни ногоҳ тирнаб ўтади. Отабек, қутидор ва бошқаларга нисбатан бўҳтон тошларининг отилиши, фитна ботқоғига ботирилиши, айбсиз айбдорга айлантирилиб, ҳатто энг оғир, ўлим жазосига ҳукм қилиниши, албатта, ўша даврда уқувсизлик, мансабга берилиш, мамлакатда зулм ва зўравонлик устунлигидандир. Абдулла Қодирийнинг асосий мақсади ҳам бу жирканч тузумни таг-томири билан ўзгартириш эди. Асарда Ўзбекойим образи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унинг манманликка, ҳаддан ташқари кибр-ҳавога берилганлиги, дабдаба, мол-мулкка ўчлиги орқасидан азиз дилбандини бахтсиз қилиб қўйганлиги, нафақат Отабекни , балки оиласининг ҳаловатини ҳам жар ёқасига олиб боришгача етганлиги орқали миллат аёлларнинг увуқсизлиги, уларнинг диний ва дунёвий илмлари камлигидан далолат. Мана қарийб юз йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, оиладаги ўрнини эриникидан юқори тутувчи, латта-путталарга муккасидан кетган, фарзандининг ҳаётини ҳавойи орзу-ҳаваслари ортидан остин-устун бўлиш даражасига олиб борган, рисоладагидек ҳаётни орзу қиладиган Ўзбекойим ҳозирги давр қайноналарининг юзига тарсаки бўлиб тегмаяптимикин?!

    Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар” жумласи жадидлар ғоясининг яққол далилидир. Улар чинакамига миллат муаллимлари эдилар. Улар миллатни ҳалокат ва фалокатдан асраб, асрий саодатга олиб чиқувчи маърифати ва тарбияси билан халқни маънавий тубанликдан олиб чиқувчи бир кўприк бўлишди.

    Мухтасар қилиб айтганда, Чўлпоннинг “Кеча ва Кундуз” асаридаги Зеби образи, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари” асаридаги Мирзо Ҳамдамбой, Абдуқодирбой, Маҳмудхон, Сора, Эшон, Зайнаб, Марям образлари, Фитратнинг “Адвокатлик осонми?” асаридаги турли образлар орқали жамиятнинг ҳар томонлама равнақ топишида ана шу жамиятда яшаётган инсонларнинг  маърифатли бўлиши нақадар катта рол ўйнаши акс эттирилган. Умуман олганда, жадидлар учун халқни, айниқса, миллатни тарбияловчи аёлларни билимли қилиш бош мақсад бўлган.

    Жадидлар йўқотилган эркнинг қайтарилиши, ёш авлодни илм-салоҳиятли қилиш, мавжуд тузумга кўр-кўрона бўйсунмаслик ва юқорида келтирилган миллий мафкурасининг асосларини нафақат халқ онгига ғоявий жиҳатдан ёйишди, балки халқнинг қалбига асарлари орқали кириб бориб, чуқур ўрин эгаллашди.

    Маълумки, инсоният тарихида мустамлакачи давлатлар учун , аввало, халқнинг миллий ғурури, она тили, адабиёти маҳв этиш тенденсияси устувор саналади. Чунки халқнинг дунёқарашини айнан шу воситалар билан ўзгартириш мумкин.

    Хулоса қилиб айтганда, жадидчилик даври адабиёти давр муаммоларини, миллат фожиасини ёрқин акс эттириш орқали, маълум маънода, миллатни зулматдан асраб қолди. Жадидчилик ҳаракати намоёндалари яратган асарлар халқимиз қалбига чуқур кириб борди. Аҳамиятлиси, бу давр адабиётида акс этган муаммолар бугунги кун учун ҳам долзарблигича қолмоқдаки, жадид даври адабиётини қанча кенг тарғиб қилсак, ўргансак, ёшлар онгини ўстиришда шунча фойдалидир.

 

Моҳигул Абруева,

Самарқанд давлат университети талабаси,

Навоий номли давлат стипендияси соҳиби.