Top.Mail.Ru
×
Menu
Close Menu

Самарқанд давлат университети ББC талқинида дунёнинг 100 аёли лауреатлари етиштиришда етакчи...

    Бутун жаҳон бўйлаб машҳур ББC умуммиллий ташкилоти томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Дунёнинг нуфузли 100 аёли” рўйхати  турли соҳаларда ўз ўрнига эга, жамият ривожи ва аёллар ҳуқуқи йўлида садоқат билан хизмат қилиб келаётган дунёнинг 100 нафар аёлига берилади.

    Ўзбекистон номи шу кунга қадар ушбу рўйхатда 2 марта қайд этилган. 2017 йилда 100 талик рўйхатда ўзбек аёли номи илк бор киритилган бўлса, 2018 йилда иккинчи марта қайд этилди. Эътиборлиси, ҳар иккала ўзбекистонлик “дунё аёли” ҳам Самарқанд давлат университети битирувчиси...

    ББC 100 аёли рўйхати 2013 йилдан бошлаб жаҳон миқёсида тузилиб келади. Асосий мақсад ХХI асрда жамият ҳаётида аёллар ролини мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат, адабиёт, ҳуқуқшунослик, тадбиркорлик ва бизнес каби жами 26 йўналишда фаол хотин-қизлар фаолиятини бутун дунё бўйлаб тарғиб қилиш ва оммалаштириш.

      2012 йилда Деҳлида аёллар ҳуқуқи топталиши  авж олгач, ББC нинг бир гуруҳ мутасаддилари ушбу лойиҳани ташкил этиш ғояси билан  чиқди. Шу тарзда 2013 йилда 26 йўналишда нуфузли 100 аёл танланди. Рўйхат эълон қилингач, жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

    Айниқса, рўйхатдаги аёлларнинг хотин-қизлар ҳаётида дуч келадиган маданий ва ижтимоий муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш учун илгари сурган ғоя ва таклифлари бутун жаҳон аёлларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос тизими яралишига асос бўлиб хизмат қилди. Шундан кейин ушбу лойиҳа анъанавий тарзда ҳар йилнинг якунида ўтказиладиган бўлди.

    2017 йилда кучли 100 таликка киришга муваффақ бўлган илк ўзбек аёли Шаҳрисабзлик математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Самарқанд давлат университети математика факультети битирувчиси Муҳаббат Шаропова бўлди. Муҳаббат Шаропова 2017 йилнинг кучли 100 талигида 33-ўрин билан қайд этилди. У 50 йилдан бери педагоглик фаолияти билан шуғулланиб келади. Муҳаббат Шаропованинг шогирдлари 7 маротаба халқаро, 22 марта республика олимпиадалари ғолиби бўлган...

    2018 йилда мазкур рўйхатда Ўзбекистон номининг иккинчи бор қайд этилиши, ўзбек аёлларининг дунё миқёсига чиқишида муҳим қадам бўлди. Самарқанд давлат универистети доценти, биология фанлари номзоди Лейла Белялова 100 талик рўйхатнинг 13-ўрнидан жой олди ва 2018 йилнинг дунё нуфузли аёллари орасида Марказий Осиёлик лауреатларнинг иккинчиси бўлди. Лейля Белялова, Самарқанд давлат университиети география-экология факультети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти, Зарафшон давлат қўриқхонаси катта илмий ходими, Ғарбий Тянь-Шань тизмасининг орнитологик биохилма-хиллигини сақлаш бўйича бир қатор халқаро лойиҳалар координатори. “Бутунжаҳон экологик акцияси”, “Sprig aliva”, “World Migratory Day” халқаро дастурлари иштирокчиси. 2017 йилда “Birdlife International” халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти томонидан “Nature Hero’s” (Табиат қаҳрамони) халқаро мукофоти соҳиби. 2018 йилда ББС талқини бўйича дунёнинг энг нуфузли 100 аёлларидан бири. Олиманинг Ўзбекистоннинг тоғ экотизимларини сақлаб қолиш ва қушлар турларини ҳимоя қилиш бўйича тадқиқотлари ҳамда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (ИУCН) ишчи гуруҳи аъзоси сифатида олиб борган фаолияти жаҳон ҳамжамиятини ҳам бефарқ қолдирмайди.

    Жамиятни ва шу орқали бутун дунёни қайта кашф этишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган аёллар 100 талигини тузиш ҳали ҳанузгача давом этиб келади. Гарчи лойиҳанинг 2018 йилдан кейинги йиллардаги  лауреатлари орасида ўзбекистонлик аёллар кўзга ташланмаса ҳам, келгусида Самарқанд давлат университети хотин-қиз олимлари ушбу рўйхатда ҳали кўп бор бўй кўрсатишига ишонамиз. 

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Манба