Тожикистон Фанлар Академиясининг президенти, Тожикистон халқ таълими вазири бўлган Самарқанд давлат университети битирувчилари ҳақида биласизми?

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг 4 нафар битирувчиси Тожикистон Фанлар Академиясининг академиги бўлган. Уларнинг икки нафари Тожикистон Фанлар Академияси президенти этиб сайланган. Қуйида улар билан батафсил танишишингиз мумкин.
Султон Умаров – 1908 йил 24 августда ҳозирги Хўжанд шаҳрида туғилган. Ёшлигида отасидан эрта ажралиб қолганлиги туфайли Самарқандга келиб таълим олади. 1927 йилда Самарқанд давлат университетига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тамомлайди. Сўнгра ассистент, доцент лавозимларида фаолият юритади. Университетда олган билими ва устозларининг тавсияси билан Санкт-Петербург университетига аспирантурага киради. Номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, ўз фаолиятини яна Самарқанд давлат университетида давом эттиради. 1943 йилда Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академияси таъсис этилади. Султон Умаров тарихга физика йўналиши бўйича биринчи академик этиб муҳрланади. 1954 йилда Тожикистон Фанлар Академиясининг президенти Садриддин Айний вафот этгандан сўнг, Султон Умаров Тожикистон раҳбарларининг таклифига кўра, Душанбега таклиф этиладию 1957 йилдан бошлаб, то умрининг охиригача Тожикистон Фанлар Академияси президенти вазифасида фаолият юритади.
Султон Умаров умри давомида 170 дан ортиқ асар ёзди. Уларнинг 29 таси физикага, 12 таси фан тарихига, иккитаси табиатшунослик фалсафасига бағишланган, қолганлари илмий-оммабоп асарлардир.
Муҳаммад Осимий (Асимов) – 1920 йил, 25 августда Хўжанд шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд давлат университетига ўқишга киради ва 1941 йилда уни тамомлайди. Иккинчи Жаҳон урушидан қайтгач, Хўжанд педагогика институтида ўз фаолиятини давом эттиради. 1956 йилда Тожикистон давлат политехника институти ташкил этилади ва унинг биринчи ректори этиб, Муҳаммад Осимий тайинланди. 1962 йилда у Тожикистон Республикаси халқ таълими вазири этиб тайинланади. Орадан бироз вақт ўтиб, Муҳаммад Осимий Тожикистон Фанлар Академиясининг президенти этиб тайинланди.
Академик Муҳаммад Осимий Фанлар Академиясига 23 йил президентлик қилади ва бу вақт давомида илм-фан ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Олим вафотидан сўнг, унинг номини абадийлаштириш мақсадида Душанбе техника университетига Муҳаммад Осимий номи берилади.
Акобир Адҳамов – 1928 йил, 4 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида туғилган. 22 сонли ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд давлат университетига ўқишга киради ва уни 1949 йилда тамомлайди. 1950 йилда Москва давлат университети аспирантурасига ўқишга киради. Номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилгандан сўнг, Душанбедаги Тожикистон давлат университетида ўз фаолиятини давом эттиради. Олим 1968 йилда Тожикистон Фанлар Академиясининг аъзоси этиб сайланади. Шунингдек, у Тожикистон Фанлар Академиясининг физика-математика, кимё, геология фанлари бўлимининг академик-котиби лавозимида самарали фаолият олиб боради.
Исроил Исмоилов – 1939 йил 27 октябрда Самрқанд шаҳрида туғилган. 1957 йилда Самарқанддаги 6 сонли ўрта мактабни битириб, Самарқанд давлат университетига ўқишга киради ва уни 1962 йилда тамомлайди. 1965 йилдан Тожикистон Фанлар Академияси қошидаги Султон Умаров номидаги Физика-техника университетида ишлай бошлади. Олим 1968 йилда “Радиофизика” ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ёқлайди. Исроил Исмоилов фаолияти давомида 4 монография, 170 дан ортиқ илмий монографияларга муаллифлик қилган. Исроил Исмоилов 1993 йилда Тожикистон Фанлар Академиясининг академиги, 1996 йилда Тожикистон Республикаси фан арбоби унвонига сазовор бўлган.
Н.Низомов, Э.Н.Курталиев, У.Р.Арзибековларнинг
“Самарқандда камол топган физик-академиклар”
китоби асосида тайёрланди.