Самарқанд давлат университети психология ва ижтимоий муносабатлар факультети талабаси Азиза Қурбонова юридик психология йўналишида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Шу кунгача республика ва халқаро илмий нашрларда 5 дан ортиқ мақолалари билан қатнашган. Илмий раҳбари умумий психология кафедраси ўқитувчиси Ворис Аҳроров. Азиза 2021 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуманида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсонпарварлик ва психологик моҳияти” номли мақоласи билан иштирок этиб, конституцияни ўқитишнинг педагогик ва психологик хусусиятлари шўбасида ғолибликни қўлга киритган ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан диплом билан тақдирланган. Азизанинг асосий тадқиқот йўналиши юридик психология бўлиб, содир бўлган жиноятнинг томонлари бўлган жабрланувчи, айбланувчи кабиларнинг руҳиятини ўрганиш масалаларига йўналтирилган.

    – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида психологик билимлар доимо зарур бўлган, - дейди Азиза Қурбонова, - Чунки содир бўлган жиноятда жабрланувчи ва айбланувчи муносабатлари жараёни бевосита инсон ва унинг руҳияти билан боғлиқ. Шундай экан, инсон шахсини ўрганиш масаласи фалсафа, психология, педагогика каби фанлар билан бир қаторда юридик фаолиятда ҳам муҳим ҳисобланади. Юридик фаолиятда шахс тўғрисидаги асосий психологик қарашларни ўрганиш ва таҳлил қилиш бирмунча мураккаб. Бу борада турли психологик усуллар орқали шахсни ўрганиш, унинг ички дунёсини аниқлаш яхши самара беради. Тадқиқотимда жабрланувчи психологиясини ўрганиш чоғида жиноятдан жабр кўрган жабрланувчиларни бевосита кузатиб, турли психологик усулларни қўллаган ҳолда уларнинг психологиясини ўрганишга ҳаракат қилдим.

    Жабрланувчининг психологиясини текшириш бевосита жиноят ва зўравонлик зарбасига учраган руҳият билан ишлаш демакдир. Зўравонлик ва манипулятсия қурбонларида пассивлик, пессимизм, салбий фикрлаш, кучли айбдорлик ҳисси, ўзига нисбатан ишончсизлик, келажакка умидсизлик тез-тез кузатилади.  Орган вакилларига содир бўлган жиноят моҳиятини текширишда жабрланувчи билан ишончли муносабатларни ўрнатиш муҳим жараён ва бу узоқ вақт талаб қилади. Шундай экан бу масалага психологик усуллар билан ёндашиш самарали натижа беради.

    Таъкидлаш жоизки, жабрланувчи руҳиятида ҳаётда юз берган қийинчиликларга нисбатан қўрқув ва безиш туйғулари шаклланган бўлади. Бошқаларнинг уларга нисбатан ҳамдардлик билдиришлари ҳам жабрланувчи психологиясига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида уларда ҳаётда бирор муваффақиятга эришиш ва бирор нарсани ўзгартира олишга нисбатан ишончсизлик шаклланади. Шундай экан, жабрланувчининг атрофидаги инсонлар унга нисбатан ҳаётга бўлган қизиқиш ва куч манбаи бўлиб хизмат қилиши керак.

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.