Қовундан шакар олса бўладими?

“ - Қовундан шакар олиш технологиясини юртимизда жорий этиш орқали иқтисодиётга ҳам, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам катта фойда келтириш мумкин. Қовун фруктозаси шакар маҳсулотига нисбатан арзон ва камхарж бўлиш билан бир қаторда қандли диабет ва шунга ўхшаш касалликлар билан оғриган беморлар учун зарарсиз ҳисобланади…”
Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети талабаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендианти Воҳид Лапасов “Қовуннинг шифобахшлиги ва қовун етиштиришда микроелементларнинг ўрни” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда.
– Ўзбекистонда ҳозирги даврда қовуннинг 160 дан ортиқ маданий навлари тарқалган - дейди Воҳид Лафасов. - Улар пишиб етилиш муддати, ҳосилдорлиги, таъми, сақланиш муддатига кўра фарқланади. Ўрта Осиё қовун навларидаги қанд миқдори – 14-16 фоизни ташкил қилади. Таркибида фруктоза миқдорининг юқорилиги сабабли қовуннинг пўсти ўта ширин, глюкоза моддаси кўп бўлганда эса нимширин бўлади. Мазкур хусусиятлар қовуннинг дориворлик хусусиятлари ва халқ табобатида қўлланилиши бўйича аҳамиятини белгилайди.
Қовуннинг шифобахшлик хусусиятлари ўз даврида Ибн Сино томонидан асослаб берилган. Олим юрак, қон-томир касалликлари билан оғриган беморларни қовун уруғи ва пўсти билан даволаган. Шунингдек, у буйракларда пайдо бўлган тошларни чиқариб юбора оладиган хусусиятларга эга эканлигини таъкидлаган. У қадимдан бронхит, сил, бош оғриғи, камқонликни даволашда ва нафас йўлларини тозалашда ундан тайёрланган дори-дармонлар кенг ишлатилган. Воҳид Лафасов ўз тадқиқотида қовуннинг ана шундай шифобахшлик кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда уни етиштириш технологиясини такомиллаштириш, ҳосил бериш самарадорлигини оширишнинг янги технологияларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бунда, аввало, қовун уруғларига микроелементлар билан ишлов бериш асосий ўрин тутади. Уруғларнинг сифатини яхшилаш, экин ҳосилдорлигини кўпайтириш, ҳосилнинг пишишини тезлаштириш учун уруғларга микроелементлар билан ишлов берилади. Микроелементлар таъсирида қовун ҳосилдорлиги ошади, уруғининг сифати яхшиланади. Уруғларга экиш олди микроелементлар билан ишлов бериш жадал ўсишни таъминлайди. Яшовчанлик қобилиятини оширади.
Воҳид Лафасов мазкур тадқиқот юзасидан қовундан фруктоза олиш технологияси устида ҳам иш олиб борилмоқда. Маълумки, мамлакатимизда табиий маҳсулотлардан фақатгина қанд лавлагидан шакар олиш технологияси жорий қилинган. Ҳолбуки, қовундан ҳам шакар олиш мумкин. Мазкур ғоя қовун шиннисидан сироп кўринишида фруктоза олишни кўзда тутади. Бунинг учун етиштирилаётган қовун таркибида сахароза таркибини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Қовундан шакар олиш технологиясини юртимизда жорий этиш орқали иқтисодиётга ҳам, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам катта фойда келтириш мумкин. Сабаби, қовун фруктозаси шакар маҳсулотига нисбатан арзон ва камхарж бўлиш билан бир қаторда қандли диабет ва шунга ўхшаш касалликлар билан оғриган беморлар учун зарарсиз ҳисобланади.
Воҳид Лапасов тадқиқот мавзуси юзасидан 20 га яқин республика, 10 га яқин халқаро журналларда илмий мақолалар нашр эттириб, кенг жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда. Илмий раҳбари агрокимё ва ўсимликлар ҳимояси кафедраси профессори Фарҳод Ҳошимов. Табиий фанлар йўналиши бўйича фан олимпиадалари совриндори. Шунингдек, январ ойида ўтказилган онлайн олимпиаданинг агрономия йўналиши ғолиби. Самарқанд марказий кулгу лигасида университетнинг “Илҳом” жамоаси таркибида лига чемпионлигини қўлга киритган. Айни пайтда СамДУ қошидаги агробиотехнология техникумида кафедра лаборанти вазифасида фаолият юритмоқда.
Iroda Bekmurodova,
Samarqand davlat universiteti
Axborot xizmati xodimi,
Shavkat Akramov olgan suratlar.