Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Мавлон Жўрақулов ҳақида

    Одами эрсанг, демагил одами,

    Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

    Улуғ шоир Алишер Навоийнинг ушбу сатрлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Жўрақуловга нисбатан айтилгандай.

    Балки ҳаётнинг ўзи шундай яратилган бўлса керак. Самарқанд давлат университетида узоқ йиллик фаолиятим давомида баъзи олимларни ўзи учун куйиб-ёнганига гувоҳ бўлганман. Лекин Мавлон Жўрақулов фақат университет ҳақида қайғурар, СамДУ га оид бирор бир масала йўқ эдики, у киши фикр билдирмаса.

    СамДУ проректори лавозимида ишлаганимда Мавлон Жўрақуловдан жуда кўп мактублар олардим. Домла ўз хатларида университетда юз бераётган ижобий, салбий ишларга муносабат билдирар, таклифларини айтарди. Ўшанда ўйлаганман: Мавлон Жўрақулов Самарқанд давлат университети учун худдики виждон қўнғироғи эди. У кишининг университет ҳаётига оид теран фикр-мулоҳазаларидан ўз фаолиятимда фойдаланардим. Жуда кўп марта кузатганман: Мавлон Жўрақулов берган маслаҳатлар, таклифлар ёки баъзи одамлар тўғрисидаги қарашлари тўғри бўлиб чиққан. Мавлон Жўрақулов адолат томонда бўларди. Кимнидир ҳақ-ҳуқуқи бузилишига томошабин бўлиб туролмасди. Илмий кенгашларда домланинг чиқишлари барчани ҳушёрликка чорларди.

    Мавлон Жўрақулов том маънода Самарқанд давлат университетини яхши кўрарди. Унинг шон-шуҳрати учун бутун умр ҳаракат қилди, курашди. Жуда кўп раҳбарлар ҳақида ишдан бўшагандан сўнг, турли хил гап-сўзлар юради. Лекин Мавлон Жўрақулов ҳақида бирор кимсадан  ёмон фикр эшитмаганман. Домланинг бутун умр қалби уйғоқ, юраги бедор эди. У киши бирор бир кун йўқки, университет ҳақида ўйламаса. Суҳбатларимизда университет тарихида ўтган ректорлар ҳақида ҳам жуда кўп маълумотлар айтарди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фаолияти тўхтатилган СамДУ ни қайтадан ташкил қилишда Мусо Мўминов муҳим ўрин тутганини таъкидларди.

    Шунингдек, мустақиллик йилларида Самарқанд давлат университети учун энг кўп хизмат қилган раҳбар сифатида СамДУ ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовни эътироф этарди.

    Мавлон Жўрақулов мактубларини бугун ҳам тез-тез  ўқийман ва улардан янги-янги маъно-мазмун топаман. Домла Самарқанд давлат университетига ректорлик қилган йиллари ҳатто оддий талабага ҳам яхшилик истагани, улар билан суҳбатлашиб, кўнглига йўл топгани ҳақида жуда кўп эшитганман.

    Олим Самарқанд вилоятининг забардаст оқсоқоли, маслаҳатгўйи, кайвониси эди. Ҳамкор, ҳамфикр дўстлари Ҳасан Нормуродов, Нуриддин Шукуров, Мардонқул Умаров, Мелиқул Нушаров, Ҳотам Тўраев, Леонард Собиров, Душан Файзий, Раҳмонқул Орзибеков, Мақсуд Мўминов... кабилар билан она Самарқандимиз истиқболи, келажаги тўғрисида фикрлашарди.

    Олимнинг ҳаёт йўли кўпчилигимиз учун ибрат мактабидир. Умр йўлдоши вафот этганда домланинг изтиробларига гувоҳ бўлганман. Улар узоқ йиллар бир-бирига суяниб яшашган. Домла аспирантурада ўқиётган пайтда рафиқаси тийинлаб йиққан мабалағини емай-ичмасдан юборганини, кўзида ёш билан ҳикоя қилиб берганди.

    Мавлон Жўрақулов ўз оиласига садоқатли, дўстларига меҳрибон, шогирдларига ғамхўр эди. Шундан бўлса керак, Жўрақуловлар сулоласи бугун ҳам эътиборда. Домланинг фарзандлари таниқли тарихчи олим Дилфуза Жўраулова, СамДУ инсон ресурсларини бошқариш факультети декани, доцент Шоҳрух Жўрақулов Мавлон Жўрақулов номига лойиқ бўлиб, ота изидан бориб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилмоқда.

    Мавлон Жўрақулов ҳаёт бўлганида 90 ёшга кирарди. СамДУ нинг бугунги тараққиётидан қувонарди. Инсон ҳаёти жисман тугаши мумкин, лекин абадий давом этади. Бунга таниқли олим археолог Мавлон Жўрақулов ҳаёти, илмий фаолияти яққол мисол бўла олади. Бир кун келиб, Мавлон Жўрақуловнинг фарзандлари, шогирдлари у кишининг илмий меросини тўлиқ нашр этса, мен ҳам ўз архивимда сақланаётган домланинг мактубларини бажонидил тақдим этган бўлардим.

    Мен Мавлон Жўрақулов билан устоз-шогирд каби ҳамкор бўлганимдан доимо фахрланаман. Бу ажойиб, серқирра инсон хотираси олдида бош эгиб таъзим қиламан. Домлани хотирасини абадийлаштиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби,

филология фанлари доктори, профессор.