Самарқанд давлат университети докторанти Азиза Худойбердиева саратон касаллигига қарши дори воситалар ишлаб чиқаришда биологик фаол моддалар синтезининг аҳамиятига оид илмий тадқиқот фаолияти олиб бормоқда…    

    Самарқанд давлат университети органик синтез ва биорганик кимё кафедраси докторанти Азиза Худойбердиева “Икки асосли карбон кислоталар асосида изохенолин қатори алколоидлар синтези” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Тадқиқотнинг асосий моҳияти биологик фаол моддаларни синтетик усулда синтез қилишдан иборатдир.

    Биологик фаол моддалар бугунги кунда биокимё, биорганик кимё ва фарматсевтика соҳаларида ўрганилади. Улар ўзига хос физик-кимёвий хусусиятлари билан организм ҳужайраларига ижобий таъсир кўрсатадиган, зарарланган ҳужайралар фаолиятини тиклайдиган бирикмалар ҳисобланади. Бундай моддалар, асосан, ўсимликлар таркибида учрайди. Муайян даврларгача фармакология соҳасида дори ишлаб чиқариш учун зарур биологик моддалар табиий йўл билан ўсимликлардан олинар эди. Бу эса катта миқдорда куч ва харажат талаб этган. Қолаверса, табиатда ўсимликларнинг кескин камайиши, ноёб турларнинг йўқолиб кетиши каби салбий оқибатларни келтириб чиқарган. Шу боисдан фарматсевтика соҳаси учун ниҳоятда зарур бўлган биологик фаол моддаларни синтетик йўл билан ажратиб олишга эҳтиёж кучаяди ва синтетик синтезлаш йўлга қўйилади. Мазкур тадқиқот кимёвий моддаларни синтез қилишнинг синтетик йўли асосида олиб борилиши билан аҳамиятлидир.

    – Биологик моддаларни синтезлашнинг синтетик усули табиий усул билан бир хил даражада самарадорлик кўрсатади, – дейди тадқиқотчи Азиза Худойбердиева, –Бунинг устига табиий йўлга нисбатан арзон, қулай ва табиат учун зарарсиз. Тадқиқотимизда синтетик усулда биологик фаол моддалар лаборатория шароитида синтезланиб, фармакологик хусусиятлари текширилади. Аниқланган хусусиятларига қараб, дори-дармон ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай моддаларда танлаб таъсир этиш хусусияти мавжуд. Яъни улар дори воситаси сифатида организмга юборилганда соғлом ҳужайраларга ҳеч қандай салбий таъсир қилмасдан фақат зарарланган ҳужайраларга таъсир кўрсатади. Яқинда органик синтез кафедраси доценти Абдусалом Саидов бошчилигида кафедра тадқиқотчилари билан олиб бораётган тажрибаларимизда синтез қилинган танланма ситотоксик ошириш фаоллигига эга кимёвий модда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентланди. Ушбу восита фармакология, тиббиёт соҳаларида ишлатилади. Асосий вазифаси соғлом жигар ҳужайраларига зарарли таъсирни камайтирган ҳолда саратон ҳужайраларига қарши курашади. Ушбу модданинг Ҳиндистон фармасевтикасида ишлатиладиган сисплатин моддасига нисбатан активлик даражаси анча юқори.

    Самарқанд давлат университетида доцент Мунаввар Алимова асос солган биологик фаол моддаларни синтез қилиш илмий мактаби давомчиси Азиза Худойбердиева тадқиқот мавзуси юзасидан ЎзРФА ўсимлик моддалар кимёси институти билан ҳамкорликда илмий фаолият олиб боради. Шу кунгача халқаро нашрларда 10 га яқин, республика илмий журналларида 20 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. Шунингдек, тадқиқодчи талабаларга кимё фанининг амалий асосларини инглиз тилида ўргатиб келади.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамо волган суратлар.