Самарқанд давлат университети физика факультети 1-курс магистранти Ситора Тошпўлатова “Физика фанида лаборатория ишларини рақамлаштириш” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда. Мазкур тадқиқотнинг асосий моҳияти мактабларда физика дарсларида қўлланиладиган лаборатория машғулотларини рақамлаштиришдан иборат.

    Ҳозирги вақтда лаборатория машғулотларини бажаришда рақамли технология дастурларидан фойдаланилади. Аммо бу дастурлар тўлақонли равишда лаборатория машғулотларини олиб бориш имкониятига эга эмас. Тадқиқотчининг фаолияти айнан шу масалага қаратилган.

    – Бугунги кун мактаблари ўқув лабораториялари жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш ниҳоятда зарур, - дейди тадқиқотчи Ситора Тошпўлатова, - Физика ўқув лаборатория машғулотларида тажриба натижаларини қайта ишлаш ва интерпретатсия қилиш учун рақамли технология воситаларидан фойдаланиш муҳимдир. Физик катталикларни ўлчайдиган тўла рақамли датчик-ўлчов асбобларини қўллаш ҳам лаборатория дарсларининг самарали бўлишини таъминлайди. Менинг тадқиқотим айнан мана шу масала: дарсларни замонавийлаштириш билан боғлиқдир. Агар биз физикада тезлик билан замонавий ўқитиш методикаси, замонавий асбоб-ускуналарга ўтмас эканмиз, фан фақатгина қоғозлардангина иборат бўлиб қолаверади. Ҳозирги вақтда илмий раҳбарим, қаттиқ жисмлар физикаси кафедраси доценти Жалол Рўзимуродов билан биргаликда мазкур муаммоларнинг ечими юзасидан илмий-тадқиқот олиб бормоқдамиз.

    Ситора Тошпўлатованинг 10 га яқин илмий мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган.  У илмий тадқиқот фаолияти билан биргаликда фан олимпиадаларида ҳам фаол иштирок этади. Талабалик йиллари Самарқанд вилоят ҳокими стипендиясини қўлга киритган. Айни пайтда у илмий раҳбари билан биргаликда тадқиқот юзасидан сенсорли диск қурилмаси яратиш бўйича инновацион ғоя устида ишлаяпти. Мазкур қурилма лабораторияда ишлатиладиган бир нечта асбобни айнан битта қурилмада ташкил этиш ғояси асосида вужудга келган. У тажриба жараёнларини рақамлаштириш вазифасини бажаради. Содда тарзда айтадиган бўлсак, унинг ёрдамида мактабларда виртуал лаборатория дарслари ташкил қилинади.

    Хўш, виртуал лаборатория бизга нима учун керак?! Мактабларда лаборатория жиҳозларини билан таъминланиш даражаси ҳамма жойда бир хил эмас. Аксарият ҳудудларда ускуналар етишмайди. Бундай вазиятда рақамлаштирилган лаборатория дарслари айни муддао бўлади. Мазкур дастур реал лаборатория дарсларига қараганда кам харажат сарфлаб, юқори самарадорликка эришишни таъминлайди. 

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.