Самарқанд давлат университети тарих факультети талабалари учун ангилялик профессор, Россия ва Евроосия тарихи бўйича мутахассис, Ливерпул университети доктори Беатрисе Пенатининг “XIX асрда Ўзбекистонда тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги тарихи” мавзусида онлайн маърузаси бўлиб ўтди.

    Маъруза аввалида Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси, доцент Мухтор Носиров дарсни ташкил қилганлиги учун Ўзбекистоннинг Ангилядаги элчихонасига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек  британиялик профессорга Самарқанд давлат университети билан келажакда Ливерпул университети профессор-ўқитувчиларининг маърузаларини ташкил этиш амалиётини давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.

    Буюк Британиялик мутахассис ўз чиқишларида тарихий воқеалар, қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, хусусан, XIX асрда замонавий Ўзбекистон ҳудудида шоли етиштириш ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, британиялик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотларга тўхталиб, у Қарши, Шаҳрисабз, Самарқанд, Жиззах, Тошкент ва Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида шоли экинлари ҳажмининг ўсиши 1868-1903 йилларда бу ҳудудларнинг маҳаллий аҳолиси орасида бир қатор мураккаб касалликларни келтириб чиқарган безгак паразитлари ва чивинларнинг кўпайишига олиб келганлигини таъкидлади.

    Англиялик экспертнинг фикрича, 1893 йил баҳорида ҳозирги Сирдарё вилояти ҳудудида кучли сув тошқини, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ўртасидаги сув ресурсларидан норационал фойдаланиш, шоли экишни тақиқлаш ҳудудда аҳолининг носоғлом овқатланиши ва маҳсулот тақчиллигига олиб келган, бу эса Ўзбекистонда безгак тарқалишининг асосий табиий ва инсоний омиллари бўлиб хизмат қилган.

    Ўзбекистон ҳудудидаги йирик шаҳарларда касалликларнинг тарқалиш харитаси ҳамда шоли етиштириш майдонларини қисқартириш ва касалликларнинг янада тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган санитария ва қонунчилик чоралари, безгак паразитлари ва чивинлари билан курашиш учун дарёларда балиқларнинг янги турларини кўпайтириш тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Британиялик экспертнинг фикрича, бу ҳодиса Ўзбекистонда безгак касаллигини ўрганиш бўйича бирламчи илмий тиббий тадқиқотларнинг ривожланишига сабаб бўлган.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.