Самарқанд давлат университети: истеъдодли ёшлар мамлакат умиди, миллат таянчи...

Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети талабаси Маҳбуба Салимова, вилоятдаги ягона дастурчи қизлар клуби асосчиси. Тошкент ахборот технологиялари университетининг “Matches in March coder girls” дастурчи қизлар танлови ғолиби. Республика хотин-қизларининг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Tumaris.Tech” лойиҳаси иштирокчиси.
Хорижлик сайёҳларга хизмат қиладиган ресторанлар учун онлайн меню яратиш дастури лойиҳанинг якуний босқичида саралаб олинган энг яхши 20 та стартап қаторидан ўрин олган. Бундан ташқари Самарқанд давлат университети стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи Инкубация маркази резиденти ва “Braille phone” қурилмасини ишлаб чиқиш лойиҳасининг муаллифи. Ушбу қурилма кўзи заиф кўрувчилар учун мўлжалланган бўлиб, Брайл алифбосида асосида ишлайди.
– Шу пайтгача кўзи заиф кўрувчилар телефон ишлатишда овоз асосида ишлайдиган махсус синтезатор иловалардан фойдаланишади, - дейди Маҳбуба Салимова. - Ушбу илова интернет ва овозли сигнал орқали ишлаш жараёнида баъзан ноқулайлик туғдиради. “Braille phone” қурилмасининг афзаллиги эса биринчидан арзон, иккинчидан брайл алифбоси асосида бошқарилиши сабаб ишлатиш осон. Шунингдек, унинг синтезатор функцияси ҳам мавжуд. Қурилма 6 та тугмадан иборат бўлиб, у орқали фойдаланувчи хабар ёзиши, уларни қабул қилиб олиши, телефонда суҳбатлашиши мумкин. Яқинда университетимиз томонидан “Илм-фан мамлакат тараққиётининг стратегияси” шиори остида ўтказилган кўргазмада ушбу қурилмани намойиш этдим ва университетимиз ректори Рустам Холмуродовга “Braille phone” ни амалда жорий қилиш ташаббуси билан чиққанимда ушбу қурилмани дастлаб Самарқанд давлат университетида таҳсил олаётган кўзи ожиз талабалар орқали синаб кўришни таклиф қилдилар. Эндиги мақсадим “Braille phone”ни кенг миқёсда ишлаб чиқариш ва хориж бозорига Ўзбекистон брендида сотишни йўлга қўйишдан иборат. Дастурчи бўлишга фақат мактаб ва университет берган билимнинг ўзи етмайди. Етук мутахассис бўлиш учун дастурлаш бўйича қўшимча курсларга қатнашиш, тинимсиз меҳнат қилиш талаб этилади. Табиийки, бу масала ўз-ўзидан моддиятга бориб тақалади. Бу эса қизлар учун қийинчилик туғдириши мумкин. Ана шу муаммоларни теран англаган ҳолда дастурчи бўлишни орзу қилган қизларга имкон бериш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ташаббус билан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевга ўз таклифларим билан мурожаат қилдим. Шундан сўнг Ёшлар ишлари агентлигининг қўллаб-қувватлаши билан дастурчи қизлар клубини ташкил этдим. Ушбу клуб дастурлашга қизиқувчи қизларни жамлаган бўлиб, қизларни дастурлаш соҳасига ўқитиш, турли танлов ва олимпиадаларга тайёрлашга ихтисослашган. Ҳозирда унда йигирмага яқин талаба қизлар сабоқ олишади. Яқин кунларда вилоят миқёсида ушбу соҳа қизлари учун олимпиада ташкил этмоқчиман. Бу орқали вилоятнинг турли нуқталаридаги дастурчи қизларни клубга жалб этиш мумкин бўлади.
Маҳбуба Салимова, шунингдек, Самарқанд давлат университети стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи Инкубация маркази резидентлари билан биргаликда ICPC (International Collegiate Programming Contest) Халқаро турнирида қатнашиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритган. Мазкур турнир жаҳоннинг нуфузли алгоритмик дастурлаш танлови бўлиб, дунёдаги машҳур халқаро IT компаниялари Microsoft, Yandex, Telegram асосчилари унда иштирок этишган.
Шу билан биргаликда, Маҳбуба рақамли технологиялар факультети ахборот технологиялари кафедраси мудири, доцент Файзулло Назаров раҳбарлигида илмий изланишларини олиб бормоқда.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган сурат.