Жаҳонгашта рицарь ёхуд “Дон Кихот” асарини ўқиш нима учун керак?

Китобни ўқиб чиқмаган одамлар Дон Кихот ҳақида эшитиши билан унинг кулгили қиёфасини эслайди, шамол тегирмонларига қарши жанг қилган телба ҳақидаги қалин китобни тасаввур қилиб, ўқишдан воз кечади. Биринчи ёндашувда китоб юқорида айтилгани каби туюлиши табиий, лекин унинг асл моҳиятини тушуниш учун ўша давр ижтимоий тузумига эътибор қаратилса, ҳазил мутойиба ортидаги ҳақиқатлар намоён бўлади.
Китоб мутолаасини севувчи бир ўқувчи сифатида айтишим мумкинки, Мигел де Сервантоснинг “Дон Кихот” романи менда яхши таасуротларга бой бўлди. Асарга илк бор киришганимда қизиқарли ва кулгили деб ўйлаган эдим, кейинчалик эса ундаги жуда кўп жиҳатларга эътибор қарата бошладим. Асар ҳозиргача энг мукаммал роман жанридаги китоблардан бири эканига амин бўлдим.
Сюжет:
Ла-Манчдаги қашшоқ зодагон, кекса Алонсо Кехана рицарлар ҳақида жуда кўп романлар ўқийди, оқибатда ўзи ҳам жаҳонгашта рицарь бўлишни хоҳлайди ва ўзига Дон Кихот номини олади. У содда ва кенг феълли инсон бўлиб, рицарлар фақат кучсиз ва ночорларга ёрдам бериш учун яшаганига қаттиқ ишонади ва адабий қаҳрамонларни такрорлашни орзу қилади, аммо кулгили вазиятларга дуч келади.
Йўл бўйидаги қовоқхонанинг эгаси, Дон Кихотнинг елкасига қоқиб қўйиш орқали унга рицарлик рутбасини беради. Сафарга кетишдан олдин Дон Кихот деҳқон Санчо Пансани хизматкор қилиб ёллайди ва уни ўз қуролбардори этиб тайинлайди. Дон Кихот келажакда эришадиган барча ютуқларини қалбидаги ягона аёл – Дулсинеяга бағишлайди.
Сафар давомида Дон Кихот ва унинг хизматкори йўлда шамол тегирмонларини учратади. Дон Кихот уларни даҳшатли маҳлуқлар деб қабул қилади. Унинг фикрига кўра, сеҳргар Фрестон маҳлуқларга шамол тегирмони кўринишини берган. Унга қарши жангга кирган Дон Кихот мағлубиятга учрайди – тегирмон уни «қаноти» билан суриб ташлайди ва қуролини синдиради.
Бироз вақт ўтгач, саёҳатчилар қўйлар подасини учратади. Дон Кихот яна Фрестоннинг сеҳр-жодуси бежиз эмаслигига ишонади: рицарнинг сўзларига кўра, сеҳргар жанговар қўшинларини ҳайвонларга айлантирган бўлади. Санчо Панса хўжайинини ишонтиришига қарамай, Дон Кихот ўзи тасаввур қилган жангда қатнашишга шошилади, аммо яна омадсизлик – ғазабланган чўпонлар уларни тошбўрон қилади.
Йўловчилар содда рицарни устидан кулади. Дон Кихот қўлга олинган қароқчиларни озод қилади ва улардан бу қаҳрамонлиги ҳақида кўнглидаги аёлига айтиб беришини сўрайди. Аммо қароқчилар Дон Кихотни калтаклайди.
Атрофдаги одамлар Дон Кихотни жинни деб ўйлайди, уни уйига қайтаришга ҳаракат қилади. Қариндошлари Дон Кихотни уйда бир муддат ушлаб туради. Аммо кўп ўтмай у ўзининг саргузаштлари ҳақида роман чоп этилганини билиб, яна йўлга тушиш тадоригини кўра бошлайди. Бир герцог рицарни ўз қасрига таклиф қилади, у ўзини унинг қаҳрамонликларидан қойил қолгандай тутсада, аслида, герцог Дон Кихотнинг устидан кулар эди.
“Кўзгулар рицари”га қарши курашда ютқазгандан кейин уйга қайтган Дон Кихот шунчаки одамларга кулгу бўлганини англайди ва қайғуга чўмиб касал бўлиб қолади.
Дон Кихот ўз мол-мулкига васиятнома ёзади, ҳамма нарсани жиянига қолдирмоқчи бўлади, лекин у васиятномага ҳеч қачон рицарлар ҳақидаги бемаъни романларни ўқиган одамга турмушга чиқмаслик шартини киритиб қўяди.
Таҳлил:
Асарда Сервантес ўз даврининг бузуқ жамиятини таҳлил қилади, аммо ахлоқ-одоб ва насиҳат оҳангида ифойдаланмайди. Ҳазил – бу танқидий мулоҳаза юритишнинг энг яхши усули.
Китобни ўқиб чиқмаган одамлар Дон Кихот ҳақида эшитиши билан унинг кулгили қиёфасини эслайди, шамол тегирмонларига қарши жанг қилган телба ҳақидаги қалин китобни тасаввур қилиб, ўқишдан воз кечади. Биринчи ёндашувда китоб юқорида айтилгани каби туюлиши табиий, лекин унинг асл моҳиятини тушуниш учун ўша давр ижтимоий тузумига эътибор қаратилса, ҳазил мутойиба ортидаги ҳақиқатлар намоён бўлади.
Хулоса:
Ушбу китоб мутолаасидан шундай хулосага келиш мумкинки, Дон Кихот яшаётган давр қаҳрамонлик эртаклари, ривоятлар ва шу каби асарларнинг жамият оламига алоқадорлилиги йўқ эди, балки мавжуд тизимнинг ўзгариши ва ундан янгича тафаккурга эга авлодлар вояга етган давр, бунинг натижасида эса унинг хаёлий олами ва қилган ишлари одамларга кулгили туюлар эди. Фикрларимиз умумлашмасига айни замин яратган Дон Кихот тилидан айтилган ушбу сўзларга эътибор қаратишимиз лозим деб ўйлайман. “Ўзимни донишманд ҳам деёлмайман. Мен фақат инсонларга улар ер юзида жаҳонгашта рицарликнинг бахтиёр замонлари барқарор этилишини тиламасдан нақадар енгилтаклик қилаётганларини тушунтириб қўймоқчиман, холос. Эҳтимолки, бизнинг мажруҳ асримиз илгариги дориломонлик гаштидан маҳрум ва унга нолойиқдир. Бундай гашт ўтмишда, жаҳонгашта рицарлар давлатни мудофаа қилганларида, хотин-қизларни ҳимоя этганларида, етим-есир, ғарибу ғураболарга кўмаклашганларида, мағрурларни жазолаб, мўминларни сийлаганларида ҳақ ва барқарор эди. Ҳозирги рицарлар муқаддас совутларни ипаку барқутга алмаштирганлар”.
Маълум маънода унга шериклик қилган Санчо Панса образи Дон Кихот тимсолининг маромига етишини таъминлаган. Санчо Дон Кихотнинг ишларига шубҳа билан қарасада унга эргашиб кулгига қолади,ҳатто калтакланади. “Кимнинг мақсади бўлмаса, мақсади борларга хизмат қилади” - Санчо эса бу фикрнинг яққол наъмунаси ҳисобланади. Биз китобхонлар учун шундай мазмун келиб чиқадики, инсон хаёлот билан ҳақиқий ҳаётнинг асл моҳиятини ажрата олиши керак.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, ушбу асарни мутолаа қилиш китобхонни янада завқу шавққа тўлдиради.
Иқтибослар:
- Сеньор, – деди Санчо, – буйруқ бериш ҳар доим ёқимли, деб ўйлаб қолдим, ҳатто қўйлар подасига бўлса ҳам;
- Осилиб ўлган одамнинг уйида арқон ҳақида гапирмайдилар;
- Дунёдаги энг яхши дори ҳам, агар бемор уни қабул қилишдан бош тортса, унга ёрдам бермайди;
– Ҳамма аёллар шундай, – деди Дон Кихот. – Улар табиатининг ўзига хос хусусияти шундаки, уларни севганларни менсимайдилар ва улардан нафратланганларни севадилар;
- Эшак асал билан боқилмайди;
Ҳилола Абдуҳалилова,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети,
филология факультети 203-гуруҳ талабаси.