Стресс – оғир, мушкул ёки мураккаб шароитларда юзага келувчи психиканинг зўриқишидир. Стресснинг вужудга келиш сабаблари қуйидагича: инсон шуғулланадиган фаолиятнинг тури, мазмуни, мавжуд шарт-шароитлар, фаолиятнинг ташкилий қисми ва экстремал омиллар, шунингдек, ташқи муҳит инсоннинг бор имкониятларидан ортиғини талаб қилиши. Масалан, хизмат фаолиятида талабнинг кўпайиши ҳам кучли стрессор ҳисобланади.

    Стресснинг юзага келиш сабаблари илмий нуқтаи назардан турлича  изоҳланади.  Жумладан,  энг  машҳур  қараш  сифатида   Г. Сельенинг стресс назариясини олиш мумкин. Унга кўра, дунёдаги жамики биологик мавжудотлар муҳим механизм – мувозанатни таъминловчи қурилмага эга. Ички ва ташқи стрессорларнинг кучли ҳамда давомий таъсирлари мувозанатнинг бузилишига олиб келади. Организм ушбу вазиятда ўзининг юқори даражадаги ҳимоя – мослашув реакциясини намоён қилади. Қўзғалиш ёрдамида организм ташқи таъсирга мослашишга уринади. Айнан шу таъсир стресс ҳолати ҳисобланади. Таъсир йўқолмаса, стресс кучаяди, ривожланади ва организмда бир қанча ўзгаришларга олиб келади. Хавотирликнинг турғунлиги ҳамда давомийлиги инсон хатти-ҳаракатида қуйидаги ҳолатларни келтириб чиқаради:

  • иштаҳанинг бузилиши;
  • уйқусизлик;
  • хатти-ҳаракатлардаги сустлик.

    Бундай физиологик бузилишларнинг давомийлиги инсонда стрессни пайдо қилади. Организм эса ўзини ҳимоялашга, таъсирни сўндиришга ҳаракат қилади. Аммо, маълумки, организмнинг кучи чексиз эмас ва жиддий стресс вазияти вужудга келганда, инсон буни кўтара олмайди. Натижада турли хасталиклар пайдо бўлади, стресс ўта кучли бўлганда, ўлим ҳолати ҳам кузатилади.

    Стресснинг физиологик, психологик, шахсий ҳамда тиббий белгилари мавжуд бўлиб, уларнинг исталган тури доимо ҳиссий қўзғалиш билан биргаликда кечади. Стресс ҳолатининг белгиларини мутахассислар қуйидагича ажратилган:

  • физиологик белгилар: юрак уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, юз терисининг қизариши ёки оқариши, терлаш, қон таркибида адреналин миқдорининг кўпайиши;
  • психологик белгилар: психологик функциялар динамикасининг ўзгариши, тафаккурнинг секинлашуви, диққатнинг бўлинувчанлиги, хотиранинг пасайиши, қарор қабул қилиш жараёнининг сустлашуви;
  • шахсий белгилар: ироданинг бутунлай йўқолиши, ўзини ўзи назорат қилишнинг пасайиши, хулқ-атвордаги стереотиплик ва сустлик, қўрқув, хавотирлик, сабабсиз безовталик, ижодкорлик қобилиятининг йўқолиши;
  • тиббий белгилар: неврознинг ортиши, ҳушдан кетиш, аффектлар, бош оғриғи, уйқусизлик.

    Стресс, дастлаб, физиологик термин сифатида қўлланилиб, организмнинг ҳар қандай ёқимсиз таъсирларга нисбатан номахсус реакцияси   («умумий    мослашиш    синдроми»)ни    ифодалаган (Г. Селье). Кейинроқ бу сўз индивиднинг экстремал вазиятлардаги физиологик, биокимёвий, психологик ҳолатлари ва хулқ-атворини тушунтириш учун қўлланган.

    Замонавий адабиётларда «стресс» термини уч хил маънони ифодалаш учун қўлланилмоқда. Биринчидан, «стресс» тушунчаси маъносидан инсонда қўзғалиш ёки зўриқишни келтириб чиқариши мумкин бўлган исталган ташқи таъсирлар (воқеа-ҳодиса ёки қўзғатувчилар) тушунилади. Ҳозирги адабиётларда шу маънода  «стрессор», «стресс-омил» терминлари тез-тез қўлланилаётгани бежиз эмас.

    Иккинчидан, стресс инсоннинг субъектив реакциясига алоқодорлик маъносида қўлланилади. Бунда, у инсоннинг ички руҳий қўзғалиши ва зўриқиш ҳолатларини ифодалайди; яна бу ҳолат инсонда кечадиган ҳиссиётлар, ҳимоя реакциялари ва стрессоген таъсирларни бартараф этиш (coping proessos) маъноларида ҳам талқин қилинади. Бу жараёнлар функционал тизимнинг мукаммаллашуви ва ривожланишига, шунингдек руҳий зўриқишни келтириб чиқаришга ҳам олиб келиши мумкин.

    Учинчидан, стресс намоён бўлувчи талаблар ёки зарарли таъсирларга нисбатан организмнинг физиологик реакцияси бўлиши мумкин. Айнан шу маънода Г. Селье ва В. Кеннон «стресс» терминини қўллаганлар. Физиологик реакциянинг вазифаси эса, айнан стресс «ҳолатини бартараф этишда руҳий жараёнлар ва хулқ- атвор ҳаракатларининг ёрдамидан иборат».

    Стресснинг намоён бўлиши, унинг соғлиқ ва фаолиятга таъсирини ўрганиш шундан далолат берадики, ҳар қандай одам ўз ҳаёти  давомида   бу  ҳолатни    бир  неча  бор  бошдан  кечиради. Н.Х.Ризвининг ифодалашича,  «… стресс  ҳамма жойда мавжуд,  у ҳаётнинг соясидир, кимгадир у ёқади ва у истаган натижага эришиш учун ундан фойдаланади, кимгадир эса ёқмайди ва унинг организми стрессга лозим даражада таъсир кўрсатади».

    Бундан ташқари, ҳаётий воқеа-ҳодисаларнинг чеки йўқлиги, инсоннинг индивидуал (ўзига хос) хусусиятлари билан боғлиқ стресс терминининг ноаниқлигини яна бир бор таъкидлаш лозим.

 

Мухтасам Сулаймонов

Самарқанд давлат университети

психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси