“Мен умуман ёлғон гапирмайман” деган одам ўша пайтда битта ёлғон гапирган бўлади. Масалан, талаба “Домла бир дақиқага рухсат беринг уйдан у бу нарса бериб юборибди” деб рухсат сўрайди, аслида бир дақиқалик иш эмас, яъни ёлғон. “Нимага дарсга кеч қолдингиз” деб сўраса “Йўл тирбанд, тиқилинч экан шунга ушланиб қолдим” деб жавоб беришади. Ҳақиқатан йўл тирбанд бу рост гап, лекин ўз навбатида ёлғон, чунки ухлаб қолган ёки уйдан кеч чиққан. Диний адабиётларда ҳам ёлғон гапиришга изн берилган, қачонки у ёлғон бировни оиласини сақлаб қолишга, яхшиликка йўғрилган бўлса, ижтимоий ноҳақлик келтириб чиқармаса. 

    Ёлғон – нотўғри гап, алдов, ноҳақлик. Жамиятимизда айрим инсонлар томонидан бериладиган ёлғон ахборот туфайли турли қийинчиликлар юзага келади. Ёлғон, алдов қарама-қарши манфаатлар, ахлоқий ва ижтимоий нормалар тўқнашган пайтда юзага келади. Ёлғон – адоватлардан биридир, бу билан психологлар вазифаларини бажариш чоғида жуда кўп ҳолларда тўқнашишларига тўғри келади.

    Ёлғончилик муаммоларини ўрганувчи психологлар, ҳақиқатни айтишдан кўра ёлғон гапириш қийинлигини таъкидлайдилар. Ёлғон доимо шахснинг ўзини тутишидаги озгина ўзгариши орқали намоён бўлади. Уни аниқлаш эса – санъатдир, уни алоҳида билимларни эгаллаш, моҳирона қўллаш, ва албатта, катта ҳаётий тажриба орқали ўзлаштирилади.

    Психолог фаолиятида муваффақиятга эришишда психологик ташҳис орқали шахснинг ўзини носамимий тутиши ва унинг ёлғонини аниқлашни билиши муҳим омил ҳисобланади.

    Ёлғон табиати, намоён бўлиш шакли ва мақсадига кўра фарқланади, адолатни тиклаш учун курашиш қуроли сифатида ким қўлласа, уни таъқиб қилади. Ҳар қандай ёлғон хавфли: унинг катта ва кичик, очиқ ва яширин, содда ва айёроналиги аҳамиятсиз. У кимдан чиқишидан қатъий назар, аниқланмаган ёлғон алоҳида хавф туғдиради. Жиноят жараёнида ҳақиқатни аниқлашда,тўғри қарор қабул қилишда, у адолатга жиддий путур етказиши мумкин.

    Алдаш – ҳақиқий факт ўрнига ёлғончи тасаввуридаги ҳолатни қўйиш ва ҳақиқатни алдоқчига маъқул бўлган уйдирма билан алмаштириш. Ёлғон занжирсимон характерга эга: бир ёлғон иккинчисини туғдиради ва у билан боғланган бир қатор фактларни мутаносиблаштиришни талаб этади.

    Алдашга уринадиган одамлар ўз хулқини, жумладан овозининг садосини назорат қилишга ҳаракат қиладилар, аммо шу пайтда буни қай даражада уддалаганликларини аниқ била олмайдилар, чунки ўз овозининг садосини тўлиқ назорат қилиш анча қийин иш.

    Ҳаяжон, жумладан фош бўлишдан қўрқиш туфайли келиб чиқадиган ҳаяжонга кўпроқ даражада хос бўлган ҳамда ёлғон ахборот бериш вақтида овоз ва нутқда кўринадиган қуйидаги белгилар фарқланади:

  • овозда титроқ пайдо бўлиши;
  • вақти-вақти билан овозни тозалаш; йўталиб қўйиш;
  • оғиз қуриши ҳамда ютиниш ва лабларни ялаш эҳтиёжи туфайли гап ўртасида жумлалар узилиши;
  • нутқ оҳанги (интонация)даги ихтиёрсиз ўзгаришлар;
  • нутқ суръатидаги ўзгариш (масалан, жумлаларни ўйлаб кўриш зарурлиги туфайли унинг пасайиши);
  • овоз тембрининг ўзгариши.

    Овозда ҳиссиётлар кўринишининг кўпроқ ўрганилган белгиси оҳанг кучайишидир. Ранжиган одамларда овоз пардаси кўтарилиб боради. Улар ғазабланган ёки қўрққан ҳолларда буни янада кўпроқ кўриш мумкин. Ғам-андуҳ ёки қайғу-ҳасрат вақтида овоз пардасининг пасайишидан далолат берадиган тадқиқотлар мавжуд. Ва ниҳоят, ҳаяжон, хафагарчилик, нафрат ва жирканиш вақтида овоз пардасининг баландлиги ўзгариш - ўзгармаслиги номаълум. Овоз пардасининг кўта­рилиши ёлғондан далолат берадиган ишончли белги эмас; у қўрқув ёки ғазаб ва, эҳтимол, ҳаяжон белгисидир. Аммо овоз ва ундаги ўз­га­ришларга қараб алдашда роҳатланиш бор - йўқлигини аниқлаш қийин.

    Овоздаги ҳиссий ўзгаришларни яшириш осон эмас.

    Агар асосан, ёлғон гапириш пайтидаги ҳиссиётлар ҳақида гапириладиган бўлса, ахборотнинг ошкор бўлиш эҳтимоли анча катта. Агар ёлғон гапи­ришдан мақсад қўрқув ёки ғазабни яшириш бўлса, овоз баландроқ пардада ва қаттиқроқ чиқади, нутқ эса, эҳтимол, тезлашади.

    Маълумки, инсон реакцияси ихтиёрий ва ихтиёрсиз турларга бўли­нади. Ихтиёрсиз реакция бошқарилмайди ва қуйидагиларда намоён бўлади: юзнинг оқариб кетиши, қизариши, қўлнинг қалтираши, тез-тез нафас олиш, терлаб кетиш, овознинг ўзгариши, ҳаракат йўналишининг бузилиши, дудуқланиш ва бошқалар.

    Шунингдек, беихтиёр реакциялар ҳам мавжуд ва бундай реакцияларни назорат қилиш жуда қийин (зеро, уларни турли усуллар билан яширишга уринишади) бироқ маълумот олишда анча аҳамиятли ҳисобланади.

    Баъзи реакциялар «ёлғон детектори» каби ташхис аппаратларида аниқланади.

    Бундай реакциялар қуйидагича кўринишда бўлади:

  • юзнинг қизариши – уят, ғазаб;
  • оқариб кетиш – қўрқув, айбдорлик ҳисси;
  • қорачиқнинг кенгайиши – қизиқиш, қониқиш ҳисси, розилик, кучли оғриқ;
  • қорачиқнинг торайиши – қониқмаслик, рад қилиниш;
  •  қўл ва бўйин соҳаси артериясида томир пульсининг кучли уриши – (юрак уришининг фаоллашуви билан бўйинбоғни бўшатишга уриниш) хавотир, қўрқув, уят, ёлғон;
  • пульс частотасининг пасайиши – диққатнинг ошиши;
  • тез-тез ва юзаки нафас олиш – ички зўриқиш;
  • бурундан қисқа-қисқа нафас олиш – жаҳл;
  • нафас олишнинг бузилиши, томоқнинг қисилиши, тупукни рефлектив ютиниш – ваҳима, уят, ёлғон;
  • оғизнинг қуриши (ютиниш, лабни ялаш, ташналик…) – қўрқув, ёлғон;
  • тўсатдан тишларни кўрсатиш – қаҳр, тажовузкорлик;
  • терламоқ, тер – ғазаб, хижолат бўлиш, асабийлашиш, ёлғон;
  • титроқ (қўл, оёқ бармоқларида, юз мушакларида) – ички зўриқиш, қўрқув, ёлғон;
  • кўзини пирпираш – қўзғалиш, ёлғон;
  • қориннинг ғулдираши – қўрқув (доим ҳам эмас, вазиятга қараб);
  • тишларни ғижирлатиш – кучли невроз, стресс, ўйлаганни амалга ошира олмаслик.

    Бундай реакциялар аёлларга нисбатан эркакларда аниқроқ ифодаланади ва кузатиш имкони кўпроқ бўлади.

(давоми бор)

 Мухтасам Сулаймонов

 Самарқанд давлат университети

 психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси