Самарқанд давлат университетининг Ядро технологиялари институтига Россиянинг «Доза» ИИЧК Ташқи иқтисодий фаолият департаменти директори ўринбосари Е. Г. Ерёмин, «Ядро ва тиббиёт технологиялари саноатчилари ва тадбиркорларининг халқаро иттифоқи» ассоциацияси ижроия директори Г. И. Каменских, «Доза» ИИЧК муҳандислари А. М. Белявцев ва В. В. Пискунов ташриф буюрди.

Ташриф доирасида корхона мутахассислари томонидан монтаж ҳамда ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилиб, институт ҳудудида «Фрегат» радиациявий назорат тизимининг кўргазма намунаси ўрнатилди. Мазкур тизим институтнинг ўқув-илмий базаси таркибига киритилиб, ундан лаборатория машғулотлари, амалиётлар ва илмий тадқиқотларни ўтказишда фойдаланиш режалаштирилган. Шунингдек, тизим талаба ва ёш олимларни радиациявий мониторинг соҳасидаги замонавий техник ечимлар билан таништиришга хизмат қилади.

Ташриф якунида келгусидаги илмий-тижорий ҳамкорлик истиқболларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, институт лабораторияларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини йўлга қўйиш, талабалар ҳамда ёш мутахассислар учун стажировкаларни ташкил этиш, шунингдек, етказиб бериладиган асбоб-ускуналарнинг сервис ва метрологик таъминотини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.