Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикасининг Пекин университети Фармацевтика фанлари институти профессори, академик Зҳанг Қианг бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Мартабали меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.

    Ташрифидан асосий мақсад СамДУ олимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, лабораториялар фаолияти, замонавий илмий тадқиқотлар билан танишишдир.

    Мулоқотда СамДУ Биокимё институти тадқиқотчилари Пекин университети профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида илмий изланишлар олиб бориш, СамДУ да органик синтез, биоорганик кимё, биокимё, Фармацевтика ва тиббий кимё йўналишларини ўз ичига олган Пекин университети Фармацевтика фанлари институтининг илмий мактабини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

    Ҳамкорликда дунёдаги энг нуфузли «Science» ва «Nature» журналларида илмий мақолалар жоп этиш, долзарб мавзудаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида фотоника ва оптик коммуникациялар йўналишида магистрлик дастурларини яратиш, ўқув лабораторияларини жиҳозлаш ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини оширишга қаратилган.

    Музокараларнинг кейинги босқичи Пекин университетида ўтказиладиган бўлди.

    Маълумот учун, Пекин университети Фармацевтика фанлари институти жаҳон рейтингда топ-13, Хитойда эса топ-1 ўриндан жой олган. Айтиш жоизки, 2015 йил октябрь ойида Пекин университети профессори Ту Ёуёу артемисинин дори воситаси кашфиёти учун физиология ва тиббиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.