Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов 2025 йил 28 апрель куни Туркия Республикасига сафари доирасида Денизли шаҳридаги Памуккале университетига ташриф буюрди.

    СамДУ билан кўп йиллик академик, илмий ва маданий ҳамкорлик қилиб келаётган Памуккале университети техника, агробиология, туризм, тиббиёт соҳаларида катта илмий салоҳиятга эгалиги, турк дунёсидаги университетлар билан самарали ҳамкорлик қилиши билан ажралиб туради.

    СамДУ ректори Рустам Холмуродов ташриф давомида ПАУнинг янги сайланган ректори профессор доктор Маҳмуд Гунгорни ушбу юксак вазифага лойиқ кўрилгани билан қизғин табриклади  ва Памуккале университетининг машҳур  технокентини зиёрат қилди.

    ПАУ раҳбарияти билан  СамДУ технопаркини ҳамкорликда  кенгайтириш,  Ар-Ге технологиялар бўйича тадқиқотлар олиб бориш хусусида музокаралар ўтказди. Яқин кунларда ПАУ технокенти мутахассисларининг Самарқандга ташрифи ва  амалий ҳаракатларни бошлаш хусусида келишиб олинди.

    Шунингдек,  Рустам  Холмуродов  ташриф давомида Денизли Ятаған қўрғонидаги Исломий Билимлар маркази фаолияти билан танишди  ва Памуккале шаҳрининг  диққатга сазовор жойларини кўздан кечирди.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.