Конгресс ота-оналарнинг СамДУ Биокимё институти янги кампуси билан танишишидан бошланди.

    Кимё ва биология йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари зоология музейи, янгидан барпо этилган маърузалар биноси, оранжерия, виварий, молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар ҳамда Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар номидаги замонавий тадқиқот усуллари анализи, газлар анализи, биофаол бирикмалар синтези каби илмий лабораториялар фаолиятини кўздан кечирди.

    Йиғилишда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, ўқув ишлари бўйича биринчи проректор Аҳмаджон Солиев, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Рустам Йўлдошев, ректор маслаҳатчиси Ислом Рустамовлар иштирок этди.

    Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори:

    - Ўқиш бу меҳнатларнинг ичида энг машаққатлиси, шу билан бирга шарафлисидир. Фарзандингизни жамиятга тегадиган энг катта фойдаси  яхши мутахассис бўлишидир. Бутун дунёда бўлгани каби бизда ҳам бундан кейин кадрлар билимига қараб баҳоланади. Бу илмни болаларингиз университетда шакллантириши, мустаҳкамлаши, бойитиши зарур.   Билимли инсон   бахтли инсон. Болаларимизни мана шундай бахтли бўлиши учун фақат домлалар эмас, ота-оналар ҳам бирдек масъулдир…

    Рустам Холмуродов жорий ўқув йилида энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ота-оналарига алоҳида миннатдорлик билдирди.

    - Қизим СамДУ биология йўналишида  2-курсда ўқийди. 2022 йилда бу ерга келган эдим, - дейди Зокир Абдазов. - Қурилиш авжида, эски бинолар бузилаётган эди. - Бугун ушбу кампусни кўриб, фарзандимни мана шундай жойда ўқиётганлиги билан фахрландим. Умуман ўзгача қиёфа касб этган. Институтга киргандан одамнинг кайфияти кўтарилади. Яхши  муҳит шаклланган. Ҳозир маърузалар ва ўқув хоналарини кўриб фарзандларимизга ҳавас қилдим. Бизнинг даврда бунақа шароитлар йўқ эди.  Ушбу имкониятларни яратиб бергани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман…

    - Шу йил набирам Аҳмеджон Мусаев СамДУ нинг биология йўналишига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинди, - дейди Гулчеҳра Собирова. – Бугунги тадбирда фарзандим 1-ўринда ўқишга киргани учун Рустам Холмуродов томонидан тақдирландим. Мен бундан хурсанд бўлдим. Самарқанд давлат университети мен учун қадрли, 1974 йилда СамДУ география факультетини тамомлаганман. Ўша даврни жуда яхши эслайман. Бугун университетдаги ўзгаришларни кўриб, ҳозирги талабаларимиз энг бахтли ёшлар эканлигини ҳис қилдим. Болаларимиз бу ерда фақат аъло ўқиши керак...

    - Мен Навоий вилоятидан келдим. Қизим кимё йўналишига ўқишга кирди, - дейди Абутолиб Мақсудов. – Бугун СамДУ Биокимё институти фаолияти билан танишдим, шароитлари жуда яхши. Замонавий лабораторияларни кўриб кўзларимга ишонмадим. Ўзим ўқимаганман, ният қилиб болаларимни ўқитяпман. Фарзандларимнинг таълим-тарбия олиши бу мен учун бахт. Қизим юртимиздаги энг илғор университетда таҳсил олаётганига ишончим комил. Ётоқхона шароитларини ҳам кўздан кечирдим, шинам хоналарда яшаяпти, кўнглим тўлди…

    - Жиззах вилоятиданман. Ўғлим кимё йўналишида 2-курсда таҳсил олади. Фарзандимни ўқишидан мамнунман, - дейди Шамсиддин Бобоев. – Университетдаги янгиликларни кузатиб бораман. Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар келганидан ҳам хабарим бор. Унинг номида лаборатория, стипендия ташкил этилгани  таҳсинга сазавор. Ўтган йили Азиз Санжар стипендиясини олган талабаларга ҳавас қилган эдим. Умид қиламанки, бундай бахт мени боламга ҳам насиб этади. Ўғлимни Самарқанд давлат университетида ўқишидан фахрланаман.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.