Бугунги кунда дунё деҳқончилигида катта майдонларни эгаллайдиган экинларнинг ҳар бири, уларни кўп тармоқли эканлигидан келиб чиқиб экин майдони белгиланади. Экин майдонларинга кўра соя экини буғдой, шоли, маккажўхоридан кейинги ўринни эгаллайди. Маълумотларга кўра, соя дунё мамлакатларида 100 млн. гектарга яқин майдонга экилиб, ер шари аҳолисининг 53 фоизи фақатгина соя мойини истеъмол қилади.

    Соя ўсимлиги дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулотлар тайёрланади ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилади.

    Соянинг кимёвий таркибида унинг инсон организми томонидан энг тез ҳазм бўлиши, зарарсизлиги билан пахта ва бошқа ўсимликлар мойидан устун туради.

    Дони таркибида 45% гача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи сақлайди. Шунингдек, соя дони таркибида ҳайвон оқсилида учрайдиган барча алмашлаб бўлмайдиган аминокислоталарни  сақлайди. Шунинг учун соя оқсилидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, турли хил гўштлар, экологик тоза сифатли мой, тухум порошоги (таркибида лецитин моддаси сақлайдиган) олиш мумкин. Соя оқсилидан қон плазмалари, кўз ойнаклар учун сифатли линзалар олинади. Бундан ташқари жун газламалар ишлаб чиқилади.

    Соя уни қўшиб тайёрланган нон маҳсулотлари қотиб қолмайди ва улар 4-5 кун давомида юмшоқ бўлиб туради ҳамда фақат буғдой унидан пиширилган нонларга қараганда икки марта тўйимли ҳисобланади.

    Чорвачиликда соя маҳсулотлари, энг сифатли ва туйимли ем-хашак озуқалари бўлиб ҳисобланади. Соя дони таркибидаги протеинга кўра 100 кг. соя дони 134,8 озуқа бирлиги сақлайди. Бу кўрсаткич бошқа биронта донли ёки дуккакли экинда учрамайди.

    Соя донидан мой заводларда мой ажратиб олингандан сўнг қолган шроти таркибида 14 хил аминокислота мавжуд бўлади.

    Ана шу моддалар 3 кунлик жўжалар учун аминокислоталарга бой озуқа сифатида тавсия қилинади. Катта товуқчилик фермаларида соя шроти билан озиқлантирилганда улардан олинадиган тухум сони ортади.

    Соя оқсилидан ипакчиликда ҳам озуқа сифатида фойдаланилади. Масалан Японияда бир йилда беш мартагача ипак қурти боқилади. Бунда, соя оқсилидан суюлтирилган пасталар тайёрланиб қуртлар озиқлантирилади. Бу ўсимлик тупроқ унумдорлигини ошириш борасида ҳам энг муҳим экинлардан биридир.

    Соя дуккакли ўсимлик сифатида ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб олади ва тупроқни азот билан бойитади. Соя бугунги кун деҳқончилигида энг муҳим экин бўлиб, тупроқ структурасини яхшилаб, биологик унумдорликни оширади, ўзидан кейин тупроқда 55-60 кг. миқдорда соф азот қолдириб кетади. Соя экилган далаларда тупроқнинг микрофлораси яхшиланади, тупроқда биологик ва экологик тизим вужудга келади. Чувалчанглар, ризобиум бактериялари ва бошқа фойдали организмлар яшаши учун қулай муҳит юзага келади.

    Илмий тажрибаларда соя экилгунга қадар тупроқдаги гумус миқдори 0,65-0,72% бўлган бўлса, соя экилгандан кейин кузда гумус миқдори 0,95-1,03%га етиши кўрсатиб берилган.

    Мухтасар қилиб айтганда, соя етиштириш билан икки муҳим муаммони, биринчиси тупроқни биологик азот билан бойитиш, азотли ўғитларни кам сарфлаш орқали фермер хўжаликларининг самарадорлигини ортишига, иккинчиси аҳолини энг сифатли, таркибида инсон учун зарарли моддалари бўлмаган ўсимлик мойи билан таъминлашга эришамиз.

    Етиштириш агротехникаси

    Соя ўсимлигини икки муддатда экиш мумкин. Биринчиси баҳорда тупроқ ҳарорати 12-14 С бўлганда ёки маккажўхори билан бир муддатда, иккинчи муддат  такрорий экин сифатида донли экинлардан сўнг экилади. Соянинг эртапишар навлари 1200-15000С, ўртапишар навлари эса 1800-21000С талаб қилади.

    Сояни асосий экин сифатида экишда унинг навларини тўғри танлай билиш лозимдир.

    Эртапишар навларни ўсув даври 70-75 кун бўлса, ўртапишар навлар 100 -110 кун ва кечпишар навлари эса 135-140 кунда пишиб етилади. Қайси муддатда экилишига қараб навлар танланади. Кечпишар навларни такрорий экиб бўлмайди, улар такрорий экилганда пишиб етилмайди. Бу ҳолларда уларни силос ёки кўк поя сифатида ўриб молларга бериш мумкин бўлади.

    Соя навлари экиш меъёри гектарига 60-70 кг бўлиб, қатор оралари 70 см. кенгликда экилиши мақсадга мувофиқдир. Қатор ораси 90 см. бўлганда туп сони камайиши эвазига ҳосилдорлик камайиб кетади. Экиш пневматик сеялкаларда амалга оширилиб, уруғлар тупроқнинг таркибига қараб 4-6 см. чуқурликка ташланади ва уруғ суви берилади. Туп сони бир гектарда 400, 500, 600 минг, туп бўлиши ўрганилмокда. Ўсув даврида 2-3 марта культивация ўтказилади. Деҳқончиликда энг асосий агротехник тадбирлардан бири ўсимликнинг ўсиб-ривожланиш даврида унинг қатор ораларига ишлов беришга катта аҳамият бериш лозим.

    Соя ниҳоллари кўриниб қолиши билан уларга ишлов берилади. Культивацияни ўз вақтида ва сифатли ўтказиб, бегона ўтларга қарши кураш олиб борилади. Биринчи культивация соя ниҳоллари 3–4 чинбарг чиқарганда 10–12 см. чуқурликда ўтказилади. Иккинчи ва учинчи культивация унинг чуқурлиги 8–10 см. бўлиши керак. Культивация билан биргаликда ўсимликни азот ўғити билан озиқлантириш яхши натижа беради.

    Вегетация даврида суғориш ишлари ер ости сувларининг жойлашишига қараб олиб борилади, грунт сувлари 1,5-2,0 м. бўлса ўсув даврида 3-4 марта суғорилади. Илдизлари бақувват бўлгани учун сувга қараб етиб боради. Ер ости сувлари узоқ ёки пастда жойлашган бўлса унда суғориш сони оширилади. Вегетация даврида суғориш муддатлари қуйидагича: биринчи суғориш шоналашда, иккинчиси дуккаклар шаклланишида, кейинги суғоришлар дон ҳосил бўлиш жараёнида амалга оширилади. Шунда суғориш меъёрлари гектарига 800–1000 м3 ни ташкил этади.

    Турли зараркунандалар, жумладан, тунламлардан ҳимоя қилишда Цеперметрин (0,3 л/га) препаратини 2 марта 200 литр сувга аралаштириб сепиш яхши самара беради. Битларга қарши БИ-58 40 фоизли эм.к. (1,5 л/га) сепилади. Ўргимчакканага қарши Каратэ ёки Лямбдациталотрин (0,4–1 л/га) препаратлари қўлланилади. Турли ҳашаротлар – битлар, каналар, ширалар, трипслар ва чигирткасимонларга қарши Карбафос ёки Малатион (2 л/га) ёки Фуфанон (1 л/га) икки марта, Омайт ёки Пропаргит (1,3 л/га) препаратларини қўллаш лозим.

    Соя ҳосили тўлиқ пишиб етилганда, яъни дуккаги қўнғир тусга кириб, уруғи қаттиқ бўлиб, барглари тўкилганда йиғиштириб олинади. Ҳосилни қисқа вақт ичида йиғиштириб олиш лозим, акс ҳолда аксарият қисми нобуд бўлиши мумкин. Ҳосил йиғиб олингандан сўнг тозаланиб, сараланади ва 14% намликкача қуритилади. Соя дони қуруқ ва шамол ўтиб турадиган хоналарда яхши сақланади.

Хуршида Рахмонова

Самарқанд давлат университети таянч докторанти.