Нуфузли анжуман Самарқанд давлат университети Биокимё институти янги кампуси билан  танишишдан бошланди. Тадбирда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан 20 дан ортиқ университет ректорлари ва проректорлари иштирок этди. Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Осиё университетлари ассоциацияси президенти Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди:

    - Жаҳонда тараққиёт ва ривожланиш билан бирга глобал муаммолар ҳам кўпаймоқда. Уларнинг ечими фақатгина илм-фандир. Ҳар бир университетда ўзининг етакчи соҳалари, лидер олимлари мавжуд. Масалан, Қозоғистон Евроосиё Миллий университети - муҳандислик ва ахборот технологиялари; Томск давлат университети - табиатшунослик; Қозон федерал университети - экология; Самарқанд давлат университети - муҳандислик физикаси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги; Олтой давлат университети - биологик тиббиёт; Тожикистон давлат университети - гуманитар фанлар, Олтой давлат педагогика университети - педагогика ва психология, Қозон инновацион ривожланиш институти - иқтисод соҳалари бўйича етакчи университетлар ҳисобланади. Ҳар бир университет эксперт гуруҳини тайёрлаб юқоридаги олий таълим муассасаларига стажировка ва тажриба алмашишга юбориши ҳамда илмий тадқиқот гуруҳларининг тузилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, Осиё университетлари ассоциацияси таркибини ва географиясини кенгайтириш жуда муҳим…

    Шундан сўнг Олтой давлат тиббиёт университети ректори Ирина Шереметева, Уфа фан ва технологиялар университети ректори Вадим Захаров, Қозон инновацион ривожланиш институти директори Неля Мухаметханова, Чеченистон давлат университети проректори Насруди Яричев, Иркутск давлат аграр университети проректори Олег Репетский, Қозон Федерал университети проректори Екатерина Турилова, Олтой давлат университети проректори Роман Райкинлар маъруза қилди.

    Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Уфа фан ва технологиялар университети ректори Вадим Захаров ва Олтой давлат университети проректори Роман Райкин билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.