Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайлов жараёнларини кузатиш мақсадида АҚШ нинг Вебстер университети президенти Жулиан Шустер Самарқандда бўлди. Халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган мартабали меҳмон бошчилигидаги делегация Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан учрашди.

    Йиғилишда томонлар ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, таълим соҳасига оид гранд лойиҳалар устида иш олиб бориш, илмий тадқиқот марказларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Мулоқот чоғида психология, биология, экология, физика, математика каби қатор йўналишларда фаол ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

    Шунингдек, биология соҳасида тажриба алмашиш мақсадида томонлар малакали мутахассисларни стажировкага юбориш бўйича келишилди. Бундан ташқари СамДУда Вебстер университети билан ҳамкорликда психология илмий тадқиқот марказини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу марказнинг асосий вазифаси Ўзбекистонда олиб борилаётган реформаларни психологик жиҳатдан ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш.

    Қолаверса, экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича СамДУ ва Вебстер университети олимлари илмий изланишлар олиб бориш, тўпланган тажрибаларни амалиётга жорий этиш бўйича фикрлар алмашилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.