“Tashkent city"даги "Congress Hall" мажмуасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съезди бўлиб ўтмоқда.
    ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида 5 та энг асосий йўналишга эътибор қаратишини таъкидлади.  

    Бунинг учун ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилади. Дунёдаги “Топ-500”га кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим” жорий этилади.  

    –Бундан ташқари, биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшларимизни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборамиз. – Бунинг учун, 200 миллион доллар йўналтирамиз. Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилади.  

    Биз ҳурматли профессор ва академиклар, илмий тадқиқотлар олиб бораётган магистр ва аспирантлар, олийгоҳлар ўқитувчи ва домлалари, бир сўз билан айтганда, заҳматкаш илмий ва ижодкор зиёлиларимиз Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини юксак қадрлаймиз,– деди Шавкат Мирзиёев.  

    – Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасига миннатдорчилик билдириб, самимий ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.   Бу йил Ўзбекистон илм-фанининг асосий таянчи бўлган Фанлар академияси ташкил топганига 80 йил тўлади. Бу қутлуғ санани ҳаммамиз биргаликда нишонлаймиз. Биз Янги Ўзбекистонни бунёд этишда соғлом ва баркамол ёшларимизни ҳал қилувчи куч деб биламиз. Шу мақсадда, уларнинг билим, маданият, санъат ва спорт бўйича салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш борасида ҳам янги тизим яратамиз.