Facebook тармоғида «Самарқандлик» (Я – Самаркандец) гуруҳида эълон қилинган Университет хиёбонида қурилган кўп қаватли уй бўйича мурожаат юзасидан

    Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади: 

    Аввало, Лазиз Раҳматов номли кимсага қуйидагиларни айтмоқчимиз: Сиз Бульвар ҳақида қайғуряпсизми ёки бир гуруҳ шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қиляпсизми? Биз эса сиздан фарқли равишда Бульварда Самарқанд давлат университетининг янги кампуси қурилиши тарафдоримиз. Фарқимиз шундаки, биз халқ манфаатларини ифода этяпмиз, сизга ўхшаб маърифатга, маънавиятга, келажакка, тараққиётга қарши бориб, бу йўлда ҳаммани айбдор қилганимиз йўқ. сиздан  фарқли равишда ўзимизни ватанпарвар қилиб кўрсатишга ҳам уринаётганимиз йўқ. Аламингизни сиз на Самарқанд вилояти ҳокимидан, на университет раҳбариятидан олишга уринманг.

    Биз ҳам Самарқандликмиз. Лекин сиздан фарқли равишда биз Самарқанднинг келажаги ҳақида ўйлаяпмиз. Самарқанднинг эртаси учун ҳаракат қиляпмиз. Очиғи сизнинг адолатингизга борган сари шубҳаланяпмиз. Бунча жазавага тушасиз. Ҳатто кимлигингиз маълум эмас. Ўзингиз умрингизда Самарқанд заминига бир дона кўчат экканмисиз? Самарқанднинг келажагини айни вақтда Самарқандда яшаётганларга қўйиб беринг. Ўзимиз уддалаймиз. сизга ўхшаган ўзидан сохта ватанпарвар ясаб олганларни кўп кўрганмиз. Ҳаммага ташланишингизга қараганда буюртмачилар яхшигина ҳақ тўлаганга ўхшайди. Бизнинг назаримизда, энг аввало, тўғри ёзишни ўрганиб олинг. Қўйган постларингизни ўқиб, ҳар бир сўзни имло хато билан ёзганингизга қараганда савод ҳам ғовлаб кетган экан. Агар бугун университет қурмасак, болаларимизни ўқитмасак, эртага сизга ўхшаган саводсизлар янада кўпайиб кетади...

    Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонида амалга оширилаётган ҳар бир ўзгариш, олиб борилаётган ҳар битта қурилиш ва таъмирлаш ишлари бевосита вилоят ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси томонидан назорат қилинади. Университет хиёбонида ҳеч бир иншоот муайян шахс манфаатлари учун бузилмайди, олди-сотди қилинмайди, ҳатто қурилмайди.

    Энди Лазиз Раҳматов айюҳаннос солаётган кўп қаватли уй ҳақида қуйидагиларни маълум қиламиз: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари бўйича кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 18-бандига мувофиқ Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрининг Университет хиёбонидаги Самарқанд давлат университети ҳудудида шаҳар кўркини бузиб турган ҳамда авария ҳолатидаги эски омборхона биносини Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган ҳамда шу ҳудудда яшовчи фуқароларнинг таклифларини инобатга олиб, кўп қаватли турар-жой биноси қурилган.

    Барча даврда халқ манфаатлари  устун ҳисобланиб, шахс манфаатлари халқ манфаати учун бўйсундирилган. Бу ўринда вилоят ҳокимлиги ва университетни айблаш нотўғри. Таълимга бўлган талабларнинг ошиши, ҳар йили олий таълим муассасаларида ўқиш истагида бўлган ёшларнинг  ортиб бориши ҳисобига университетларга бўлган эҳтиёж ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу 1-2 йил ичида ўтиб кетадиган ҳолат эмас. Бугун таълим учун қулай шарт-шароит яратилмас экан, кун келиб, албатта, у ўз асоратини кўрсатмасдан қолмайди.

    Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, бузилиши режалаштирилаётган турар ва нотурар жой объектлари ҳеч қандай тарихий аҳамиятга эга эмас. Бугун сиз хавотир олаётган туристлар нигоҳидаги Самарқанднинг тарихий қиёфаси шу иморатлар бузилиши билан йўқолиб қолмайди. Вазиятга холис баҳо бериш лозим: бузилиши режалаштирилаётган объектларнинг ҳозирги ҳолати қайси туристни ўзига жалб қилади?

    Бугун Самарқанд давлат университети магистр, кундузги бакалавр, сиртқи ва кечки таълим шаклларида 25 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Ҳолбуки, бу кўрсаткич 2016 йил университетда таҳсил олаётган талабалар сонига нисбатан 3 баробар кўп дегани. Айни пайтда фойдаланилаётган 13 та ўқув биноси 11358 ўринга эга. Мавжуд ўқув бинолари 1 сменада талабалар 45,5 фоизининг ўқишини таъминлайди, яъни қамраб олиш кўрсаткичи 2,2 коэффициентни ташкил қилади.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов томонидан тасдиқланган 2022 йил 28 апрель санасида Самарқанд вилоятида ўтказилган сайёр йиғилиш 106-сонли баёнининг 16-банди, 5-хатбошиси билан Самарқанд давлат университети ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, ягона университет кампусини яратиш ҳамда университет хиёбонини истиқболли ривожлантириш дастурига мувофиқ Самарқанд давлат университети учун 1000 ва 1500 ўринли иккита ўқув биноси қуриш режалаштирилган.

    Тарихий ҳақиқатларига мурожаат қиладиган  бўлсак, аслида Термиз кўчаси кесишмасидаги 7-9-уй манзилда жойлашган, Мустақиллик кўчаси кесишмасида жойлашган турар жойлар анча йиллар аввал Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари учун қуриб берилган хизмат уйлари бўлган. Вақт ўтиши билан ушбу хизмат уйлари хусусийлаштириб олинган. Қўлдан-қўлга ўтган.

    Бугун жаҳон нигоҳида Самарқанднинг ўзига хос қиёфаси бор. Уни сақлаб қолиш дегани ҳар бир ўзгаришни инкор қилиш, янгиликка интилмаслик дегани эмас.

    Буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур бежизга: “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг”, ­­­­­­– демаган. Зеро, келгуси авлодга пала-партиш қурилган уйлар, тушунарсиз қурилишлар, Университет хиёбони кўркига халал берадиган иморатлар эмас, қудратли халқимизнинг куч ва салоҳиятини кўрсатиб турадиган кўркам бинолар қолсин.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.