Top.Mail.Ru
×
Menu
Close Menu

Кузги буғдойни қандай қилиб зарар келтирувчи микроорганизмлардан асраш мумкин?

    Ўсимликларнинг касалликлари қишлоқ хўжалигининг ривожланишида асосий зарар келтирувчи манба ҳисобланади. Касалликнинг кенг тарқалишида кўпинча экологик шароит, қулай иқлим, радиатсия миқдори ва микроорганизмларнинг физиологик хусусиятлари асосий рол ўйнайди. Эволюция жараёнида узоқ давр мобайнида ҳосил бўлган табиий шароит патоген турлар миқдорининг ортиб боришига сабаб бўлади. Ўсимликлар касалликка берилувчан бўлса, тупроқдаги патоген замбуруғлар миқдори ортиб кетади, ўсимлик касалликка чидамли бўлса, касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар миқдори камайиб кетади.

    Қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларига қарши кураш чораларини тўғри белгилашда касалликни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар турини тўғри аниқлаш, уларнинг биологик хоссаларини билиш ва самарали таъсир қиладиган воситалардан тўғри фойдаланиш муҳимдир.

    Фусариум авлодига мансуб замбуруғлар ўсимликларда турли хил илдиз чириши, уруғларнинг чириши, репродуктив органларнинг шикастланиб, ҳосилнинг пасайиб кетишига олиб келадиган касалликларни чақиради. Ҳозирги вақтда ўсимликларни ҳимоя қилиш учун биологик воситаларнинг ривожланаётганига қарамай, асосан кимёвий пестицидлардан фойдаланилмоқда. Бу воситалар самарали бўлишига қарамай бир қатор камчиликларга эга: атроф – муҳитга заҳарли моддалар тўпланади, иқтисодий жиҳатдан қиммат; биологик препаратлар эса ўзларининг кимёвий аналогларига нисбатан бир қатор афзалликларга эга: иқтисодий ҳиҳатдан арзон ҳамда экологик хавфсиз, тўғри фойдаланилганда юқори самарадорликка эга.

    Ўтказилган лаборатория тадқиқотида сут кислотали бактериялар ҳамда бошқа пробиотик микроорганизмларни ўз ичига олган суюқ ҳолдаги “Имбиокон” биопрепаратидан Fusarium, Vertitsillium, Aspergillus, авлоди замбуруғларига қарши антагонистик хусусиятларини аниқлашда фойдаланилди.

    Сут кислотали бактерияларнинг антагонизми улар ишлаб чиқарадиган сут кислотасининг таъсиридан келиб чиқади. Ушбу бактерияларнинг характерли хусусиятларидан бири уларнинг антибиотик фаоллика эга бўлган моддаларни ишлаб чиқариш қобилияти бўлиб, турли микроорганизмларга шу жумладан фитопатогенларга қарши антагонизм аниқ намоён бўлишини таъминлайди. Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги микробиологиясининг истиқболли йўналишларидан бири антифунгал хусусиятга эга бўлган лактобактериялар штаммини аниқлашдир. Бу штаммлар ўсимликларни ҳимоя қилиш ва физиологик жараёнларини рағбатлантириш учун ишлатиладиган экологик тоза биопрепаратларнинг асоси бўлади.

    “Имбиокон” биопрепаратининг фитопатоген микроорганизмларга қарши антифунгал хусусиятини ва касаллик тарқатувчи микроорганизмларга қарши антагонистик хусусиятини аниқлаш учун МРС агарли блок усулидан фойдаланилди. МРС (де Ман Рагоса Шарпе) булёни лактобактерияларнинг ўсиши учун қулай бўлган озиқа муҳити ҳисобланади. Фитопатоген замбуруғларнинг ўсиши учун Чапек озуқа муҳити тайёрланди. Натижалар 27°C да биопрепарат таркибидаги лаcтобактерия култураларини экишнинг 10-кунида, фитопатоген замбуруғларга қарши ҳосил қилган зоналарининг диаметрини ўлчаш йўли билан ҳисобга олинди.

    Препарат таркибига сут ачитувчи бактерияларнинг 12 хил културалари киради. Фатопатоген замбуруғлар сифатида 4 та авлод вакилларидан фойдаланилди. Vertitsilllium dahlee, Aspergillus oryzae, Aspergillus flavus, Fusarium semefectum. Ўтказилган тадқиқот натижасида Имбиокон таркибидаги Лаcтобаcиллус штаммлари ҳосил қилган зоналарнинг диаметрларини ўлчаш орқали бактерия култураларининг фитопатоген замбуруғларга нисбатан чидамли эканлиги аниқланди.

 

Ҳусен Асроров,

Самарқанд давлат университети магистри.