Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири

Олимларнинг эътироф этишича, табиатда барча нарсалар шунчаки яратилмайди ва улар бемаврид, изсиз ҳолда бўлмасдан, балки инсон ва бошқа барча тирик жонзотлар билан чамбарчас боғлангандир. Шу нуқтаи назаридан разм соладиган бўлсак табиат, унинг нодир ва мўжизакор ҳосилалари бўлмиш флора, унинг фаунаси, инсон, жамиятнинг фаолияти билан уйғунлашиб, сингиб кетганки, уларни бир-бирисиз тасаввур этиш қийин, албатта. Гарчанд шундай бўлса-да, айнан инсониятнинг табиатга бўлган бемисл тазйиқи оқибатида жойларда экологик вазият издан чиқиб, атроф-муҳитнинг ифлосланиши янада жиддий тус олмоқда.
Яқинда атроф-муҳит муҳофазаси куни муносабати билан табиатнинг ноёб гўшаси бўлмиш Зарафшон миллий табиат боғида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, табиат миллий боғи раҳбар – мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, магистр ва талабалар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
СамДУ экология кафедраси мудири, профессор Эргаш Қобилов 5 июнь –Бутунжаҳон атроф-муҳит муҳофазаси куни муносабати билан унинг мазмун-моҳияти, минтақадаги экологик вазиятни соғломлаштириш, бу борадаги изланишлар, амалга оширилаётган чора – тадбирлар ҳақида фикр юритди.
- Она табиатимизни асраш, йўқолиб бораётган ноёб турли ўсимлик ва ҳайвонот оламини кўпайтириш олдимиздаги энг муҳим ва долзарб масалалардан бири, - дейди биология фанлари доктори, профессор Зубайдулло Иззатуллаев. – Бугунги тадбирда ҳар бир талаба, магистр ва иштирокчилар бу нарсани ўз тенгдошлари, курсдошлари ва дўстлари орасида тарғиб қилиб, уни асрашна ҳисса қўшиши бизнинг олдимизга қўйган энг катта мақсадимиз.
Маълумот учун, Зарафшон миллий табиат боғи ўтган асрнинг 70 йилларида ташкил этилган бўлиб, жами 2426 гектарни эгаллаган. Унда “Қизил китоб” га киритилган ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, жумладан ҳозирда 10 дан ортиқ хонгулидан ташқари (тулки, чия бўри, жайра, бўрсиқ, типратикан, қум сичқони, судралиб юрувчилар ва бошқ.) 30 турдан иборат сут эмизувчилар, 200 турга яқин қушлар, 300 га яқин ўсимлик (чаканда, мажнунтол, юлғун, қизил дўлана ва бошқ.) турлари, шулардан 59 турдаги доривор ва 20 дан ортиқ техник ўсимликлар ҳамда манзарали дарахтлар ўстирилмоқда.
Дарвоқе, миллий табиат боғига ташриф этувчилар сони тобора ортиб бормоқда ва муҳими - илмий изланишларни янада чуқурлаштириш мақсадида хориж давлатлари ва компаниялар билан ўзаро меморандум ҳамда шартномалар ҳам имзоланганлигини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
Эътиборга молик томони, ушбу гўша ташқи ва ички экотуризмни ривожлантириш мақсадида янада ободонлаштирилиб, тадбиркорликка ҳам кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Хидирали Ботиров,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси;
Дилдора Олимова,
СамДУ докторанти.