Махсус Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати учун

    Диққат янги рукн: Қалб ва қалам

    Самарқанд давлат университети филология факультети битирувчиси, таниқли журналист, маҳоратли ёзувчи, ношир, адабиёт ихлосмандлари учун яхши таниш бўлган “Жумбоқ”, “Қиёфа ўғриси”, “Нотаниш”, “Тоҳир Малик гурунглари” каби асарлар муаллифи, ўзбек телетомошабинлари учун севимли бўлган “Али ва Алия” телесериали сценарий муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори Анвар Намозов “Қалб ва қалам” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони.

    Суҳбатдошимиз “Олтин қалам”гача чекилган журналистликнинг “олтин” машаққатлари, бугунги давр журналистикасининг заиф томонлари ва уни бартараф этиш йўллари, бугунги адабий жараён ҳақидаги кескин фикрлари билан бўлишди.

    Аввало, «Олтин қалам» миллий мукофотига лойиқ кўрилганингиз билан табриклаймиз. Мукофот совриндорлиги таассуротлари билан бўлишсангиз. Бу жараён қандай бўлди?

    - Табрик учун раҳмат! Менимча, бу мукофотни ҳар бир ижодкор орзу қилса керак. Таассуротларга келсак, бир олам. Мен танлов учун ҳужжатларни топшириш муддати тугашига бир ҳафта қолганида ишга киришдим. Материаллар бор эди-ю, уларни танлов ҳайъатига топшириш хаёлимда ҳам, режамда ҳам йўқ эди. Бир уриниб кўрай-чи, деб ишларимни топширдим. Мақолалар ҳар ҳолда «тош босадиган» эди. Шу боис ғолибликка умид уйғонди. Ҳалигача мени саҳнага чақиришгани, қўлимга «Олтин қалам» ҳайкалчасини тутқазишгани хаёлимда бот-бот айланаверади. Танлов ўтказиладиган куни эрталабдан қўнғироқ бўлди. «Бир келиб-кетинг», дейишди... Хуллас, «Олтин қалам» олдим. Негадир буни оддий қабул қилдим. Аммо шунақанги кўп табриклар ёғилдики, ўша куни кечқурун ва эртасига кун бўйи миннатдорчилик билдиришимга тўғри келди. Бу жараён ҳозиргача давом этяпти.

    – Ижодингизда қандай янгиликлар бор, адабиёт ихлосмандларига қандай янгиликлар туҳфа қилиш ниятидасиз?

    - Мен ҳар қандай ижодкор кўп қиррали бўлиши керак, деб ўйлайман. Фақат маълум йўналишда қотиб қолмай, турли жанрларда қалам тебратишни жоиз деб биламан. Бадиий ижод, журналистика, кино, театр, ҳаммасида уриниб кўравериш керак. Афсуски, бугунги кун ташвишлари ижодкорни ишга маҳкам боғлаб қўяди, ижодга вақт ҳам, имконият ҳам ажрата олмайди. Кўпчиликда шундай.  Баъзилар айтиши мумкиндир, ижод илҳом келганда бўлади, деб. Масалан, шоир Муҳаммад Юсуф илҳом деган тушунчани тан олмаган. «Шоир нимадандир кўнгли тўлса, нимадандир озорланса шеър ёзади. Шеър туп­роққа аралашиб ётади. Уни топиб, артиб-суртиб уйга олиб келасан», деган экан бир интервьюсида.

    Менинг назаримда, илҳом дегани ёзиб бошлаганингизда келади. Масалан, «Али ва Алия» телесериали сценарийсини қоғозга туширишимдан олдин, табиийки, ҳеч нима йўқ эди. Андак ғоя бор эди, холос. Уни шакллантириш, бойитиш, кенг қамровли қилиш керак эди. Бу эса мия орқали амалга оширилади. Аммо мия ҳам аксар ҳолларда ўйлай бошласангиз, нимадир бериши мумкин. Каллага туйқус нимадир келиши ҳам, асосан, саъй-ҳаракатлар туфайли рўй беради. Мен қатъият билан ёзишга киришгач, Худойим қаҳрамонлар ва уларнинг ҳаёти ҳақида воқеа, сюжет, диалог ва куч-қувват берди.

    Шу кунларда «Интиқом соати» номли телесериал сценарийсини бошлаганман. Ўзбекларнинг жайдари тилда гаплашувчи қатлами учун комедия ёзиш режам ҳам бор. «Ҳиндистонлик келин» номли комедиям саҳналаштирилган эди. Шуни 25 қисмли сериал қилиб ёзишни ўйлаб юрибман. Бундан ташқари мақолалар ёзиб турибман. Ўрни келганда таржима билан ҳам шуғулланяпман.

    – Сизни баъзилар журналист сифатида билса, баъзилар ёзувчи сифатида танийди. Ўзингизни кўпроқ ким сифатида ёд этишларини истайсиз?

    - Мени иккала жабҳада ҳам тилга олишларини истар эдим. Аммо кўпинча ёзувчилик устунлик қилгандек туюлади ўзимга. Ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиндим. Аммо бу журналистикадан йироқлашиш, дегани эмас. Мен университетни тугатгач, бевосита газетада иш бошлаганман. Кейин эса салкам 10 йил мобайнида каттагина газетада бош муҳаррир бўлиб ишладим. Ҳозир xabar.uz муаллифларидан бириман, ушбу сайт билан мунтазам алоқадаман. Юқорида айтганимдек, кино, театрни ҳам четга суриб бўлмайди. Мени қисқагина қилиб ёзувчи, журналист, сценарийнавис, драматург, ношир дейишса бўлади.

    – Талабалик йилларингиз Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўтган экан. Бу ҳақда нималар дея оласиз? Бугунги эришганларингизда университетимизни қай даражада баҳолаган бўлардингиз?

    - Ҳа, мен Самарқанд давлат университети филология факультетида таҳсил олганман. Бу даргоҳ мен учун ниҳоятда қадрли. Аввало, шунинг учунки, Самарқанд давлат университетида менинг ота-онам ўқиган. Улар шу даргоҳда бир-бирлари билан топишиб, турмуш қурганлар. Мен ота-онамнинг изларидан бориб, асло кам бўлмадим. Энг аввало, СамДУ каби мўътабар олий даргоҳда ўқидим. Улуғ устозлардан сабоқ олдим. Бу гўшада ўтган беш йилим, ҳақиқатан, олтинга тенг йилларим бўлди. Курс раҳбаримиз Илҳом Ҳасанов жудаям моҳир ижодкор эди. Афсуски, биз ҳали ўқишни тугатмасдан автоҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмди. Деканимиз Нуриддин Шукуров бағоят нозиктаъб, зукко домла эди. Валихўжаев домла Навоий бобомиз ижодий фаолиятидан маъруза ўқиб чарчамасди. Исроил Мирзаев, Сайдулла Мирзаев, Беҳбудий домла, Бекмурод Йўлдошев, Қўнғиров домла, Ҳожиметов домлалар ажойиб эдилар. Барибир кўнгил тўлмайди. Шундай улуғ инсонлардан кўпроқ сабоқ олишимиз, қадрига етишимиз керак эди, деб ўйлаб қоламан.

    Талаблик – саркашлик даври ҳам экан. Гоҳида дўстим Абдували билан дарслардан, ижодий учрашувлардан қочиб, сайрларга, киноларга борардик. Пахта далаларида «жавлон урганларимиз» ҳамон эсимда...

    Бугун нималарга эришган бўлсам, СамДУнинг ўрни беқиёс. Мен учун бундай даргоҳ бошқа йўқ. Чунки унинг бағрида улуғ устозларимиз яшаб ўтганлар. Минг афсуски, уларнинг кўплари ҳаётдан кўз юмиб кетишган. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин, руҳлари шод бўлсин.

    – Бугунги ўзбек журналистикасининг қандай заиф томонлари бор деб ўйлайсиз, сизнингча уларни қай тарзда бартараф этиш мумкин?

    – Журналистикамизнинг энг заиф томони, бу – қўрқоқлик. Ваҳоланки, соҳада энг катта омил улкан журъат, кучли жасорат бўлиши керак. Кўпчилик журналистлар ўз ишининг устаси эмас, улар газета ва интернетдаги саҳифаларни ёки эфирни шунчаки тўлдиришни уддалаяпти, холос. Ҳақиқий журналист эса доим энг қайноқ нуқталарда бўлади. Хўш, айтинг, қайси ўзбек журналисти хориждаги уруш ўчоғига борибди? Ҳеч ким! Ҳали-бери бормайдиям! Бизнинг журналистлар матбуот анжуманларида саволларни дўндириб бериши мумкин, холос. Кейин таҳлилга зўр беради. Танқид қилиш керак бўлса, умумий фикрлар берилади. Шунинг учун ҳам бугун фельетон, памфлет дегани анқонинг уруғи бўлиб кетди. Дадил журналистлар бор, аммо жуда кам.

    Журналистикамиздаги яна бир заифлик – аксарият қаламкашлар саводсиз. Улар оддий имло қоидалари, ҳатто келишик қўшимчаларини ҳам билишмайди. Тузган жумлалари ночор ва ғализ. Заиф томонлари яна бисёр.

    Хўш, нима қилиш керак? Журналистларнинг ойлик маоши, қалам ҳақлари кескин оширилиши шарт! Ана шундан сўнг соҳада энг дадил, моҳир, тажрибали журналистларни қолдириш керак бўлади. Аммо мен яқин орада бундай бўлишига умид ҳам қилмайман.

    – Жаҳон журналистларидан кимларни кузатиб борасиз?

    - Мен жаҳон журналистларидан кўра, хориж адибларини кўпроқ кузатаман, уларнинг ижодига тез-тез мурожаат қиламан. Ўрни келганда асарларини ўзбек тилига ўгириб тураман. Масалан, ўтган йили «Ўзбекистон» нашриётидан Юрий Олешанинг «Зависть» асарини ўзбек тилига ўгириб беришимни илтимос қилишди. Вақтим бўлмаса-да, нашриётнинг илтимосини рад этолмадим. Чунки авваллари дадам улар билан ҳамкорлик қилиб, бир нечта асарларни таржима қилиб бергандилар. Вафотларидан кейин рад этсам, нашриётдагилар ранжишлари мумкин эди. Ишга киришдим. Кейин қисқа фурсатда «Ҳасад» китоб бўлиб чиқди.

    – Сизни танқид қилишса қандай муносабат билдирасиз? Ўзингиз ҳам журналист сифатида танқид қилиб турасизми?

    - Ҳар қандай асарни танқид қилиш мумкин. У яхши ҳикоями, қисса ёки романми, жилла қурса, «субъектив факторнинг объектив кульминацияга деградацион таъсири» (Абдуқаюм Йўлдош метафораси) борасида хоҳлаганча пўстагини қоқиш мумкин», дегандим «Тоҳир Малик гурунглари» номли китобда.

    Дарҳақиқат, шундай. Мана, кечагина дастурхон устидаги уч кишилик машваратимизда икки суҳбатдошим Чингиз Айтматов қаламига мансуб «Жамила»нинг авра-астарини ағдаришди. Бундан икки-уч ой аввал эса тўртта нобакор ижтимоий тармоқда Қодирийнинг «Ўткан кунлари»ни танқид нишонига олди. Ўз вақтида Ойбекнинг «Олтин водийдан шабадалар» ва «Навоий» романи ҳам аччиқ танқид қилинган эди. Анча йиллар аввал эса Ойбек Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини кескин танқид қилган.

    Менга келсак Худога шукр, журналистикада ҳам, адабиётда ҳам озгина бўлса-да, ўзимга яраша мавқеим бор. Мен бу билан мақтанмоқчи эмасман, айтмоқчиманки, мени танқид қилишса қилишсин, аммо ҳасад қилишмаса бўлгани. Мақолаларимга келсак, уларнинг аксарияти танқидий мавзуда. Айниқса, «Зарафшон» газетасида ишлаган кезларимда «Бўйнингиздаги кишанни олиб ташланг», «Ягона ҳимоячи», «Телевизорни ўчиришни унутманг» каби мақоларим ва фельетонларим чиқиб турган. Бугун эса асосий иш фаолиятим йўналишини ноширликка қаратганман.

    – “Бутун умр ҳаловатсиз яшашга тайёр бўлганларгина журналист бўлади” деган гап бор. Бу фикрга қандай қарайсиз? Журналистлик нони ҳақиқатан ҳам қаттиқми?

    – Журналистнинг нони жуда қаттиқ. Ҳаловатни истаган одам журналист бўлолмайди. Ёдимда, газетада ишлаган пайтларимизда танқидий материал чиқса, унинг нишонидаги одамлар дод-вой солиб келишарди. Бизни неча марталаб юқорига ёзишган, судга беришган. Уйқусиз тунларимиз кўп бўлган. Журналист бўлганимизга мингдан-минг пушаймон бўлганмиз. Бошқа «хатарли» материаллар ёзмаслик, чиқармасликка қарор қилганмиз. Аммо кейин яна эски одат «хуруж» қилиб қолаверган. Начора, танқид бўлмаса газета ёки сайтни ҳеч ким ўқимайди. Устоз Ҳабиб Темиров айтарди, газетанинг ҳар бир сонида ҳеч бўлмаса битта танқидий мақола бўлиши шарт, дерди. Ёзинглар, мен ўзим сизларни ҳимоя қиламан, дерди. Сўзида турарди ҳам. Бугун шундай муҳаррирлар бормикан? Ҳайҳот, билмадим.

    – Бугун журналистика соҳасида жамоатчиликка тақдим қилинаётган ишларга одамларнинг муносабатини қандай баҳолайсиз, жамоатчилик муносабати сизни қониқтирадими?

    - Жамоатчилик муносабати яхши, кўз тегмасин. Одамларнинг фикри, нуқтаи назари туфайли муаммолар кўтариб чиқилади. Яқин йилларгача ҳукмрон бўлиб келган «прописка балоси»ни жамоатчилик бартараф этди-ку, ахир! Бундай мисоллар кўп! Афсуски, жамоатчиликнинг «тиши ўтмаётган», қобиқни ёриб чиқиш қийин кечаётган, эски ҳолида қолиб кетаётган масалалар ҳам борки, улардан кўз юмиб бўлмайди. Ҳар қанча аюҳаннос солсангу юқорида пинакларини бузишмаса, ҳафсаланг пир бўлади-да! Айниқса, айрим амалдорлар фаолияти билан боғлиқ жамоатчилик фикрининг эътиборга олинмаслиги «юқори»га нисбатан ишончни йўқотади.

    Яна бир гап. Ҳали-ҳануз айрим таниқли шахсларга нисбатан «запрет»нинг борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ахир улар ҳам ҳамюртларимиз-ку, қолаверса, хорижда эмас, Ўзбекистонда, биз билан ёнма-ён яшайдилар. Шундай экан, нега тақиқ қўйишимиз керак? Маддоҳлик қилмаганлари учунми, рўй-рост ёзиб, гапираётганлари учунми? Афсус, минбардаги гаплар билан ҳаёт ҳақиқати бир-бирига тўғри келмаганида аччиқ хўрсиниб қўясан, киши...

    – Адабий нашрларда кўпроқ ҳажвияларингиз билан чиқиб келасиз. Ижодингизда ҳам ҳажвий ҳикоялар талайгина. Бунга сабаб жамиятдаги айрим иллатларни кулги остида танқид қилишми ёки бошқа сабаб борми?

    - Ҳажвияларим унчалик кўп эмас. Одамларга кўтаринкилик бахш этиш мақсадида унча-мунча ёзиб тураман. Сабаби табиатан ҳазил-ҳузулга мойиллигимда бўлса керак. Ҳажвияларим интернетда кўпроқ тарқалиб, ўқувчини жалб қилган бўлиши мумкин. Уларни танқиддан кўра, беғубор кулги, деган бўлардим. Аммо сиз тилга олган аччиқ кулги остига олинган иллатлар ҳам бор. Масалан, «Овчаркалар»да расмиятчиликлар, «Чап қўл»да хушомадгўйлик «савалаб» ўтилган. «Виждон аппарати»да ходимларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги, нўноқлиги юмор воситасида берилган. Ушбу ҳажвиям Россия адабий сайтларидан бирида ҳам эълон қилинган.

    – Ҳар бир ижодкорнинг ўз қалам чархи бўлади, дейишади. Сизнинг қаламингизни чархлаган чарх нима?

    - Дадам раҳматли фарзандларига доим китоб ўқитардилар. Баъзида кечки овқатдан сўнг журнал ёки бирор китобдан парча ўқиб берардилар. Эсимда, ҳадислар матбуотда энди эълон қилина бошланганида улар дадамнинг оғизларидан қулоқларимизга қуйиларди. Биз ҳайрат ва ташналик билан қулоқ тутардик. Уйимизда адабиётга, ижодга мойиллик, қизиқиш бор эди. Мен «чарх»ни китобларда деб биламан. Нимани мутолаа қилмайин, ўзгача қувват оламан. Ён-атрофимизда биз ўқийдиган манбалар шунчалик кўпки, уларни мутолаа қилиб, гўзал дунёдан баҳраманд бўлишимиз керак.

    Афсуски, бугун одамзод интернетга банди бўлиб қолди. Китоб ўқиётганлар жуда кам. Бугун ёшлар тугул катталар ҳам мутолаадан узоқлашяпти.

    – Бугунги Анвар Намозов ҳаётда ва адабиётда ўз ўрнини тўла-тўкис топа олдими?

    - Мен бу ҳақда кўп ўйлайман. Гоҳида ташвишга ҳам тушаман. Агар ота-онам мени ўқитмаганларида бугун нима иш қилардим, дея шукрона келтираман. Ахир нима бўлганда ҳам эркак киши ўзининг оиласи, фарзандлари учун масъул. Уларни моддий жиҳатдан таъминлаши, ўқитиши, вояга етказиши керак. Худога шукр, менинг оилам ҳеч нимага муҳтож эмас. Худди ота-онам каби мен ҳам фарзандларимни ўқитдим, ўқитяпман. Демак, ҳаётда бир мунча ўз ўрнимни топганман. Янада юқори марраларга интиламан, албатта. Адабиётда эса ҳали ўрнимни топмадим. Чунки ижодимни бир ўзанга сололганим йўқ. Анвар Намозов дейилганда, адабиёт аҳли жонланиши, қизиқиб қараши, қолаверса, Wikipediya орқали исм-фамилиям чиқишига эришмадим ҳали.

    - Ҳамма жанрда, ҳатто триллер бўлишиям мумкин. Фақат шеър эмас.

    – Келгусидаги режаларингиз?

    - Режа ва мақсадлар ҳеч қачон тугамайди. Улар тугадими, яшаш ҳам маънисиз бўлиб қолаверади. Келгусида фарзандларимнинг баркамол келажагини кўришни хоҳлайман, албатта. Масалан, ўғлим билан алоҳида шуғулланмоқчиман. Уни институтдаги бўш вақтида IT мутахассислиги бўйича ҳам ўқитиш мақсадим бор.

Яқинда янги адабий журнал очиш бўйича ҳамкорликка таклиф қилишди. Худо хоҳласа, янги журнал чиқариб қолсак ажаб эмас. Ижоддаги режаларим борасида юқорида айтиб ўтдим. Келгусида дадам раҳматли таржима қилган бир нечта китобларни чоп эттириб, адабиёт ихлосмандларига тақдим қилмоқчиман. Хуллас, мақсадлар бисёр. Ҳаёт поезди эса жадаллашдан сира тўхтамайди. Доимо олға юришда давом этаверади.

 

Суҳбатдош Ирода БЕКМУРАДОВА

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими