“Олий математика”

     Уч жилддан иборат дарслиги Самарқанд давлат университети олимлари томонидан яратилганидан хабарингиз борми?

    Самарқанд давлат университети профессорлари Аҳмаджон Солиев Абдурасул Ғозиев, Мамадиёр Яхшибоев, доцент Абдухолиқ Арзиқуловлар ҳаммуаллифлигида нашрдан чиққан мазкур дарслик асосан табиий ва муҳандис-техник соҳаларининг барча йўналишларидаги бакалавриат талабалари учун мўлжалланган бўлиб, унда олий математиканинг назарий асослари ёритилган.

    Олий математика курси ўзи нима, унинг бошланғич математикадан қандай фарқлари бор? каби саволлар кўпчилик учун қизиқ бўлиши табиий. Аслида олий математика ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқитиладиган курс бўлиб, ўз ичига дастлаб олий алгебра ва математик таҳлил каби соҳаларни қамраб оларди.  ХХ аср 70-йилларига келиб унга математик статистика, эҳтимоллар назарияси, чизиқли дастурлаш ва бошқа соҳалар ҳам қўшилган. Баъзан, математиканинг ўрта мактаб дастурига киритилмаган қисмига нисбатан олий математика термини қўлланилади. Аммо ўрта мактаб математика дарсликларига математиканинг кўп соҳалари, жумладан, аналитик геометрия, математик анализ, эҳтимоллар назариясининг маълум қисмлари киритилган. Олий математика техника, иқтисод, қишлоқ хўжалиги ва бошқа махсус ўқув юртларида ўқитиладиган математика бўлимларидан иборат курс бўлиб,  аналитик геометрия, олий алгебранинг айрим бўлимлари, дифференциал ҳисоб, интеграл ҳисоб ва дифференциал тенгламаларни ўз ичига олади.

    «Олий математика» дарслиги олий математиканинг юқорида келтирилган бўлимларига бағишланган бўлиб, биринчи жилдда чизиқли ва вектор алгебра элементлари, текисликда ва фазода  аналитик геометрия ҳамда функциялар ва уларга хос хусусиятларнинг математик таҳлили ёритилган. Дарсликнинг иккинчи жилдидан функция ва интеграллар назариясига доир тушунча ва амалий билимлар, учинчи жилддан дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика ўрин олган. Бундан ташқари талабалар учун амалий машғулотлар жараёнлари ва ўқувчилар билимини назорат қилиш учун  топшириқлар, мустақил ва назорат ишлари, намунавий ҳисоб топшириқлари, лаборатория ишлари ташкил қилишга керакли бўлган тушунчалар ҳам келтирилган. Шунингдек, дарсликнинг ҳар бир бобларида мавзуларнинг назарий қисми, уни мустаҳкамлаш учун ўз-ўзини текшириш саволлари, амалий машғулотлар учун мисол ва масалалар, мустақил бажариш учун ёзма ишлар материаллари ҳам берилган.

    Буюк аждодимиз Мусо ал-Хоразмий асос солган алгебра фанининг туб илдизлари Шарқда, айнан бизнинг ўлкамизда шаклланганини бугун бутун дунё тан олади. Шарқ алломаларидан Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Насриддин Тусий кабиларнинг алгебра, геометрия ва тригонометрия соҳаларида қилган ишлари Европа математик олимларининг ҳам диққатини жалб қилган. Академик Қори Ниёзий бошлаб берган олий математиканинг аналитик геометрия, математик таҳлил ва дифференциал тенгламалар бўлимларига бағишлаб ўзбек тилида дарслик яратиш ишларининг ўзига хос давомчиси бўлган мазкур китоб математика фани ривожига яна бир тамал тош қўйиши шубҳасиз.

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.