Сизни тушунишлари учун сиз ҳам ҳаракат қилинг!

Халқимизнинг “Гапни гапир уққанга” деган ажойиб нақли бор. Суҳбатни табассум билан бошланг, исми билан мурожаат қилиб хотин-қизларга “хон”, “бону”, эркак кишига “жон”, “бек”, “бой” сингари унга ёқимли эшитиладиган қўшимчаларни ишлатинг, исмини айтиб чақириш, бу инсоннинг шахс сифатида тан олишдир. Унинг кичик муваффақияти бўлса ҳам олқишланг, хайрихоҳлигингизни билдиринг. Сиз суҳбатдошингизни энг аввало суҳбатга тайёрланг, гап нима ҳақида эканлигини англатинг, моҳиятини тушунтиринг.
Агар суҳбатдошингиз нима ҳақида суҳбат кетаётганлигини яхши англамаса, тушуниб етмаса, кутилган натижага эриша олмайсиз. Баъзи бир инсонларга бир оғиз сўз кифоя, баъзиларига эса узоқ тушунтиришга тўғри келади. Сиз шундай иш тутингки, улар сизни фақат шунчаки тингламасинлар, балки эшитсинлар. Агар сиз раҳбар бўлсангиз бошқарув мулоқотини ўзлаштиришингиз лозим. Бошқарув мулоқоти - бу одамларга раҳбарлик қилиш мақсадидаги мулоқот, яъни улар фаолиятини маълум йўналишда ўзгартириш ёки керакли йўналишда ташкил қилишдир.
Раҳбар бошқарув мулоқотида ўз қўл остидагилар билан қуйидаги муносабатларда бўлади.
1) буйруқ бериш, ниманидир тавсия қилиш, маслаҳат бериш;
2) бажарилган иш ҳақида ўз қўл остидагилардан ахборот олиш;
3) қўл остидагиларнинг берилган топшириқни бажаришларини баҳолаш.
Буйруқ бериш, топшириқ ижросини текшириш, ҳамда баҳолаш, бу бошқарув фаолиятининг уч босқичи бўлиб, бошқарув мулоқотининг учта вазифасини акс эттиради. Буюрувчи ахборот бериш, тескари алоқа олиш ва баҳолов ахборотини бериш. Албатта раҳбарлик фаолияти бу учта вазифа билангина чегараланмайди, лекин бошқарув мулоқотида улар етакчилик қилади. Юқоридаги учта вазифа ичида буюрув ахбороти бериш вазифаси раҳбарлик фаолиятида муҳим ўрин тутади. Самарали мулоқот бу - кам вақт ва энергия сарф қилиш, бу бошқалар сизнинг топшириқларингизни сидқидилдан бажариши, бу психология фанини чуқур билиш демакдир. Шунинг учун бошқарув мулоқотининг психологик қонунларини билиш мақсадга мувофиқдир.
Англаш - эшитиш органларини ишга солиш, эшитиш - ўз диққатини жалб қилиш, мияни ишга солиш. Бу эса - берилган топшириқни самарали бажаришдир.
Хизматчилар ўз бошлиқларини яхши тушунишларида қуйидаги 5 та шарт асосий омил ҳисобланади:
- касбнинг бирлиги;
- интеллект даражасини ҳисобга олиш;
- ахборотнинг тўлақонлилиги;
- баён этишнинг мантиққа мувофиқлиги;
- диққатнинг жамланиши.
Тушуниш - гапираётган одамнинг сўз оҳангига боғлиқ. Агар топшириқ бераётганда қўл остидагиларнинг тушунмаётганлиги доимо таъкидлаб турилса, қўпол оҳангда гапирилса, бундай раҳбарни тушуниш қийин. Бу ҳолда тинглаётган одамнинг диққати топшириқнинг мазмунига эмас, балки, гапираётган одамнинг муомаласига, ўзини тутишига жамланади.
Бундай шароитда тингловчида “Агар сиз хотиржам гапирсангиз, яхшироқ тушунган бўлар эдим” деган фикр туғилиши табиий. Тингловчи раҳбарга ҳеч нарса демаган ҳолда ҳам, уни кўпроқ тушунишларини хоҳлаши аниқ.
Қўл остидагилар ўз раҳбарларини тушунганларида ҳам, берилган вазифаларини тўла бажаравермайдилар. Масалан, айтайлик, қўл остидаги одамлар ишга ўз вақтида келиш, яхши ишлаш, иш вақтида бошқа ишлар билан шуғулланмаслик, топшириқни ўз вақтида бажариш кераклигини яхши билишади. Шунга қарамай, ҳар доим ҳам бунга амал қилавермайдилар.
Демакки, ходимлар раҳбарни тушунсалар ҳам ҳар доим у билан келиша олмайдилар. Ходим ўз раҳбарининг топшириғини фақатгина ички эътиқодларига мувофиқ келгандагина, яъни топшириқни бажариш зарурлигини қалбан ҳис қилганидагина, уни астойдил бажарига киришади.
Ҳар қандай шароитда ҳам одамлар ўзларига ёққан одамлар билан мулоқотга тез киришадилар, аксинча, ўзларига ёқмаган одамлар нуқтайи назардан келишишлари қийин. Бу “қонун” инсоннинг ўз ҳаётидан, табиатидан унинг психологиясининг хусусиятларидан келиб чиқади. Инсон учун маънавий иқлим табиий жисм иқлимидан кўра муҳимроқдир. Бу омилни қандай бошқариш, раҳбарлик хизматига жалб қилиш, раҳбарлик мулоқотида уни қўллаш, йўл-йўриқлари ҳақида кўпроқ гап боради.
“Олтин сўзлар” усулидан кўпроқ фойдаланинг. “Олтин сўзлар” иборасининг синоними сифатида кўпинча “чиройли”, “таъсирчан”, “жуда қимматли” сўзлар ишлатилади, бир сўз билан айтганда булар комплимент деб юритилади.
Комплимент - бу инсоннинг ижобий сифатларини бир оз кучайтириб айтиладиган сўзлардир. Шу билан бирга суҳбатдошлар ўртасидаги хизмат муносабатларида аттракцияни шакллантириш улларидан биридир. Инсон ўзига қаратилган комплиментни эшитганда унда ижобий ҳиссиёт уйғонади. Агар кимгадир “Сиз ўзингиз ақллисизку”, “Сиз кучлисиз”, “Сиз одамларга жуда яхши таъсир курсата оласиз!” деб таъкидлаб турсангиз, агар бу хислатлар унда бўлмаса ҳам у одам ўзининг бу “қобилиятини” юзага чиқариш, ўзини сизга кўрсатишга ҳаракат қилади. Комплимент таъсир механизми асосида ишонтириш психологик механизми ётади. Маълумки, инсонга орзуларининг рўёбга чиқишини ишонтириш мумкин. Ишонтириш бу орзуларининг сиртдан амалга ошишига ишонишини орттирса, бу асосий ижобий эмотсияларининг ҳосил бўлишига олиб келади.
Хулоса қилиб айтганда инсон бу борлиқда мавжуд экан, тинимсиз атрофидагилар билан мулоқотда бўлади, у истайдими, йўқми?!
Баъзида ёқтирмаган кишиси билан бир вагонда сафарга чиқиши ёки ҳеч қачон келиша олмаган ҳамкасби билан бир хонада йиллаб ишлашига тўғри келиши мумкин. Гоҳида кўргани кўзи йўқ одам билан шартнома тузишига ҳам тўғри келиб қолади. Ҳар нечук уларни доим бўлмасада тез-тез учратади. Инсон ўз яқинлари ва дўстлари билан мириқиб суҳбатлашади, бу шубҳасиз. Аммо жамиятдаги барча шахслар унинг дўстлари эмас-ку! Улар билан қандай суҳбат қуриш мумкин. Маданиятли шахс учун бу ҳеч қачон муаммо туғдирмайди. Муаммо шундаки, жамиятдаги турли табақадаги шахслар билан суҳбат қуришнинг саноқли қоидалари борки, уни ҳамма ҳам билавермайди ва шу сабаб катта-кичик кўнгилсизликларга учрайди. Кўп ҳолларда бундай инсонлар нафақат кўнгилсизлик, балки омадсизликларга ҳам дуч келади. Бу ачинарли ҳолат, албатта. Инсон бундай ҳолатга ҳеч қачон тушмаслиги ҳам мумкин. Бунинг учун турли инсонлар билан суҳбатлашиш жараёнида бир неча кичик қоидаларга амал қилса бас:
Суҳбатдошингизга оғир ботадиган, хафа қиладиган, ноқулай вазиятга солиб қўядиган, гапиришни истамайдиган мавзу бўйича суҳбатлашиш мумкин эмас.
Суҳбатдошингизга ўзингизга таъриф, тасниф беришдан, ўз муаммо ва ютуқларингиз ҳақидаги маълумотга эътиборни кучайтиришдан қочинг. Суҳбат чоғида ўзингизни “мен”ингизни марказий жойга қўйманг, камтар бўлинг.
Ўзингизни фикрингизни уқтиришдан олдин уялиб қолмаслигингиз учун ҳамсуҳбатингизни ижтимоий келиб чиқиши, шахс сифатида айтилаётган масала юзасидан қандай маълумотга эга эканлигини билиб олгандан сўнг суҳбатга киришинг.
Суҳбатдошингизни ҳурмат қилишга ўрганинг, ҳатто унинг фикрини сиз нотўғри деб билганингизда ҳам охиригача эшитинг.
Бошқа инсонларни ғийбат қилишдан, уларни муаммоси ҳақида гаплашиш ҳам ахлоқсизлик саналади.
Хуллас, бу мавзуда жуда кўп тўхталиш лозим, чунки мазкур йўналишда аҳолимизни, ёшларимизни қадриятларимизни сингдиришга ўргатиш давр талабидир.
Мухтасам Сулаймонов
Самарқанд давлат университети
психология назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси