Кимдир (иккинчи қисм)
2
Соат еттига яқин ишдан чиқдим. Ҳаво анчайин совуқ. Осмон қуюқ қора булут пардаси билан қопланган, ўлим тўшагида ётган бемордай маъюс, бўзарган қиёфада боқиб турибди. Aтрофда октябрнинг этни жунжиктирувчи шамоли изғиб юрарди. Пиёда кета бошладим. Таксида қатнашга чўнтак “дош бермайди.” Бунинг устига ҳар дам олиш куни “йўқлаб” турадиган улфатларнинг турли ресторан, дам олиш жойларига судровига бардош бериши керак. Телефоним жиринглади. Экран юзида “Рустам” исмини ўқишим билан, эрталабки номаълум мактуб ёдимга тушди. Илжайиб, гўшакни кўтардим. Рустамнинг овози мен кутгандай қувноқ жаранглаш ўрнига аллақандай жиддий ва хомуш эшитилди. Рустамнинг телефон қилишидан муддао унга пул керак экан. Ишлари ўхшамай турганмиш. Қарзга ботиб қолибди. Уч кун ичида пул топиши керакмиш. Унга пул берадиган шароитим йўқ эди. Вазиятни тўғри тушунтирдим. Рустам ранжигандек бўлиб, хайрлашди. Уни тўхтатиб, бугун меникига борган-бормаганини сўрадим. Бир ҳафтадан бери қишлоғида эмиш. Шаҳардаги уйига ижарачи қўйишга тўғри келибди. Рустам билан тезда хайрлашдим...
Кечқурун кеч ухлаган бўлсам ҳам негадир тонгда уйқум ўчиб, эрта уйғондим. Бонгсоат чалишини кутиб пича ўй суриб ётдим. Бошқаларидан сира фарқ қилмайдиган яна бир кун бошланди. Фақат уй-иш, иш-уйдан иборат бир хил ҳаёт баъзида одамни зериктиради. Гўё бу дунёда фақат бир ўзинг қолгандек. Шаҳарнинг талатўп гирдоби ютиб юбораман дейди. Сен бир тараф, истакларинг иккинчи тараф бўлиб қолади. Онам раҳматли ҳаётлигида қишлоққа тез-тез бориб турардим. Онамнинг вафотидан кейин у тарафга қадам қўйишим сийраклашди. Борганим билан нима ҳам қилардим. Укамнинг афтига тикилиб ўтираманми?! У ҳам қаршисида мени кўриши билан насиҳат халтасини очиб олади. Нима эмиш: Баҳор янгам билан ярашингмиш. Худодан қўрқишим керакмиш. Мен Худодан қўрққулик нима иш қилдим ўзи? Баҳорага ўзи аввалбошдан кўнглим йўқ эди. Беш йилдан кейин қандай қилиб кўнгил бўлсин?! Бунинг устига Худо бирорта фарзанд ҳам бермади. Ҳарна, болаларимнинг онаси деб меҳр қўйсам. Шундай бўлганидан кейин, нима қилайин эди?! Қолаверса, унинг ўзи ҳам мени унчалик хушламасди. Нуқул жанжал, ғиди-биди, арзимаган сабаблар топиб койишлар. Нима, мен унга бутун умр койиш эшитай деб уйланганмидим?!
Баҳоранинг наздида мен гуноҳкор одам эканман. Худонинг фарзанд бермаганлиги сабаби ҳам шу эмиш. Фарзандли бўлишни истасам, юришимни тўғрилашим керакмиш. Туришимга нима қипти десам, мени ҳеч нарсадан хабари йўқ деб ўйлайсизми дейди.
—Хабаринг бўлганда нима?! Нима ҳам қила олардинг?! Сенга хиёнат қилишимни билсанг, унда нима қилиб бу ерда турибсан, кет! - дедим.
Тавба, аёл кишининг иродаси қанақа бўлади, билмадиму мен уни ўша заҳоти кетиб қолади деб ўйлагандим. Лекин у шунда ҳам менга индамай тикилиб турди-ю, "Aллоҳдан қўрқинг" деб, ошхонага чиқиб кетди. Шу билан ишга кетдим. Ярим кечаси ширакайф бўлиб қайтдим. Тўғриси, уни аллақачон онасиникига кетган деб ўйлагандим. Шунинг учун ҳам Рустам билан ўтириб, ичгандик. Келсам, у ҳалиям уйда. Ярим тунда ухламасдан мени кутиб ўтирибди. Aламим келди. Кичкиналигимда укам билан ғижиллашиб қолсак, онам мени уришарди. Онамдан ранжиб, энди бир ҳафта онамга гапирмай, мени уришганига пушаймон қилдираман, деб режа қилардим-у бир соатдан кейин онамнинг ўзи яхши гапириб келиб ўтирарди. Ўзимни хўрлангандай ҳис қилардим. Нима мен бир итмидимки, аввал калтаклаб, кейин шу заҳоти эркалайдиган?! Баҳоранинг бу қилиғи ҳам менга шуни эслатди. Зарда қилиб, меҳмонхонага чиқиб ётдим. Унга умуман гапирмай қўйдим. Шу тарзда ҳам икки ойча яшадик. У менга гапиришга, ярашишга кўп ҳаракат қиларди, лекин мен унамасдим. Бора-бора унга очиқдан-очиқ хиёнат қиладиган бўлдим. Кўз олдида телефонда гаплашардим. Уйга хоҳлаган пайти келардим, хоҳлаган вақтимда чиқиб кетардим. "Кўрамиз, сабринг қаёққача бораркин" қабилида иш тутардим. Мақсадим у билан бутунлай ажрашиш эди. Ва ниҳоят бир куни бу ниятимга ҳам етдим. Доимгидек уйга кеч, бунинг устига маст бўлиб қайтсам, Баҳора яна мени кутиб ўтирган экан. Индамай меҳмонхонага ўтиб кетаётувдим, тўхтатди. Йиғлаб-сиқтаб дийдиёсини бошлади. Бу ҳол қачонгача давом этишини сўради, одамларга ўхшаб яшайлик деди. Мен унга у билан ажрашмоқчи эканлигимни айтдим. "Менга фарзанд туғиб берадиган бошқасига уйланаман. Ғуруринг борми ўзи, шунақа хўрланиб яшашга юзинг қандай чидайди, бу уйдан қанча тез кетсанг шунча яхши!"- дедим-у хонамга кириб кетдим. Эрталаб турсам, уй жимжит. Баҳора бутунлайига уйни тарк этибди. Мана шу воқеага ҳам икки йилдан ошди. Баҳорани судда расман ажрашган кунимиздан бери кўрганим йўқ. Орқаваротдан эшитганларимга кўра, ҳозир акасиникида яшар экан…
(давоми бор...)
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.

