Кимдир
1
Қадрини излаган қадрсиз,
Ўликлар тирикдир қабрсиз,
Тириклар ўликдир сабрсиз.
Руҳим бир тан ичра яшолмас.
(Шаҳризод Шодиев)
Эрталаб уйғониш қийин бўлди. Кеч ухлаганим учунми ёки қаттиқ чарчаганмидим, бонгсоат учинчи марта чалганда ҳам ўрнимдан тургим келмади. Aммо ишга бориш керак эди. Наилож, эриниб ўрнимдан турдим. Кеча сал “кўпайиб” кетганми, бошимнинг ичига бир тўда ари кириб олгандай ғувиллаб оғрирди. Муздек сувда ювинганимдан кейин сал-пал ўзимга келдим. Бунақа “ғувиллашлар” ҳар куни бўлмаса ҳам кунора бўлиб тургани учун ўрганиб кетганман. Совуқ сувда ювиниб, икки чашка аччиқ қаҳвадан кейин “отдай” бўлиб кетаман. Ошхонага ўтиб, чой қўйдим. Деразадан атрофни кузатганча сув қайнашини кута бошладим. Қуёш чиқиб тургани билан ҳаво совуқ шекилли, кўчадаги одамлар пиджак, куртка, шунга ўхшаш иссиқ кийимлар кийиб олишибди. Деразани очишим билан муздек, аммо ҳузурбахш ҳаво ёпирилиб кирди. Ўпкамни тўлдириб нафас олдим. Ҳаводан ўткир ёмғир ҳидига аралаш нарироқдаги бодроқ будкасидан келаётган қовурилган жўхори ҳиди анқирди. Жунжика бошладим, лекин бу танамга ёқарди. Чойнак ҳуштак чалди. Қаҳва дамлайман деб шкафни очганимдагина кеча қутидаги охирги қаҳвани дамлаганим эсимга тушди. "Жин урсин! Энди пастга тушиб чиқиш керак. Ўзи ишга шошиб турибман. Лекин қаҳва ичмасам ҳам бўлмайди." Наилож, устимга плашимни илиб кўчага чиқдим.
"Баҳора уйда бўлганида ҳам ўзи олиб келиб берарди. Бунақа танг вақтда шиппагимни судраб, кўчада юрмасдим. Aёл зоти ўзи шу: керагида топилмайди. Мен-ку усиз ҳам бир кунимни кўриб кетарман, лекин у ҳали кўп пушаймон бўлади. Хотин киши яхшими, ёмонми тақдири қўшилган одамга чидаб, кўникиб яшаши керакми? Керак. Шундай экан, айбни менданмас ўзидан ахтарсин. Мен ҳали ёмон бўлиб уни нима қилибман?! Бирон марта чертмаган бўлсам. Уришиб қолганимизда ҳам ўзимни босиб гапирардим…"
Дўкондан бир қути қаҳва олиб чиққунимча беш дақиқа ўтди. Уйимга келиб, эшикка калит соларканман, ер остида ётган конвертга кўзим тушди. "Қизиқ? Боя ҳам бормиди бу конверт?” Бир муддат тўхтаб, эслашга уриндим. Эшикни очганимда бу ерга кўз ташлаганим эсимда. У пайт ҳеч нарса йўқ эди. Демак, мен пастга тушганимда ташлаб кетишган. Ундай бўладиган бўлса подъездда ҳеч кимга дуч келмадим-ку?! Ёки мен дўкондалигимда ўтиб кетишдимикин?! Лекин дўкончада ҳам унчалик кўп қолганим йўқ. Бир қути қаҳвага пул тўладим-у, чиқдим…Ҳа, майли, бу ёғини ўзи билади. "
Бошида хатни коммунал тўловларни тўлашга эслатма бўлса керак деб ўйлагандим. Лекин уйга кириб конвертни айлантириб кўрдим. Конвертга манзил ёзилмаганди. Ҳайрон бўлиб ичини очсам қандайдир хат. Бироз ўнгга қийшайган, лекин тушуниш осон ёзувлар оқ қоғознинг ярмини тўлдирганди.
“ Салом, биродар!
Aёлингни уйига ҳайдаб, ўзингча эркин қушдай яшаб юрибсанми? Ҳойнаҳой, ҳалиям эгарингдан тушмагандирсан?! Хўш, аёлингдан азиз, қадрли бўлган ўша нозанинлар жон куйдириб хизматингни қилишяптими? Ёки пушаймонлик ўтида ёниб, минг турфа ўйларинг бошингни еяптими?
Кўп уринма...сен бу ўйлардан бу дунёда халос бўлолмайсан. Минг чиранганинг билан улар сенинг хотирангда қолиб, ҳар бир кунингда ёдингга тушиб, миянгни игна каби ўйиб бораверади. Эҳтиёт бўл, сенинг ишлайдиган бирдан-бир аъзойинг ўша миянг ахир…
Омон бўл. Хатни ким ёзган экан деб, қидириб овора бўлма. Мени тополмайсан. Лекин истасанг, ўша заҳоти қаршингдан чиқаман. Сенга инсоф ва сабр тилаб
Кимдир”
Жуда ғалати…бунақа бемаъни ҳазилни қайси танишим ўйлаб топиши мумкинлигини ўйлай бошладим. Хаёлимга синфдош дўстим Рустамдан бошқа ҳеч ким келмади. Бўлди. Aниқ ўша. Илгарилари ҳам турли нотаниш рақамлардан номаълум хабарлар ёзиб, ҳазил қилиб юрарди. Шу одати ҳалиям бор экан-да. Энди номаълум хатга ўтибди-да. Эринмаган банда! Шартмикин шунақа майнавозчилик. Бир тарафдан кулгим қистаса, иккинчи тарафдан арзимаган майнавозчиликка эринмасдан шунча “ташвиш қилиб” юрган дўстимдан жаҳлим чиқди. Ишдан чиқиб ишхонасига бир кириб ўтишни дилимга тугиб, апил-тапил қаҳвамни ичдим-у, ишхонага югурдим. Ой охири яқинлиги учун одамни кўмиб юборар даражада иш кўп, бош қашиш тугул, киприк қоқишга ҳам вақтни қизғаниб қолган пайт. Бўлим бошлиғимизнинг йиғилмаган кўрпадек тиришган пешонаси ҳар соатда бошимиз устида “кўкаради”. “Иш, иш, фақат иш” Ёнингга ўгирилиб ҳамкасбингга гапиролмайсан. Фақат туш вақтидагина оз бўлса-да эркин нафас олишга имкон бўлади. У ҳам бир соатдан ошмайди. Шу билан кечгача яна рақамлар тўла қоғозлар бизни кутади. Хона бўйлаб фақат компютер тугмаларининг босилгандаги “шиқ-шиқ”и-ю, қабул бўлимидан келаётган ғўнғир-ғўнғир товушлар эшитилиб туради. Ҳисоб бўлимида ўз номига мос тарзда тинчлик ҳоким, фақат кўз ва қўллар ишайди. Орага тилингиз бемақсад аралашса, арзимаган хато туғилиб, уст-устига ўзига ўхшаганларини туғишга тушади. Бундан ёмони эса йўқ. Соат беш-беш яримларда бошқа ходимлар битта-битта ғойиб бўлишади. Лекин бизнинг бўлим кўпинча қоронғу тушгунича ишлайверади.
(давоми бор...)
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
Филология факультети талабаси.

