1-қисмни ўқиш

-II-

    Кейинги кунлар давомида бека бетоб бўлиб қолди. У кун бўйи  кўзларини ташқарига тиккан кўйи дераза олдига қўйилган диванда ётар, онда-сонда келиб турадиган қизи энди ҳар куни шу ерда эди. Бека кун бўйи туз ҳам тотмас, тиқ этган товуш эшитилса, эшикка термуларди. У ўша узоқдаги ўғлини кутар, Худодан эсон-омон қайтишини тиларди. Аммо бир ҳафта ўтса-да ўғлидан дарак йўқ эди. Бека ўрнида ётган кўйи биз билан гаплашар, тушида ўғлини кўрганини айтиб берарди. Шу лаҳзада ўша ўғилнинг қайтишини мен ҳам истай бошладим. Агар у келса, бека тузалиб кетар ва яна аввалги осуда кунларимизга қайтардик.

    Эртаси куни бизни, яъни ҳамма гулларни ошхонга ўтказишди. Буни беканинг қизи амалга оширди. У буни шунчалик тез ва совуқлик билан қилдики, ҳозиргина дераза рахида чиройли қилиб терилган гуллар ўн дақиқа ўтгач ошхона бурчагида бетартиб аралашиб ётардик. Бу ер биз учун жуда ноқулай эди. Қуёш нури умуман тушмасди. Ҳавоси ҳам бўғиқ эди. Биз шу алфозда яна бир ҳафта чамаси турдик. Нафасим бўғила бошлади, бунинг устига анчадан бери сув ҳам ичмагандим. Беканинг қизи ҳар куни ошхонага кириб-чиқиб турар, бизга қиё ҳам боқмасди. Бека эса умуман кўринмай қолди. Бу ерга кўчиришган куни нариги хонадан беканинг  паст, синиқ овози эшитилиб турганди. Аммо мана бир ҳафтадирки, бу овоз ҳам эшитилмай қўйди. Балки, ўғли келгач, бекани олиб кетгандир, деб ўйладим. Бироқ, хонада бирорта бегона одамни кўрмадим.

    Тупроқ тобора қуриб борар, вужудимда беҳоллик сезардим. Тик қаддим букила бошлади. Бекани чақирдим, аммо мени ҳеч ким эшитмасди. Бошқа гулларнинг ҳам аҳволини яхши деб бўлмасди. Кун давомида фақат мудраб ўтирар, ҳеч нарсани сезмасдим. Бир куни доимгидек мудраб ўтирган эканман, аллақандай силкинишдан уйғониб кетдим. Қарасам, беканинг қизи гултувакларни битталаб аравачага ортяпти. Кейин яна мудраб қолибман, бу ёғини эслолмайман. Кўзимни очганимда ўзимни яна пештахтада кўрдим. Бу ўша бир пайтлар бекам мени сотиб олган гул дўкони эди.

-III-

    Гул дўконида ўн кун турдим. Келганимнинг ўн биринчи куни дўкон эгаси мени бир қизчага ҳадя қилди. Аниқроқ айтадиган бўлсам, қизча хонимга гултуваклар солинган юкини дўконгача олиб келишда ёрдам берган экан. Хоним пештахтадаги гулларни қизиқиш ва ҳайрат билан томоша қилаётган қизчага миннатдорона оҳангда энг охирги пештахтадаги гуллар орасидан хоҳлаганини танлаб олиши мумкинлигини айтди. Суюнганидан қайси гулни танлашни билмай узоқ ўйланиб турган қизчанинг танлови мен бўлдим. Шундан кейин қизчанинг бағрида унинг уйига кетдим. Қизча мени меҳмонхонага олиб кирди, креслода ястанганча ўтирган одамга салом берди. Эркак, қизнинг дадаси бўлса керак, совуқ алик олди. Қизча мени қўлида тутган кўйи дадасига термулди. Назаримда у дадасининг гулни қаердан олганини сўрашини, бунга жавобан бугунги хайрли ишини айтиб, дадасидан бир оғиз мақтов эшитишни кутарди. Аммо тамаки тутатганча паришон ўтирган дада унга ҳеч нарса демади. Қизча мени стол устида қолдириб, ичкарига кириб кетди. Хона тор ва тартибсиз эди. Жавондаги кийимлар бетартиб сочилиб ётар, ерни синган шиша идиш синиқлари қоплаб олганди. Бироз вақт ўтгач, эркак бир қўлида чала чекилган сигарет донасини тутганча  телефон қаршисига борди. Узоқ вақт тараддудланиб рақам тера бошлади. Нариги томондан аёл кишининг овози келди.

     “...Ало... Илтимос, гўшакни қўйма. Мени кечир, ўтинаман. Бу бошқа такрорланмайди. Сўз бераман сенга...ёлғон эмас. Гапларим рост... Ваъда бераман ичишни ташлайман...Фарзандларимиз учун, илтимос...”

    Орадан икки соатлар ўтгач, нариги хонада ёш боланинг йиғиси эшитилди. Унга ғала-ғовур овозлар ҳам қўшилди. Афтидан уй бекаси қайтганга ўхшарди. Хўжайин шодон қиёфада унга пешвоз чиқди. Кейинги бир соат давомида аёлнинг йиғи овози тинмади. Мен эса мудрай бошладим.

    Эрталаб совуқ ҳаводан сесканиб кўзимни очдим. Хона деразалари ланг очиб қўйилган, бека ҳафсаласизлик билан уйни тартибга келтирарди. Ишга ҳаддан ортиқ берилиб кетганиданми, ёки ўзи шундаймиди, ҳар ҳолда у менга қайрилиб ҳам қарамади. Стол устини артаркан, мени зарда билан дераза рахига ўтказиб қўйди-ю, ишида давом этди. Кунни ана шундай хомуш кайфиятда ўтказдим.

(давоми бор)...

Ирода Бекмурадова,

Самарқанд давлат университети

филология факультети талабаси