Қора шаҳзода (ҳикоя)
-I-
Мен бутун оламни ўша мен ўсган иссиқхона деб ўйлаб юрардим. Энди билсам, олам фақат қуёш нури, сув томчилари, тўрт девор ичидаги гуллар-у, иссиқхонадаги «меҳрибон» одамлардан иборат эмас экан. Бу ҳаётда бошқа нарсалар ҳам бор экан. Хотираларим сув солинган шиша идишда томир ёя бошлаган илк кунларимда ўша қоронғу хонада бошланган. У ерда ёлғиз эмасдим. Бизнинг турдагилар, шунингдек, бошқа турдаги ўсимликлар кўп эди. Кейинроқ бизни бошқа жойга кўчиришди. Аниқроқ айтадиган бўлсам, ҳар биримизни алоҳида-алоҳида қилиб тувакларга жойланган тупроққа экиб чиқишди. Янги ҳаётга кўникиш осон бўлмади. Аммо тез фурсатда ўзимга келдим. Шундан кейин анча вақт иссиқхонада бўлдим. У ерда ўзимни жуда яхши ҳис қилардим. Шундан бўлса керак, бўйим ўсиб, баргларим катталаша бошлади. Бироз вақт ўтгач мени, ва бир талай шерикларимни аллақандай қоронғу тўртбурчак қутиларга жойлаб гул дўконига олиб келишди. Дўконда унчалик кўп турмадим. Келганимнинг учинчи куни ёқимтойгина кекса кампир мени танлаб олди. Кейин кампирнинг тўрхалтасида унинг мўжазгина уйчасига келдим. Хона жуда шинам ва саранжом эди. Токчалар бўйлаб қатор туваклар терилган, улар орасида ҳар қандай турдаги гуллар бор эди. Геран, алое, хитой атиргули, бинафша, лаванда, гортензия ва ҳатто афеляндра ҳам. Лекин мен ўзимнинг туримда ягона эдим. Ҳамхоналарим билан яқиндан танишиб олдим. Кекса бекамиз бизга жуда ғамхўр эди. Сув ва озуқани меъёрида берар, енгил нафас олишимизга етарлича шароит бор эди. Аммо мен қуёш нури ҳаддан ташқари кўп тушадиган жойда туриб қолгандим. Шу сабабдан, рангим ўзгариб, оч тусга кириб қолдим. Бека буни дарров сезди ва мени нариги токчадаги лаванданинг ёнига ўтказди. Ҳаётим жуда осуда эди. Бека эрталаб жуда барвақт уйғонар, қибла томон каратиб тўшалган жойнамоз устида узоқ вақт ибодат қиларди. Кун давомида майда-чуйда ишлар билан банд бўлиб, гоҳ ошхонада куймаланар, гоҳ ҳовлида алланималар билан банд бўларди. Кечга яқин хона ўртасидаги столда овқатланарди. Беканинг Момиқ деган мушуги бор эди. Бека доим овқатланаётганда у билан гаплашар, уни ҳам овқат билан сийлашни унутмасди. Бека Момиқдан ташқари гоҳида биз билан ҳам гаплашар, япроқларимизни силаб эркалаб ҳам қўярди. Баъзида уйимизга бир аёл ҳам келиб турарди. Унинг исмини билмайман, лекин менга ёқмасди. Бека у билан анча пайт гаплашиб ўтирар, кеч туша бошлагач аёл ғойиб бўларди. Бир куни ўша аёл яна келди. Иккиси кечгача гаплашиб ўтиргач, аёл кетди, бека эса чироқни ҳам ёқмасдан қоронғу хонада узоқ хаёл сурди. Сўнг токча ёнига келиб, менинг кенг ёйилган япроқларимни ушлади.
— Қора шаҳзодам,- деди у баргларимни силаркан,- паҳлавоним.Сен бу ердаги ҳамма гулларнинг шаҳзодасисан, шунингдек ҳимоячиси ҳам. Қаддингни тик тутиб, қулочингни кенг ёзиб ўсавер. Мен сенга ишонаман. Сен худди ўғлим менинг суянчим бўлгани каби, бошқа гулларга суянч бўл. Ўғлим ҳозир хорижда. Ўша ерда ишлайди, мана шу уйчадан тўрт баробар катта уйда ширин-ширин невараларим, келиним билан яшайди. Мен уларни ҳали кўрмаганман. Лекин неварамни худди ўғлимнинг болалигидаги қиёфаси билан тасаввур қиламан. Ўғлим мендан узоқда бўлса-да, мен унга суяниб яшайман. Ўлсам, қабримни тепкилаб кўмгувчи ёлғиз суянчим у. Мана кўрасан, у албатта келади. Келиним ва невараларимни олиб келади. Кейин биз бир оила бўлиб мана шу уйда яшаймиз. Уй бироз кичкина, аммо бизга шу ҳам бўлаверади. Катта хонадонларда файз кам бўлади, дейишади.Майли, ўғлим ва келинимга ўзимнинг хонамни бўшатиб бераман. Мен ошхонага кўча қоламан. У ер ҳам иссиқ, қулай жой. Ишқилиб, ўғлим келса бўлди. Қизим уни келмайди, деб хато қилди. У албатта келади, мана кўрасан...
Бека кўпинча ичидагиларни мана шу тарзда бизга айтарди. Кейин у қолган гуллар билан ҳам бирма-бир гаплашиб чиқди. Сўзларида дард бўлса-да тилидан негадир эркалашга ўхшаб чиқар, бу эса бизни руҳлантирарди. Ташқарида ёмғир ёға бошлади. Бека бизни ҳовлига олиб чиқиб, ёмғир остига қўйиб қўйди. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ёмғир қайси гулга ёқмайди дейсиз. Томчи остида туришданда завқли иш бор эканми бу оламда?!
(давоми бор)...
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.

