Munosabat
“Олий таълим янгиликлари ва ютуқлари” телеграм канали таҳририятига юборилган мурожаат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг “60420200-Давлат ва жамият бошқаруви” бакалавриат таълим йўналиши 2024/2025 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган. Мазкур йўналиш Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган “Олий таълим йўналишлари классификатори”га киритилган. Ушбу йўналиш бўйича таълим жараёни белгиланган давлат таълим стандартлари ҳамда Тошкент юридик университети томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил, 25 июндаги 218 сон буйруғи билан тасдиқланган малака талаблари асосида олиб борилмоқда.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, давлат олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналишларини ташкил этиш учун алоҳида (ҳар бир йўналиш кесимида) лицензия олиш талаб этилмайди.
Мазкур бакалавриат таълим йўналиши бўйича талабалар қабули Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳар йили тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрлари доирасида ҳамда тасдиқланган қабул квоталари асосида амалга оширилади.
Бунда, давлат буюртмаси (грант ўринлар) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 май ПФ-81 ва 19 июлдаги ПФ-36-сонли фармонлари билан тасдиқланган ва тўлов шартнома асосда қабул қилинадиган ўринлар тегишли вазирлик билан келишилган.
Бугунги кунда, университетнинг юридик факультетида талабалар сонининг кўплиги ва факультет учун ажратилган ўқув биноларининг моддий-техник базаси етарли бўлмаганлиги сабабли “60420200-Давлат ва жамият бошқаруви” таълим йўналиши университетнинг “Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти” таркибида ўқув жараёни ташкил этилган. Университетнинг академик ва молиявий мустақиллик ваколатига кўра ташкилий тузилмани ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ваколати мавжуд (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 24-декабрдаги ПҚ-60-сон қарор кичик б) банди).
Мазкур йўналишни битирувчиларига тақдим этиладиган бакалавр дипломида таълим ташкилоти номи, таълим йўналиши номи ҳамда йўналиш квалификацияси кўрсатилади. Битирувчиларга бериладиган бакалавр дипломи Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда тан олинади ва амалдаги “Кадрлар классификатори”га мувофиқ лавозимларда фаолият юритиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-60-сон қарорига мувофиқ, олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий мустақиллик берилган бўлиб, бу доирада янги таълим йўналишларини жорий этиш ваколатли органлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Самарқанд давлат университетда “Давлат ва жамият бошқаруви” таълим йўналиши амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкил этилган. Таълим жараёни белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Талабаларга берилаётган бакалавр дипломи давлат томонидан тан олинади ва уларнинг келажакдаги касбий фаолияти учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.

