Тадбирда университетнинг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев, институт директорлар, факултет деканлари ҳамда кафедра мудирлари иштирок этди.

    Йиғилиш давомида талабаларнинг мустақил таълим билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, замонавий педагогик технологияларни жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, талабалар билим олиш жараёнида дуч келаётган муаммолар, мустақил таълим материалларининг етарли даражада тақдим этилиши ва уларнинг амалий қўлланилиши юзасидан фикр алмашилди.

    Проректор йиғилиш иштирокчиларига талабалар мустақил таълимини ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим тавсиялар ва топшириқлар берди. Хусусан, қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди:

- Талабаларга мустақил таълим олиш бўйича замонавий методик қўлланмалар ва электрон ресурсларни тақдим этиш;
- Университет кутубхоналари ва электрон таълим платформаларининг имкониятларини кенгайтириш;
- Фан ўқитувчилари ва талабалар ўртасида самарали менторлик тизимини йўлга қўйиш;
- Мустақил таълим жараёнида илғор тажрибаларни қўллаш ва чет эл университетлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
- Талабалар томонидан мустақил бажарилган илмий ва ижодий ишларни рағбатлантириш ва натижаларини амалиётга тадбиқ этиш.

    Шунингдек, йиғилиш давомида факултет деканлари ва кафедра мудирларига ушбу масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди. Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида келгуси режа ва таклифлар шакллантирилди.

    Мазкур йиғилиш СамДУда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, келгусида талабалар билим олиш жараёнини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.