Камина  Самарқанд туманидаги  16-ўрта мактабда ўқиганман. Мактабда математикадан қўшимча дарсларимиз (тўгараклар) давомида кекса муаллимимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи С.Нарзиев ўз ўқувчиси Маъруф Исроилов тўғрисида кўп гапириб берарди. Муаллим Маъруф Исроиловни математикадан ажойиб қобилият эгаси эканлиги, меҳнатсеварлиги ҳақида сўзлаб, барчамизга намуна қилиб кўрсатар эди. Маъруф Исроилов шу мактабни битириб, математикадан туман ва вилоят олимпиадаларида ғолиб бўлганликларини ва СамДУ нинг механика-математика факультетини аъло баҳолар билан битириб, Тошкентда математик-олим сифатида ишлаётганликларини ҳали мактабда ўқиётганимдаёқ эшитган эдим. Мен ҳам шундай бўлишни орзу қилиб, мактабда астойдил ҳаракат қилиб ўқиганман.

    СамДУ ни битириб, Москва давлат университетида аспирантурага ўқиётган вақтимда Маъруф Исроилов Москвага келди. Бундан олдин бир неча бор кўришган бўлсак ҳам, Москвада Маъруф Исроилов билан қизғин суҳбат қурганим хотирамда сақланиб қолган. Математика бўйича илмий ишларим ҳақида суҳбатни бошлаган бўлсак, кейинчалик қийинчиликлардан қўрқмасдан, ишлашда давом этишни, яхши натижаларга эришиш мумкинлигини маслаҳат бердилар. Меҳнат қилишдан қўрқмасликни, мақсад сари интилиш зарурлигини уқтирдилар. Суҳбатларимиз чоғида жуда эркин ва демократик дунёқарашга эга бу инсоннинг истеъдодли математик-олим, бағрикенг ва камтар инсон, меҳрибон устоз эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилганман. Ўша домланинг гапларидан хулоса чиқариб, диссертация устида ишлаш ва ҳаётимда биринчи навбатда амалга ошириш зарур бўлган ишларимни ўзимга махсус режа қилиб олган эдим.

    Маъруф Исроилов Самарқанд давлат университетига ишга келиб, ҳисоблаш усуллари кафедрасини мудири бўлиб ишни бошладилар. Мен академик Шавкат Алимовни тавсияси билан Москвада докторантурага ўқиб, докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб қайтдим ва олий алгебра кафедрасининг мудири этиб тайинландим. Устоз билан биргаликда бир куннинг ўзида университет кенгашида кафедра мудирлиги конкурсидан ўтдик ва узоқ вақт ҳамкорликда ишладик.

    Ўша йиллари домланинг кафедраси университетимиз кафедралари орасида етакчи кафедралардан бири эди. У ерда доцентлар М.Суяршаев, С.Амриддинов, С.Шахиди, Т.Мақсудов ва бошқа олимлар ишлар эди. Ҳамкорликда амалга оширган биринчи ишларимиздан бири университетда катта ва кичик математика семинарлари ташкил этиш эди ва профессор Маъруф Исроилов семинар раиси сифатида фаолият олиб борарди. Катта семинарларда Маъруф Исроиловнинг ўзи, мен,  профессорлар Ш.Ярмуҳаммедов, Х.Нарзуллаев, Х.Тўраев, С.Лақаев маъруза қилар эдик. Кичик семинарларда иқтидорли талабалар, кейинчалик магистрлик диссертациялари, ёш олимларнинг ишлари кўриб чиқилса, катта семинарда математикларимизнинг тадқиқот ишлари, қўлга киритган натижалари тўғрисида маърузалар муҳокама этиларди. Маъруф Исроилов раҳбарлигидаги семинарлар жуда қизғин, баҳс, муҳокама тарзда ўтар эди. Устоз маърузачини қўллаб-қувватлар, адолатли маслаҳатлар берарди. Устоз семинарни моҳирона бошқариб, кўп нарсаларни маърузачиларга ўргатганининг гувоҳи бўлганман.

    Маъруф Исроилов чин дилдан, соатлаб меҳнат қилар эди. У киши томондан ёзилган нуфузли “Ҳисоблаш методлари” (1- ва 2- қисм) дарсликлари республикамизнинг “Энг яхши дарслик” танловида 1-ўринни эгаллади. Домлани семинар куни ҳаммамиз ўрнимиздан туриб қутладик, ниҳоятда хурсанд бўлганди. Домлага унинг илмда эришган муваффақиятлари ва фидокорона меҳнатлари учун “Самарқанд давлат университети Фахрий профессори” унвони берилган эди.

    Мен математик талабаларимизга “Сонлар назарияси” фанидан маърузалар қилардим ва бу фан бўйича анча материаллар тўплаганини Маъруф Исроиловичга айтдим. Материалларни кўргандан кейин, ҳамкорликда “Сонлар назарияси” дарслигини ёзишга келишиб олдик. Китобни мустақил ўқиб-ўрганиш учун содда қилиб ёзишни келишиб олдик. Китобнинг ҳар бир бобининг охирги параграфи, шу бобга таалуқли тарихий маълумотлардан иборат бўлиб, бу параграфда асосан Марказий Осиёда ўрта асрларда яшаб ўтган олимларининг қилинган ишлари ҳақида маълумотлар келтирилган. «Сонлар назарияси» китобимиз 1999 йили нашрдан чиқди. 2024 йили қайтадан чоп этилди. Китобни ёзиш жараёнида бир неча маротаба домлани уйларига бориб ишладик. Натижада оилалари билан яқиндан танишдим. Ажойиб характерли, хушмуомала турмуш ўртоқлари ҳар борганимда меҳмон қиларди. Фарзандлари билан танишдим. Ҳамма фарзандлари ниҳоятда одобли, маданиятли, меҳнатсевар бўлиб, бугунги кунда юртимизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатмоқда. Ахир, улар шундай оилани фарзандларида.

    Улуғ устозларимиз ўзларининг фанга, таълимга, илмий изланишларга муносабати, ҳаётдаги инсонийлиги ва камтарлиги билан ўз замонаси ва бугун учун намуна бўлган инсонлар эди. Ана шундай устозлар қаторида профессор Маъруф Исроиловнинг муносиб ўрни бор. Шундай инсонларнинг меҳнатлари самараси ўлароқ СамДУда пешқадам математика мактаби яратилди ва унинг вакиллари бугун янги Ўзбекистон равнақи учун ҳормай-толмай меҳнат қилишмоқда.

 

Аҳмаджон СОЛИЕВ,

физика-математика фанлари доктори, профессор.