“Ўзбекистон тарихи. IX жилд. Самарқанд тарихи. Масъул муҳаррир, нашрга тайёрловчи ва ижодий гуруҳ раҳбари СамДУ профессори Бобур Ғойибов. Айни шу номдаги китоб лотин ва кирилл алифбосида Самарқанд давлат университети тарих факультети олимлари томонидан яратилди. Жамоавий монография Самарқанд шаҳрининг қадимги даврдан то бугунги кунга қадар бўлган тарихини қамраб олган бўлиб, кейинги ярим асрлик хулосалар умумлаштирилган.

    470 саҳифадан иборат макур монография жаҳоннинг қадим шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд тарихига бағишланади. Тадқиқот марказий Зарафшон воҳасининг энг қадимги ва қадим даври, Самарқанд шаҳрининг вужудга келиши ва антик даври, илк ўрта асрлар (V-VIII), ривожланган ўрта асрлар (IX-XIV), Амир Темур ва темурийлар даври, ўзбек хонликлари даври, Россия империяси мустамлакачилиги даври, совет тоталитаризми даври, шаҳарнинг энг янги даври тарихини ўз ичига олади. Монографияни яратишда марказий Зарафшон воҳасининг инсоният цивилизацияси марказларидан бири бўлганлигига, Самарқанд шаҳрининг вужудга келиши ва тарихда турли давлатларнинг маркази сифатида муҳим сиёсий аҳамият касб этганлигига, шаҳарнинг турли даврлардаги маданий жараёнлар марказида турганлигига, минтақа шаҳарлари орасидаги ўрни ҳамда мустақиллик йилларида мамлакат тараққиётига қўшган улушига эътибор қаратилган. Тадқиқот тарихчилар, археологлар, этнологлар ва Ватан тарихи билан қизиққан кенг жамоатчиликка мўлжалланган.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.