Ичимлик сувини сифатини белгиловчи асосий кўрсаткич унинг минераллашуви билан белгиланади. Агар сувнинг таркибида минераллар миқдори 1 грамм/литр бўлса ичишга яроқли ҳисобланади. Ичимлик сувининг асосий манбаи ерости сувлари саналади. Ерости сувларига грунт, қатламлар орасидаги сувлар ҳамда минерал сувлар киради.

Ҳозирги кунда ерости сувларининг сифатига табиий (атмосфера ёғинлари) ва техноген омиллар кучли таъсир этганлиги сабабли ичимлик сувининг сифати пасаймоқда. Сувнинг минераллашувига таъсир қилувчи асосий омил қишлоқ хўжалигида ерларнинг суғориш саводхонлигининг пастлиги ва бунинг оқибатида ер ости сувларининг умумий минераллашув даражасининг кўтарилиб кетишига олиб келмоқда…

Шунингдек, унинг сифат таркибига аграр соҳада фойдаланиб келинаётган нитрат нитрит ва пистисит каби кимёвий моддаларнинг интенсив фойдаланиши таъсир этмоқда. Самарқанд вилоятининг ерости сувлари асосий захираси Зарафшон артезиан ҳавзаси ҳисобланади. Ушбу артезиан ҳавазаси 11 та конга ажратилган бўлиб, улар ичиш учун яроқлидир. Қишлоқ жойлардаги айрим аҳоли мазкур кон сувларидан фойдаланмай, унинг ўрнига гурунт сувларидан фойдаланади. Гурунт сувларининг чуқурлиги 0-40 метргача бўлиб, одатда истеъмол қилиш учун тавсия этилмайди. Аммо аҳолининг бир қисми ушбу сувлардан фойдаланишади. Бунинг оқибатида буйрак, ўт қопи, турли бактериологик касалликлар келиб чиқиб, аҳолининг умумий саломатлигига таъсир қилмоқда.

Биринчи ўринда барча ҳудудларда сувнинг сифати лаборатория текшируви асосида ўрганилиши керак. Ичишга яроқсиз сувни истеъмол қилаётган аҳоли пунктларини тоза ва ичишга яроқли бўлган сув билан таъминлашни технологик усулларини қўллаган ҳолда сифатини ошириш зарур. Бу бўйича махсус сув фильтрларини қўллаш тавсия этилади. Ушбу фильтрларнинг асосий вазифаси сувни  зарарли моддалардан тозалаш ёки етишмайдиган кимёвий элементлар билан бойитишдан иборат. Сувни кимёвий усулда зарарли бактериялардан тозалаш ва шундан кейингина аҳолига ичимлик суви сифатида узатиш мумкин. Ёки ерости сувларининг янги конларини гидрогеологик қидирув асосида аниқлаш ҳамда аҳолини шу орқали сифатли сув билан таъминлаш мумкин.

 

Бахтиёр Мелиев

Самарқанд давлат университети

геология ва гидрометеорология кафедраси мудири, доцент,

Зиё Нормаматов  ўқитувчи.